Мақсад — халқ ишончини оқлаш
Қонун устувор бўлган давлатдагина юксалиш бўлади. Жамиятнинг эртанги кунга ишончи ортади. Жиноят ва бошқа қонун бузилишлар камаяди. Шу нуқтаи назардан қаралганда, қонун устуворлиги учун хизмат қилгувчиларнинг иши доимо масъулиятли, ҳам шарафлидир. Давлатимиз раҳбари томонидан Янги Ўзбекистон стратегияси олға сурилаётган бир пайтда прокуратура органлари ходимларининг ҳам шу йўлда камарбаста бўлиши, халқ, элу юрт истиқболи учун ҳалол ва виждодан ишлаши давр талабидир. Зотан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида бизнинг фаолиятимиз борасида ҳам устувор йўналишлар белгилаб берилган. Чунончи, “Прокуратура органлари фаолиятининг халқаро стандартларга мувофиқ шаклларини жорий этиш, прокуратура фаолияти ошкоралигини ва унинг жамият олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, прокуратура тизими бошқарувида коллегиал органлар ролини кучайтириш” асосий мақсад-муддаомиздир.
Шу маънода Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан ҳам ҳудудда қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, тегишли фармон ва қарорлар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фикрларимизни шу йилнинг ўтган даври мисолида таҳлил қилсак. Жумладан, туманда 200 дан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 67 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз: узоқ йиллар давомида прокуратурага халқимиз томонидан фақатгина “қораловчи орган” сифатида қараб келинган. Кейинги йиллардаги ислоҳотлар туфайли унинг халққа камарбаста бўла олиш, оқловчилик сифатлари ҳам кўзга ташлана бошлади. Юқоридаги рақамлар, яъни кўплаб юртдошларимизнинг бузилган ҳуқуқлари айнан прокуратура тизими томонидан тиклаб берилаётгани Янги Ўзбекистон сиёсатининг маҳсули десак хато бўлмайди.
Яна рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак: туман прокурорининг қарори ва тақдимномаси асосида 89 нафар шахс интизомий, маъмурий, моддий жавобгарликка тортилди, ноқонуний қарорларга 52 та протест келтирилди ҳамда судларга 5 млрд. 376 млн. сўмлик даъво аризалари қўзғатилган.
Қолаверса, ўтказилган текширув ва жиноятларни тергов қилиш жараёнида 3 млрд. 778 млн. 149 минг сўмлик зарарларнинг ундирилиши ҳамда давлат бюджетига туширилиши таъминланиб, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 20 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилди.
Шу билан бирга, туман прокуратураси томонидан 2023 йилнинг ўтган даврида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан бир неча маротаба тарғибот тадбирлари, шу жумладан, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларда қатнашган 150 нафар тадбиркор ҳамда 52 нафар фермер хўжалигидан 37 нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Иш фаолияти ривожи учун кўмак сўраган 45 нафар тадбиркорга амалий ёрдамлар кўрсатилиб, прокуратура ходимларининг ёрдами билан 24 та тадбиркорлик субъекти янгитдан ташкил этилган бўлса, шундан 11 тасининг фаолияти қайта тикланган.
Севимли шоиримиз, жадидчи аждодимиз Абдулҳамид Чўлпоннинг шундай ажойиб мисралари бор: “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!”. Дарҳақиқат, халқни рози қилиш, унинг дарду ташвишларидан хабардор бўлиш, одамлар орасига кириб бориш бугунги кунда ҳар биримиздан талаб қилинаётган устувор вазифа ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда туман прокуратураси ҳам халқ мурожаатларини ўз вақтида ва самарали ўрганишни йўлга қўйган. Инчунин, жорий йилнинг ўтган даврида 593 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 479 таси бевосита прокуратура ходимлари томонидан ҳал қилиниб, 73 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг ижро этилиши, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш борасида ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Боз устига ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағал аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларни бу тоифадан чиқариш мақсадида аҳолининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада президентимиз жуда тўғри таклиф берганлар: “Зеро, камбағалликни камайтириш — бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга оширишга қаратилган бўлиши лозим”.
Маълумот учун: туман прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор ҳудудида жойлашган 15 та маҳалла фуқаролари йиғинларида 10 023 та хонадон бўлиб, улардаги 12 838 та оилада 55 750 нафар фуқаро истиқомат қилиб келмоқда. “Темир дафтар” бўйича, бу ҳудудда жами 1141 та камбағал хонадон рўйхатга олинган, ушбу хонадонларда жами 1713 нафар фуқаро истиқомат қилиб, бугунги кунда штаб ташаббуси билан улардан 1539 нафар меҳнатга лаёқатли фуқародан 1489 нафари даромадли иш билан таъминланган. Халқ депутатлари туман Кенгашининг сессия қарорлари билан улар доимий даромад манбаига эга бўлганлиги сабабли “темир дафтар”дан чиқарилди.
Бундан ташқари, 123 та камбағал, ночор оилага 6 та 33 млн. сўмлик инкубатор, 3200 та 151 млн. сўмлик парранда олиб берилган. Бу ҳам ушбу оила аъзоларининг оғирини енгил қилишда кўмак берса, ажаб эмас.
Қолаверса, ёрдамга муҳтож хотин-қизларга алоҳида ғамхўрлик қилиш ҳукуматимиз назоратида экани барчамизга маълум. “Аёллар дафтари”нинг ташкил этилгани ҳам шу сўзимиз исботидир. Туманимизда ўтказилган хатлов ва сўровномалар натижасига кўра, 1496 нафар хотин-қизнинг муаммоси мавжудлиги аниқланган бўлиб, бугунги кунда жами 117 нафар “Аёллар дафтар”идаги опа-сингилларимизга кўмак берилди. Жумладан, қарамоғида ногиронлиги мавжуд бўлган аёлларга 1.200.000 сўмдан жами 140 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, бу дафтарга киритилган хотин-қизларнинг меҳнатга лаёқатли бўлган 680 нафарининг бандлиги тўлиқ таъминланишига эришилди. Демакки, улар ҳам энди рўзғорлари учун зарур бўлган моддий маблағни ишлаб топиш имконига эга бўлишди.
Яна бир гап. Ҳар қандай жамият улуғ келажагини қуришда, албатта, навқирон авлоднинг илму урфонига, кучу қувватига суянади. Зотан, Президентимиз олдимизга аниқ вазифа қўйиб берганлар. Яъни, “Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда секторлар раҳбарлари ҳар ҳафтада бир марта ёшлар билан учрашиб, уларнинг ғоя, таклиф ва ташаббусларини эшитиб, муаммоларини ҳал қилишга масъул ва жавобгар” бўлади. Шу маънода туман прокурори раҳбарлигидаги секторда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар қилинмоқда. Чунончи, шу йилнинг январ-май ойларида 2-сектор ҳудудидаги ёшлардан “Ёшлар баланси” шакллантирилиб, шундан “Ёшлар дафтари”га 81 нафар ёш киритилиб, уларнинг 37 нафарига деҳқончилик қилиш учун ер майдонлари ажратиб беришда кўмак берилди. Қолаверса, 35 нафарига тўлов контракт пуллари харажатлари тўлаб берилди. Айримларига тиббий хизматлар кўрсатиш ёки сафарбарлик чақирув резерви харажатлари тўлаб берилишида кўмаклашилди. Бундан ташқари, айрим илмга чанқоқ ёшларга замонавий касбларни эгаллаш билан боғлиқ харажатларига ва меҳнат қуроллари олиб беришда баҳоли қудрат ёрдам кўрсатилди. Мана шундай моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашлар натижасида бугунги кунда туманимиздаги 78 нафар ёшларнинг маълум муаммолари бартараф этилди.
Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш керакки, ёшларнинг потенциалидан унумли фойдаланиш, уларни иш билан таъминлаш муҳим масала ҳисобланади. Инчунин, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Ёшлар дафтари”га кириш бўйича онлайн келиб тушган 91 та мурожаат туман прокуратураси томонидан бирма-бир кўриб чиқилди. Шундан 81 та мурожаат қаноатлантирилган бўлса, қолганлари қонун доирасида ҳал этилди.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам республикамиз бўйича энг долзарб вазифалардан бири экани бор гап. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Бу жабҳада сув ва сувдан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва кодификациялаштириш, бунда сув ресурсларини бошқариш, сувдан фойдаланиш ва уни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этишга алоҳида аҳамият қаратиш керак”. Чиндан ҳам, бу борада ҳали қилиниши лозим бўлган вазифалар бисёр. Айни шу вазифа ижроси мақсадида бизга бириктирилган сектор томонидан бир қанча амалий ишлар амалга оширилди. Хусусан, бугунги кунда 2-сектор ҳудудидаги 15 та маҳалла марказлашган ичимлик суви тармоғига уланган бўлиб, сув таъминоти билан таъминланганлик даражаси 61,2 фоизни ташкил килади. Умуман олганда, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сектор томонидан бир қанча ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, 2023 йилнинг ўтган даврида сектор ҳудудидаги “Жавлон” маҳалласида ишламай турган сув иншоотининг сув насоси жорий таъмирланиб, 500 метр сув тармоғи янгитдан тортилиб, ишга туширилиши натижасида 55 та хонадонда яшовчи 247 нафар оила аъзолари тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлишмоқда.
Бундан ташқари, тумандаги “Арабхона” ва “Бир оғиз” қишлоқларида сектор раҳбарининг ташаббуси билан қўшимча 3,5 км. янги сув тармоғи тортилиб, ишга туширилгани, натижада 200 га яқин хонадонда истиқомат қилувчи 1430 нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминлангани эътиборли иш бўлди. Шунингдек, “Дўстлик” маҳалласи “Амир Темур берк” кўчасининг яроқсиз ҳолатга келган сув тармоғининг 100 метр қисми янгиланди. Шуни ҳам айтиш жоизки, айни кунларда 8 та маҳаллада тоза ичимлик сув учун тармоқ тортиш ишлари амалга оширилиб, аҳоли хонадонларига тоза суви таъминоти йўлга қўйилишига ёрдам берилди.
Халқнинг розилигига эришмоқ йўлидаги яна бир ҳаракатимиз электр энергияси билан боғлиқ. Сир эмаски, бу тизимда ҳам муаммолар етарлича. Шу боис, туман прокурори раҳбарлигидаги сектор ҳудудидаги айрим муаммоларга барҳам беришга киришилмоқда. Боиси иссиқ кунларку майли, серқуёш ўлка фарзандимиз, кўнамиз. Аммо ўтган йилдагидек яна аномал совуқли қиш қиличини ёлонғочлаб келса, кўпчилик азият чекиши мумкин. Шунинг учун айни шу кунларда 322 дона эскирган ва яроқсиз ҳолатга келиб қолган симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди. 4 дона янги трансформатор ўрнатилиб, 31 та трансформаторлар жорий таъмирланди. Қолаверса, 2,3 км. эскирган электр симлари янгисига алмаштирилди, 1650 метр масофага янги электр тармоғи тортилиши назоратга олиниб, ижро қилинди.
Йўл қурилиши, таъмирланишига оид юмушлар ҳам асосий эътиборимиздаги масалалардандир. Чунончи, жорий йилнинг ўтган даврида секторимиз ҳудудидаги жами 2,9 км.га асфальт қопламаси, 11,4 км. йўлга тош-шағал ётқизилди. Жумладан, “Кадан”, “Чароғон” ва “Қиёт” маҳалласида 4,9 км. ички йўлларида тўлиқ асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилган бўлса, “Чуянчи”, “Чарағон, “Қиёт”, “Муллатоғай”, “Кадан” ва “Муллакўрпа” маҳаллаларидаги 11,4 км. ички йўллар тош шағаллар билан қопланишига ҳар томонлама кўмак берилди.
Аҳолини иш билан таъминлаш бўйича 2023 йил 2-сектор ҳудудидаги маҳаллаларда ўтказилган хатловларда жами 21241 та ишчи кучи мавжудлиги аниқланган эди. Шундан туман прокуратураси ва 2-сектор штаби ташаббуси билан аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, унда секторимиз ҳудудида яшовчи 122 нафар фуқаро корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилган. Бу, албатта, ҳали мақтаниладиган рақамлар эмас. Аммо таъкидлаш жоизки, ишсизлар сонини камайтириш, аҳолининг бандлигини ошириш борасидаги ҳаракатларимиз давом этмоқда.
Энг муҳими, юқорида ҳам айтиб ўтганимиздек, туман прокурорига бириктирилган сектордаги инсонларнинг орасига кириб бориш, уларнинг муаммо ва камчиликларидан хабардор бўлиш, зарур кўмакларни бериш асосий вазифамизга айланган. Шу йил ҳисобида бириктирилган ҳудудда 20 маротаба сайёр қабуллар ўтказилган бўлиб, ушбу сайёр қабулларда 173 мурожаатлар рўйхатга олинган. Шундан 137 таси қаноатлантирилиб ижобий ҳал қилинган, 27 тасига тушунтириш берилган ва 9 таси ижрога қаратилганини эсламоқ жоиз. Мисол учун, “Ёдгорхўжа” МФЙда ўтказилган сайёр қабулда фуқаро Маманов Эркин томонидан “Даёравот” кўчасининг 600 метр қисмига тош тўкиб беришда бизга ёрдам сўраб қилган мурожаати ижобий ҳал қилиниб, ҳомийлик ва ҳашар йўли билан йўл тўлиқ шағаллаштирилиб берилди. Шунингдек, “Чарағон” МФЙда ўтказилган сайёр қабулда Зайниддинов Сайқал даъволаниши учун дори-дармон олиб беришда кўмак сўраганида унга ҳам ҳомийлик ҳисобидан барча қиммат дори-дармон воситалари олиб берилиши таъминланди. Шунингдек, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури бўйича мурожаат қилган фуқароларга 7 млрд. 726 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиб берилишига ҳам кўмаклашилди.
Тўғри, халқимизда “Ўнг қўлинг қилган яхшиликни чап қўлинг билмасин”, деган пурмаъно гап бор. Биз юқоридаги маълумот ва рақамларни кимларгадир мақтаниш ёки бошқа мақсадларда мисол келтирмадик. Ниятимиз жорий йилнинг ўтган даврида фаолиятимизни сарҳисоб қилиш, қайсидир маънода юртдошларимизга ҳисобот беришдир. Зотан, қилган ишларимиздан ҳали режаларимиз кўпроқ. Энг муҳими, сўнгги йилларда прокуратура тизимига нисбатан халқнинг ишончи ошиб бораётгани, бизни фақатгина “қораловчи”, жазоловчи ўрнида эмас, мурожаатларини тингловчи, ҳуқуқлари бузилишларининг олдини олувчи тизим сифатида таниб боришаётгани қувонарлидир.
Албатта, прокуратура органи биринчи навбатда жойларда қонун устуворлигини, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашга масъулдир. Аммо шу билан бир қаторда одамларни қийнаётган, ўйлантираётган ҳар қандай муаммо, мурожаат учун бефарқ бўлмасликни талаб этади. Айтайлик, фуқароларнинг оддий бир маиший муаммосини эшитиб, кўриб туриб “бу бизга тааллуқли масала эмас” дейиш сира мумкин эмас. Зеро, Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга камарбаста бўлиш, халқ ишончини оқлаш — катта бахт.
Шуҳрат ХОЛМИРЗАЕВ,
Каттақўрғон тумани прокурори