Болангиз билан нималар ҳақида гаплашяпсиз?

Қотган ёхуд бироз моғор босган нонни, увоқларни ахлат қутисига ташлаётган келинчак… Йўлда юриб кетаётган ҳолида нимадир истеъмол қилиб, қоғозу қутиларини атрофига улоқтираётган ўспирин… Ахлатхоналарда ётган китоб ва газета-журналлар… Кўз олдингизда намоён бўлган ушбу манзаралар нафақат хунуклиги билан, балки буюк неъматларнинг увол қилинаётгани билан дилингизни ғаш қилади. Шундай эмасми?

Бешавқат уруш йилларида болалиги ўтган раҳматли бобом бир воқеани қайта-қайта эсга оларди. Тасаввур қилинг: уруш йиллари, очарчилик, танқислик, йўқчилик, одамлар бир бурда нонга зор бўлган даврлар… Бобом синфдош ўртоқлари билан мактабга — дарсга борар, ҳамманинг қорни оч, қорнига қўшилиб кўзи ҳам очлик палласи. “Битта нонни бир кишининг ўзи еб қўярди”, дерди бобом ўша пайтларни изоҳлаб. Шундай шароитда синфхонанинг бир бурчагида жойлашган мактаб партасининг тагида икки бармоқнинг бир бўғинича келадиган бўлак нонга кўзи тушиб қолибди. Ҳеч ким кўрмасданоқ олиб оғзига солиш илинжида ўша парта томон юрибди.

Нон бўлагига қўл узатган заҳоти бошқа бир бола уни олиб қўйибди. Нон парчасини олган бола устига икки бола ташланибди. Шундай қилиб, бир парча ноннинг устида болалар ёқалашиб кетишибди. Алқисса, бобомнинг кўзи нон бўлагига тушганида, қолганлар ҳам уни илғаб қолган экан. Ҳамма қандай қилиб бўлмасин, шу увоқни оғзига солиш учун курашган экан. Аммо тўс-тўпалон сабаб ҳалиги нон бўлаги кимга насиб этганини билиша олмай қолибди.

Бобом шу воқеани гоҳ кулиб, гоҳо эса жилмайганча айтиб бераркан, ич-ичида нимадир уни безовта қилаётгани шундоққина сезилиб турарди. Ўша туйғу, ўша кечинма, ўша дардни орадан қанча йиллар ўтиб, мана энди англаётгандекман. Булар бобомлар орзу қилган ва Яратган насиб этган тинчлик неъмати, тўқчилик ва тўкинлик даврига шукроналик ҳисси экан. Нон увоғи ҳақидаги тез-тез ёдга олинадиган ва биз эртак, деб қабул қиладиган ҳикоя эса ёш авлод учун тарбия, билим ва улкан ҳаётий тажриба экан.

Бугун-чи? Оила даврасида қайси мавзуларда суҳбат бўляпти? Бобо ва бувилар набираларига нималарни айтиб беришаяпти? Улар айтиб берадиган ҳаётий ҳикоялар, ибратли воқеаларни эшитадиган ёшлар топиляптими? Ота-оналар фарзанд тарбиясига вақт ажрата олишяптими? Ушбу саволлар атрофида фикр юритсак, жавобини ҳар биримиз ўзимиз учун англаймиз. Тўғри, ҳозир давр бошқача, ҳамма ёқда замонавий технологиялар, илм-фан ютуқлари. Болалар ва ёшларнинг вақти беҳуда ўтмаслиги учун турли хил тўгарак ва клуб­лар фаолият кўрсатади. Лекин бир нарсани унутмаслигимиз керак, назаримда: бола пайтимиз бобо-бувимиз ва ота-онамиз айтиб берган эртакларни жон-қулоғимиз билан эшитганмиз, тўғрими? Болаларимиз ҳам уларга эътибор қилсак, меҳр берсак, бизни, албатта, эшитишади. Сабаби уларга айтиб берилаётган ҳар бир мавзу ёдида бир умрга муҳрланади. Ишонмасангиз, синаб кўринг: болага нон ва увоқларини исроф қилса нима бўлиши, кўчага, йўлга турли нарса ва қолдиқларни улоқтириши қандай оқибатларга олиб келиши, кимларнингдир кўз нури сингган, аслида бошқа хунук мақсадлар учун эмас, илму маърифат улашиш мақсадида хизмат қилувчи китоб ёки газета-журналлар ҳақида тушунча беринг, фарзандингиз келгуси сафар шундай вазиятга дуч келганида, албатта, гапларингизни эслайди. Ва ишониб айта оламизки, бу борада ижобий қарор қабул қила олади.

Ҳулкар УЗОҚОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 3 =