Эзгу ташаббус

Нуфузли адабий газета “Ўзбекистон ада­биёти ва санъати” газетаси ҳамда Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида таълим соҳасида янги бир эзгу ташаббус йўлга қўйилди. Унга кўра, Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида намунали фаолият кўрсатаётган, ҳамкасблари, ўқувчилар ва ота-оналар ҳурматига сазовор бўлган фидойи ўқитувчиларнинг ибратли фаолияти газета саҳифаларида мунтазам ёритиб борилди ҳамда улар асосида Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида “Зилол булоқ” нашриёти томонидан 1000 нусхада кирил ва лотин алифболарида “Мактаб – менинг ҳаё­тим” деб номланган очерклар ва мақолалар тўплами нашр этилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ҳаммамиз азиз фарзандларимиз ҳаёти ва тақдирини ўқитувчи ва мураббийларга ишониб топширамиз. Мана шундай беқиёс бойлик посбонлари, келажак бунёдкорлари бўлган бу мўътабар зотларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз керак”, деган сўзлари билан бошланадиган мазкур китоб Янги Ўзбекистон таълим тизими, хусусан, умумтаълим мактаблари тизимида муҳим янгиланиш жараёнларидаги ўзгаришлар марказидаги оддий мактабларнинг тажрибали ўқитувчилари турганини кўрсатиб беради. Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида намунали фаолият кўрсатаётган, ҳамкасблари, ўқувчилар ва ота-оналар ҳурматига сазовор бўлган фидойи ўқитувчиларнинг ибратли фаолиятини кўрсатиш асносида республикамиздаги барча олийқадр устозлар ҳаёти ҳақида янги асарлар яратиш ташаббусини илгари суради.

Эътиборли жиҳати шундаки, “Мактаб – менинг ҳаётим” тўпламидан жой олган очерк ва мақолалар Муҳаммад Али, Адҳамбек Алимбеков, Шойим Бўтаев, Ҳаким Сатторий, Ҳумоюн Акбар, Муҳиддин Омон, Туроб Ниёз сингари таниқли ижодкорлар билан бир қаторда Шуҳрат Азизов, Ҳулкар Ҳотамбоева каби улар изидан бораётган иқтидор соҳиблари қаламига мансуб. Бугунги кунда таълим соҳаси ютуқлари билан бир қаторда ундаги муаммоларни ҳам ўз ичига олгани туфайли ҳам бу китоб илк тажриба сифатида катта аҳамият касб этади.

Ҳулкар ҲОТАМБОЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 7 =