Қурилишдаги хавотиримизга асос йўқ(ми?)

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мутассадилари саволларимизга жавоб беришди

 

Хабарингиз бор: газетамизнинг шу йил 6 сентябрь, 34-сонида “Қурилишдаги хавотир. Ўзидан-ўзи қулаб тушаётган бинолар огоҳликка чорламаяптими?” сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Аввало, ўз вазифасини сидқидилдан бажараётгани учун вазирлик ахборот хизмати ходимларига раҳмат. Негаки, мақола чоп этилиши билан бизга қўнғироқ қилиб, “хавотир”имизга сабаб бўлаётган барча саволларимизга жавоб берувчи мутахассисларни чақириб, суҳбат уюштириб беришларини айтишди. Бажонидил рози бўлдик. Сабабки, очиқ мулоқот бор жойда мавҳум саволларга ҳожат қолмайди.

Келишилганидек, айтилган кун ва вақтда Вазирлик биносида учрашув ташкиллаштирилди.

Сўнгги йилларда бутун Республикамиз бўйича кўплаб кўп қаватли уйлар, кўркам осмонўпар бинолар қурилди. Уй-жойга эҳтиёжманд оилалар “ватанли” бўлди. Бу, албатта, ҳаммамизни қувонтиради. Аммо хавотиримиз ана шу биноларнинг сифатидан эди. Шу боис, Давлат назоратига масъул бўлган суҳбатдошларимизга энг биринчи ва асосий саволимиз қуйидагича бўлди: “Сизга наинки пойтахт, балки юртимизнинг исталган вилоятида қурилган кўп қаватли уйлардан хонадон беришса, онангиз, отангиз, фарзандларингиз билан ўша ерда бехавотир яшармидингиз?”

Шу савол билан, энг аввало Вазирликнинг қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий тадқиқот институти директори ўринбосари Абулқосим Абдухолиқовга юзландик. У киши бино тайёр бўлгунича бўлган барча жараёнларни батафсил тушунтиргач, янги қурилаётган биноларнинг зилзилабардошлиги ҳам тўлиқ назорат қилиниши, яъни 9-10 балгача зилзилага биноларимизнинг бардош бериши ҳақида маълумот бердилар. “Яқинда янги тартиб киритилди. Биласиз, Ўзбекистон республикаси фанлар академияси Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги зилзилабардошлиги институти бор. Эндиликда нафақат қурилиш вазирлигидаги экспертиза мутахассислари, балки бу институт ҳам бино лойиҳасига зилзилабардошлик бўйича ўз хулосасини берадиган бўлди”, — деди А.Абдухолиқов. Аммо, аввалги, мақолада айтилганидек, айрим бинолар зилзила бўлмаса ҳам (Аллоҳ асрасин) шунчаки қулаб тушяптику. Бу гапимизга халқ мақоли эслатилди, яъни “гуруч курмаксиз бўлмайди”. Биноларнинг жуда тез фурсатларда қуриб, фойдаланишга топширилаётгани, бунда сифат қай даражада бўлиши ҳақидаги саволимизга эса Вазирликнинг Архитектура ва шаҳарсозликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Анваровдан қуйидагича жавоб олдик: “Бугунги кунда (тарихдагидан фарқли равишда) замонавий қурилиш материаллари билан тез ва сифатли бино қуриш имконияти бор. Бунда тез қуриш иншоотнинг сифатига ножоиз таъсир қилмайди. Мисол учун, тегишли таркибли бетон қоришмаси асосида бир ҳафтада кўп қаватли уйнинг бир қаватини қуриб бўлиш мумкин”. Шу ўринда туғилган саволимиз: қурилиш материалларининг сифати ҳақида суҳбатдошларимиз улар ҳам тегишли назоратлардан ўтишини айтишди. Аммо… ўтган ҳафтада эълон қилинган мақоламизда келтирилган мавзу — Тошкентда яқинда қулаб тушган кўприк ёки Жиззаҳда қулаган кўп қаватли уй ҳақида-ку, майли, сўрамадик, аммо Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиалидаги фаоллар залининг шифт қисмига ўрнатилган темир-бетон плитаси тушиб кетгани оқибатида 6 нафар талаба қиз тан жароҳати олган эди. Айни шу ҳолат бўйича мутахассисларнинг фикрларини билмоқчи бўлдик. “Мен воқеа жойига бордим, — деди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Алижон Соатов. — Бинони ўз кўзим билан кўриб келдим. Бу ҳолатда, менимча, ҳамма тегиш­ли ташкилотлар айбдор. Чунки қурилиш жамоавий иш. Давлат назорати сифатида бизда ҳам айб бор. Ҳозир прокуратура ўрганяпти. 2007-2008 йилларда ким масъул бўлган, нима учун бундай ҳолат бўлгани аниқланади, албатта. Мен кўрдим: битта арматурада “заводской дефект” бор, шекилли. Ярми узилганига анча бўлган экан арматуранинг. Мен шу арматура сифатсизлиги учунгина шундай ҳодиса бўлган, десам бу нотўғри бўлади. Ҳозир экспертиза давом этяпти. Хулосасини беришади улар. Лекин агар қурилиш материалида айб бўлса, бунда пудратчининг ички назорати материалнинг сифатини текшириши керак эди. Техник назоратчи текширувидан сўнггина материал ишлатилиши лозим. Бунда давлат назоратининг вазифаси бу ерда тегишли назоратчи мутахассислар бўлишини таъминлаб беради. Шу мутахассислар борми, ишлаяптими, шуни кўради”.

Алқисса, мавзунинг ичига чуқурроқ кирганингиз сайин айрим хавотирлар босилиб, айримлари “виждон” омилига боғлиқ бўлиб тургани кўриниб қолади. Мақола бошида берган саволимизни эса давра суҳбати ниҳоясида яна бир марта бериб, жавоб олдик. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи ўринбосари “Албатта, онам, болаларим билан янги қурилган уйда яшардим, фақат… Ўша уй “улушдорлар реэстири”га кирганлигига ишонч ҳосил қилар эдим”.

Эҳ! Мана сизга яна савол: Хўш, “улушдорлар реэстири” нима ўзи?

Бу саволга Вазирликнинг ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов жавоб берди: “Фуқаролар қурилиши бошланган уй-жойларнинг қурилишга рухсат берувчи ҳужжатлари, лойиҳа ва экспертиза ҳужжатлари билан танишиб чиқиш учун уларни талаб қилишга ҳақли. Бунда фуқаролар қурилиш мажмуасининг тегишли тартибда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг электрон платформасидан, яъни https://mc.uz/oz/activity/ulush-platformда рўйхатдан ўтганлигини кўришлари лозим бўлади”.

“Бу платформада рўйхатдан ўтмаган бинолар ҳам борми?” деган саволимизга суҳбатдошларимиз баъзан айримлар қонунни айланиб ўтишга ҳаракат қилаётгани ёки содда одамларимизни алдашга уринишаётгани ҳақида гапиришди. Умуман олганда, бола-чақаси билан хотиржам яшаш учун биз суҳбатда бўлган масъуллар айнан шу рўйхатда бор уйлардан харид қилиш лозимлигини айтиб ўтишди. Бизда эса ҳали яна қанча саволлар бор… Фурсати келса, мавзуга яна батафсилроқ қайтамиз.

Ситора ТОЖИДДИНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 5 =