Лоқайдлик балоси

ёки ҳаммани ўйлантираётган муаммоларнинг ечими қаерда?

 

Менинг болалик ва ёшлигим қиш­лоқда ўтган. Ярим асрдан буён шаҳарда яшаётган бўлсам-да, туғилиб ўсган юртимнинг азиз ва муқаддас бўлиб қолган ҳар бир қарич ери, ҳар бир гиёҳи, фаслларининг ўзига хос чиройи ва ёқимли ҳавоси, кўм-кўк сувга тўлиб ва ўйноқлаб оқадиган катта-кичик ариқлари, уфқларга туташиб кетган ям-яшил далалари, энг муҳими, тонгдан шомгача тиним билмайдиган, аммо на ҳаётидан, на турмушидан ва на рўзғоридан нолишни билмаган беғубор, очиқкўнгил, самимий, бениҳоя камтар, ҳалол меҳнат билан шукур қилиб яшашни одат қилган меҳридарё, ўйнаб гапирса ҳам ўйлаб гапирадиган одамлари, айниқса, кўпни кўрган нуроний отахону онахонлари хаёлим кўзгусида намоён бўлмаган кун камдан-кам.

Бири ўқитувчи, бири шифокор, бири муҳандис, бири боғбон, бири пахтакору бири пиллакор, тарбиячи бўлган қишлоқдошларимни у ёки бу сабаб билан ёдга олиб, қизиқдан-қизиқ суҳбатларини, уруш йиллари ва ке­йинги тикланиш даврида кўрган-кечирганларини эшитганларимни эслаб, бугунги авлод — ўғил-қизларимизу набираларимизга ибрат бўладиган ҳикоялари қалбимда соғинч туйғуларини жўш урдирибгина қолмай, хуш кайфият бахш этар ва бу ўзимга ҳам яхшигина сабоқ бўлмай қолмайди. Чунки, бизнинг ёшлигимиз ана шу ажойиб одамлар орасида — уларнинг кўз ўнгида ўтди. Айниқса, уларнинг саломимизга юзу кўзларидан нур ёғилиб алик олганлари, табассум билан “Илойим, улуғ инсонлар бў­линглар!”, дея дуо қилиб, меҳр билан иш ўргатганлари, кези келганда одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат, яхшилик ва ёмонлик ҳақида жон куйдириб айтган гаплари-ю панду насиҳатлари ҳамиша онгу шууримда бонг уриб, уларни ёш авлод таълим-тар­биясига сингдиришга даъват этиб туради. Бу хайрли ва савоб ишни бурчим билиб, уни виждонан бажаришга ҳаракат қилиб келяпман. Аммо… Ҳа, ҳамма гап ана шу “аммо”да. Чунки шиддат билан ривожланаётган ахборот-технологиялари нафақат ёшларимиз, балки катталаримизу кексаларимизнинг ҳам қўлларига мобил телефони тутқазиб, ундан бош кўтармайдиган қилиб қўйди. Хўш, бунинг фойдаси кўпроқми ёки зарари? Шубҳасизки, бу мобил телефонидан қандай фойдаланишга боғлиқ. Меъёридан оширмай-тоширмай мақсадли фойдаланилса нур устига аъло нур. Лекин унга туну кун ёпишиб олиб, бўлар-бўлмас ўйинларга ғарқ бўлиш, фарзандларимизнинг ахлоқ-­одобу тарбиясига мутлақо ёт бўлган хорижий фильмларга вақт сарфлаш нафақат маънавий, балки жисмоний жиҳатдан ҳам кони зарар. Бу тиббиёт томонидан ҳам бот-бот таъкидланмоқда. Иккинчидан, мобил телефони “таълим-тарбия”сидан катта-ю кичик “билағон”га айланмоқда. Ўқувчи ва талабаларимизни китоб ўқиб, чуқур билим олишини сусайтириб, тайёрига айёрлик қилишга ўргатмоқда. Ғарб ёшларига эргашишга, уларнинг маданиятимиз ва маънавиятимизга раҳна соладиган хатти-ҳаракатларига тақлид қилишга даъват этмоқда. Учинчидан, аксарият ёшларимиз ўтирсалар ҳам, турсалар ҳам мобил телефонидан хорижнинг мантиқдан йироқ бўлган қўшиқларини ҳаёсиз клипларда ҳам тинглаб, ҳам томоша қилиб, миллий мумтоз куй ва қўшиқларимиздан узоқлашиб боришмоқда.

 

Бас, бундай машғулотлар уларни миллатимизнинг минглаб йиллардан буён сайқалланиб, янгича мазмун касб этиб келаётган шарқона одоб-ахлоқ, муомала, кийи­ниш, юриш-туриш маданиятидан тортиб, урф-одат ва анъаналаримизгача бўлган миллий қадриятларимиздан хамирдан қил суғургандек ўз бағрига тортишига асло   йўл қўйиб бўлмайди. Масалага лоқайд қараш маънавиятимизга бўлган бефарқлигимизнинг аломатидир. Бу эса олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, маҳалла ва корхоналарда сон ва ҳисобот учун шунчаки ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар ўрнига ёшларимизни она ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга, мустақил фикрлашга, ғурурли бўлишга, баҳс-мунозарага ундайдиган, уларнинг онгу шуурини миллий ва диний қадриятларимиз дурдоналари билан суғоришга хизмат қиладиган қизиқарли ва таъсирчан учрашувларни янада кучайтиришни тақозо этади. Энди мана бу фикрларга қулоқ тутинг!

Бугун дунёда кечаётган воқеа–ҳодисалар, турли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий “ўйинлар”дан тортиб, катта-кичик урушларгача телевидение ҳамда интернет тармоқларида пешма-пеш намойиш этиб турилибди. Буларнинг ҳаммаси шубҳасизки, одамлар руҳияти, онги, ахлоқ-одоби, маданияти-ю, маънавиятига маълум даражада таъсир этмай қолмайди, албатта. Айниқса, айрим мамлакатлардаги аёл ва эркакларнинг куракда турмайдиган ҳайвоний қилиқлари ҳаммасидан ошиб тушмоқда. Буни кенг тарғиб қилишга бағишланган ўта жирканчли лавҳаларга кўзи тушган шарм-ҳаёли, дину диёнатли-ю, иймонли инсон борки, нафратланмай туролмайди. Агар, ҳар куни неча юз минглаб йигит-қизларимизнинг интернет тармоқларида ишлашини кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, бу масаладан ташвишланмай бўлмайди. Афсуски, бу маънавият ва маърифат тизимларини бошқараётган айрим раҳбарларнинг етти ухлаб тушига ҳам кираётгани йўқ. Чунки, кўпгина таълим муассасаларида, ташкилот ва идораларда маънавиятдан йироқ бўлган, йиллар давомида битта бадиий асар ўқиш у ёқда турсин, қўл остида бўлган даврий нашрлар ва журналларни варақлаб ҳам кўрмайдиган, соҳадаги янгилик ва ўзгаришлардан бехабар, фақат раҳбарининг топшириғини бажариш билан кун ўтказадиган кишилар савлат тўкиб ўтирибди. Бундай “маънавиятчи”лардан изланиш, янгиликка интилиш, натижа учун ишлаш, ташаббус кутиб бўладими?! Қийин, ҳа, жуда қийин.

Самарқанд вилоятида хорижда ишлаётган хотини билан телефонда жанжаллашиб, рашк туфайли ўзининг вояга етмаган уч ўғлини ўлдирган Л. исмли кимса маҳаллада истиқомат қиладими, маҳаллада! Наманган вилоятида ўз эрини бўлак­ларга бўлиб, тилло тишларини қоқиб олиб, арзимаган пулга сотган аёл маҳаллада яшайдими, маҳаллада! Ўқитувчини уриб, афти-ангорини қонга белаган сурхондарёлик одам маҳаллада яшайдими, маҳаллада! Маҳаллаларда содир этилаётган бундай даҳшатли жиноятлар интернет тармоқларида деярлик ҳар куни эълон қилинмоқда. Эй мўмин-мусулмонлар, қани айтинг, бундай жоҳиллик, бундай шафқатсизлик қаердан пайдо бўлди? Ёнимизда бўлган бундай кимсаларни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятга қўл уришга нима мажбур қилмоқда? Улар ҳам шу заминда туғилиб, ота-она тарбиясини олган, мактаб кўрган, бахтли яшаш нияти бўлган шу қутлуғ юрт фарзандлари эмасми? Хўш, яна кўплаб келтириш мумкин бўлган бундай саволларга ким жавоб беради? Халқнинг хоҳиш-истагини сариқ чақага олмай ўзига маъқул бўлган лоқайд бир кишини маҳалла раиси лавозимига ўтқизиб қўйган ҳокимми ёки ўз бурчини тасаввур ҳам қилолмайдиган оқсоқолми? Балки, афсусдан бош чайқаб ўтирган маҳалла аҳли-ю, унинг фаоллари бир нима дер? Маҳаллада рўй бераётган бундай жиноятларнинг асл сабабларини Марказ раҳбарлари, соҳага алоқадор вазирликлар, унинг вилоят, шаҳар ва туманларда фаолият кўрсатаётган қуйи тизилмалари раҳбарлари қандай изоҳлар эканлар? Агар, тизимни бошқарадиган нуфузли ташкилотлар ҳам, раҳбар кадрлар ҳам, уларнинг ходимлари-ю, шароит ҳам етарли эканлигини тан олиб айтадиган бўлсак, унда нега маҳаллаларда жиноят кўпаяяпти? Маҳалла раҳбарларининг лоқайдлигиданми ёки маънавий-маърифий ишларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганиданми? Менимча, униси ҳам, буниси ҳам. Чунки, одамлари аҳил, бир-бирининг оғир-енгилидан, бору йўғидан хабардор бўлган маҳаллада ўзбекнинг имон, инсоф, виждон, ор-номус, андиша,   уят, меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат тушунчалари ҳар қадамда бўй кўрсатиб туради. Табиийки, бундай маҳалла обод ва фаровон бўлади. Одамлари бир-бирига ҳасад билан эмас, ҳавас ва шукроналик билан яшайди.

Бугун аҳли оламнинг хулқ-атвори, онги-шуури, дунёқараши, бир-бирига бўлган муносабати, талаб ва эҳтиёжи кескин ўзгариб, айниқса, океан орти ва ғарб давлатларида маънавият бир четга суриб қўйилиб, турли йўллар билан бойлик орттиришга, кўнгил тусаганини қилишга зўр берилмоқда. Бу жараённи турли дин, турли миллат ва элатга мансуб бўлган халқлар интернет тармоқлари орқали кузатиб, бирлари нафратланаётган бўлсалар, бирлари кўр-кўрона тақлид қилмоқдалар. Ҳатто, айрим давлатлар бундан ўзларининг сиёсий ва иқтисодий манфаатлари йўлида фойдаланмоқдалар. Телевидение ва интернет тармоқлари буни кенг тарғиб қилмоқда. Бу оқимнинг ёқимсиз шабадаси бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Айниқса, унинг таъсири тамагирлигу порахўрлик, давлат маблағларини ўзлаштириш, кўзбўямачилик, талон-торожлик, шунингдек, катта-кичик жиноятларнинг кўпайишида яққолроқ кўрина бошлади. Бундай иллатларнинг авж олиши озми-кўпми маънавиятимизга ҳам чанг солмай қолмаяпти. Аҳвол шу даражага бориб етдики, айрим оилаларда она билан қизнинг, ота билан ўғилнинг гапи-гапига тўғри келмай қолди. Ажралиш­лар кўпая борди. Қўлида дипломи бўла туриб иш топа олмаган ёш мутахассис жиноятга қўл урди. Ишга жойлашиш эса “сиздан угина, биздан бугина”сиз битмайдиган бўлди. Айрим ёшлар ота-онасини қақшатиб, хорижга йўл олди. Бири ёдига тушганда ҳол-аҳвол сўраса, бири шуни ҳам эп кўрмади. Бошқа бирови дом-дараксиз кетиб, ота-онасини куйдирди. Ҳатто, отасининг жанозасига келмагани ҳам бўлди. Аслида бу оғизни тўлдириб, ғурурланиб айтадиган гаплар эмас. Бу жуда-жуда ачинарли ҳол. Ота-оналар ҳам, маҳалла-кўй ҳам, ҳоким ҳам, маънавиятчилар ҳам бош қотирадиган ва қатъий бир қарорга келадиган масалалар. Рос­тини айтганда, лоқайдлигимиз туфайли бундай муаммолар анча четга сурилиб қолди. Айрим мутасаддилар эса “топшириқ”ни бажариш, қоғозбозлик, ҳисоботлар ёзиш билан банд. Начора, сабрнинг таги олтин деган эканлар. Ниятимиз олтинга етмоқ бўлса, сабр қиламиз-да!

Албатта, беш бармоқ баробар бўлмаганидек, чет элда ишлаб, топганини   ота-онасига, оиласига юбориб, дуосини олган, рўзғорини бутлаб, уй-жой қилиб, оила қурган ёшлар ҳам оз эмас. Бундай ёшларимизга бошинг кўкларга етгунча таҳсину тасаннолар айтгинг келади. Шу билан бирга орамизда манманликка борибми ёки ҳаром йўл билан орттирган лавозиму бойлигига ишонибми, кўча-кўйда, таълим-тарбия, маънавият ва маърифат масканларида иззат-ҳурмат билан битадиган ишни жанжалга айлантириб, жиноятга қўл ураётганлар ҳам йўқ эмас. Масалан, болалар боғчаси, мактаб ёки маҳаллада ножўя иш қилиб қўйган болага биров танбеҳ берса, уни тартибга чақирса балога қоладиган бўлди. Ё кони ҳақоратни эшитиб, кайфияти бузилади. Ёки калтак остида қолади. Атрофдагилар эса томошабин. Оғзи ёки қўлига эрк берган одамни ўртага олиб уялтириш, узр сўраттириш ўрнига шов-шув учун мобил телефонларини ишга соладилар. Бировнинг ноҳақ ҳақоратланаётгани ёки мушт еяётгани бундай лоқайд кимсаларни зиғирча бўлсин, ташвишга солмаслиги кишига алам қилади. Қани айтингчи, ўқувчининг ўқитувчига қўл кўтарганини қайси замонда кўргансиз? Фарзандига таълим-тарбия бераётган ўқитувчининг ёқасига ёпишган ота-онани-чи?! Шуми бизнинг устоз деб аталмиш улуғ зотга бўлган чексиз ҳурмат ва муҳаббатимиз? Ўқитувчига бундай беписандлик қилиш таълим-тарбиянинг сусайишига, ўқитувчининг ўз тинчини ўйлаб, ўқувчисига нисбатан “менга нима, билганини қилмайдими?” дейишига, лоқайдлик касалига мубтало қилмайдими? Нега бу ҳақда лом-мим демаймиз? Наҳотки, қўлимизни ювиб қўлтиғимизга уриб бўлдик? Ёки беморга чақиртирилган “Тез ёрдам” шифокорининг кеч келдинг баҳонасида тепкиланишига нима дейсиз? Пулнинг қуд­рати билан бир бегуноҳ бечорани ноқонуний жазога тортиш-чи?   Бизнинг авлод бунақасига дуч келиш у ёқда турсин, ҳатто эшитмаган ҳам. Шуми бизнинг меҳр-оқибатли миллатимиз урф-одат ва анъаналарига содиқлигу садоқатлигимиз? Шуми бизнинг инсонпарварлигимиз, маданияту маънавиятимиз? Ахир, бу бориб турган шармандалик-ку! Хўш, шифокорнинг айби нима? У беморга ёрдам бергани келганмиди ёки дўппослангани? Кеч келганини баҳона қилиб, э йўқ, бе йўқ, уни ҳақоратлаб уриш қайси қонунда ёзилган? Нега қонун доирасида тегишли идораларга мурожаат қилмай, оғзимиз билан қўл-оёғимизга эрк берамиз? Нега?! Шу ўринда аччиқ бўлса-да, бир ҳақиқатни ҳам айтишни истардик. Бундай пайтда қонунга таяниб иш кўриш хаёлимизга ҳам келмайди. Чунки ўзимизга тегишли бўлган қонунларни билмаймиз. Сабаби ўқимаймиз. Бунинг устига ҳалигача қонунларни тизимли ўрганишнинг мехнизми ҳам йўқ! Агар ҳар қандай жиноятга жазо муқаррарлигини ҳар бир фуқаро билганида биз келтирган мисолларга ўхшаш жиноятлар рўй бермаган бўлур эди. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони ҳокимият, вазирлик ва маъмурий идораларнинг фуқаро мурожаатига ҳамон бефарқ қараши. Масалан, ҳоким ёки вазир номига ёзилган ариза рўйхатга олиниб, бир поғона қуйига туширилади, у ердан яна пастроққа… Охир-оқибат мурожаат қилувчи қуйи ташкилотлардан биридан ёки   масалага мутлақо алоқаси бўлмаган бошқа бир идорадан мужмал жавоб олади. Маъмурий идораларда ҳам шу тартиб. Буни бор отангга, бор онангга дейдилар. Ички ишлар вазири номига профилактика инспекторининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари баён этилган шикоят хатига Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосарининг осмондан олиб ёзган жавобига куласизми, куясизми? Агар, фуқаро мурожаат қилган кишисидан қониқарли жавоб олмаса, уни сарсон-саргардон қилишнинг нима кераги бор?! Ҳар куни пойтахтга не-не умид ва ишонч билан вилоятлардан келаётган юзлаб одамлар ариза қолдириб, шундай аҳволга тушишини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Бундан аризани қуйига тушириб юборганга фойдами ёки вақт ва пул сарфлаб, идорама-­идора юравериб тавбасига таянган фуқарогами? Ахир, ҳар бир аризада инсон тақдири турибди-ку! Мурожаатга беписандлик инсонга ҳурматсизлик эмасми? Инсонга ҳурматсизлик қилиш маънавиятимизнинг ночорлигини кўрсатмайдими? Мана энди ўзингиз айтинг, бу муаммоми? Муаммо! Қуйидан юқоригача жиддий ўрганилиши ва самарали тизим яратишга асос бўладиган муаммо. Бу муаммонинг ижобий ҳал этилиши минглаб одамларни сарсонгарчиликдан қутқариш, саломатлигини асраш, вақт ва пулини тежаш имконини берибгина қолмай, муаммо ва шикоят хатларининг кескин камайишига ҳам олиб келиши шубҳасиз. Шу билан бирга одамлардаги лоқайдлик, томошабинлик, “мен сенга тегмай, сен менга тегма” кайфияти ўрнини огоҳлик, бефарқ бўлмаслик, савобли ишга шошилиш, ёмонликдан тийилиб, яхшилик қилиш ва бел боғлаш каби хислатлар ҳаётий заруратга айланиши аниқ. Чунки, норозилик ўрнини розилик, ишончсизлик ўрнини ишонч эгаллайди. Бу одамларни жиноятни кўриб кўрмаганликка олишдан, томошабин тўнини кийиб, уни мобил телефонига муҳрлаб, дунёга достон қилишдан тийинишга ҳам ундайди. Аввал ўйлаб кейин сўйлашга, етти ўлчаб бир кесишга ўргатади.

Мен гапни болалигим ва ёшлигим қиш­лоқда ўтганлигидан бошлаган эдим. Ўн етти йил мобайнида нималарни ўргандим-у, нималар қалбимда муҳрланиб қолди? Ҳозирча бу саволнинг мақолага оид қисмига жавоб бериш билан чеклансам, ушбу ёзганимдан кўзда тутилган мақсад янада ойдинлашар деган умиддаман. Шундай қилиб, мен таълим-тарбияни уч жойда — мактабда, оилада ва колхоз даласида, меҳнат қучоғида олганман. Тушгача мактабда бўлсам, тушдан кейин колхозчилар билан ёнма-ён далада ишлар эдим. Кечқурун мактабда берилган уй вазифаларини бажарардим. Мактаб бир олам бўлса, дала бошқа бир олам, оила эса мактаб билан далага асло ўхшамаган учинчи бир олам. Бироқ, буларнинг ҳаммасида битта қоида: “ТАРТИБ-ИНТИЗОМ, ТАЛАБ, ИЖРО ВА НАЗОРАТ” баралла бонг уриб турарди. Назаримда, бу қоида ҳали эскирмаганга ўхшайди.

Нуриддин ОЧИЛОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 17 =