Фахрий журналистлар эътибор ва эъзозда

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” бош ғояси остида жорий йилнинг 15 август – 5 сентябрь кунлари “Фахрий журналистлар эътибор ва эъзозда” акцияси ўтказилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад журналистика соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган, айни пайтда фаолиятини давом эттираётган, кексалик гаштини сураётган устоз журналистлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам беришга қаратилган ишларни янада жонлантиришдан иборатдир.

Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари томонидлан мазкур акция доирасида матбуот ва оммавий ахборот воситалари ривожига муносиб ва ибратли хизмат қилган, бугунги кунда ҳам ҳурмат-эътиборда бўлиб, ёшларга устозлик қилиб келаётган юртимизнинг 70 нафарга яқин фахрий журналистлари ҳолидан хабар олинди, уларга уюшманинг совға-саломлари топширилди.

– Уюшмамиз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланган устоз журналистлардан хабар олиш, уларнинг кўнглини олишга қаратилган бу борадаги ишлар нафақат акция доирасида, балки йил давомида амалга оширилади.

Оммавий ахборот воситаларида кўп йиллар давомида самарали фаолият олиб борган фахрий журналистларнинг бой тажрибаси, ижодий маҳоратидан унумли фойдаланиш ёш журналист кадрларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва соҳа ривожига хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов.

Дарҳақиқат, фахрий журналистлар орасида ўз касбига содиқ, оммавий ахборот воситаларида ҳамон долзарб мавзуларни ёритиб келаётган, журналистика соҳасига доир янги китоблари чоп этилаётган, ёшларга устозлик қилаётган табаррук ёшли фидойи ижодкорлар борки, уларнинг ижтимоий фаоллигига, касбий маҳоратига, ижодий куч-ғайратига ҳавасингиз келади. Шундай устозлардан бири таниқли журналист Абдусамад Исоқовдир.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Х.Салимов куни кеча “Фахрий журналистлар эътибор ва эъзозда” акцияси доирасида Абдусамад Исоқов хонадонида бўлди, устозга уюшманинг совғасини топширди.

— Ёш ўтаверганидан одам эътиборталаб бўлиб, айниқса, ҳамкасбларнинг меҳрига, суҳбатига кўпроқ муштоқ бўлар экансан, – дей­ди А.Исоқов. – Очиғи, келганларингдан жуда хурсанд бўлдим.

Айтиш жоиз, устоз Абдусамад Исоқов ҳозирда ҳар ойнинг еттинчи санасида ўзи ишлаган радиога бориб, ёш журналистлар билан суҳбатлашади, уларга ўз тажрибасидан келиб чиқиб йўл-йўриқ кўрсатади. Соҳага энди кириб келган йигит-қизларга маслаҳатлар беради.

Шу ўринда 83 ёшли фахрий журналистнинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташласак. Абдусамад Исоқов Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. Ўзбекистон радиоси “Болалар” таҳририятининг “Келажак тонги” эшиттиришида 1958 йилдан қатнаша бошлаган. 1965 йилдан то 2008 йилга қадар Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Сўнгги ахборот”, “Саноат”, “Тошкент”, “Сиёсат” таҳририятларида муҳаррир, бўлим бош­лиғи, бош муҳаррир, Ўзбекистон радиосининг дастурлар дирекцияси, компаниянинг Маҳаллий телерадиоэшиттиришлар бошқармаси раҳбари, телерадионинг сиёсий шарҳловчиси лавозимларида фаолият олиб борган.

Таниқли журналист А.Исоқовнинг юзлаб очерк ва мақолалари матбуотда эълон қилинган. Кўплаб телерадиоочерклари, ҳикоялари, интермедиялари эфирга берилган. “Журналистнинг машаққатли ва завқли ҳаёт йўли”, “Эзгулик истаб” номли китоблари чоп этилган.

Кексаларни эъзозлаш, ёши улуғларга ҳурмат-эътиром кўрсатиш халқимизга хос фазилат ҳисобланади. Демак, “Фахрий журналистлар эътибор ва эъзозда” акцияси якунланган бўлса-да, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан устоз журналистлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам беришга қаратилган эзгу амаллар давом эттирилаверади.

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси Ахборот хизмати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four − 2 =