Абдулла Қодирий уй-музейида

Буюк адибимиз, Ўзбек романчилиги асос­чиси Абдулла Қодирий  яшаб ижод қилган уй бугунги кунда уй-музейи бўлиб, ўз бағрида турли тадбирларни ўтказиб, келажак авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, китобсеварликни тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Яқинда ушбу даргоҳда газеталарга бағиш­ланган “Газета – ўқиш учун чоп этилади” номли китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Муаллиф Камбағалликни қисқартириш ва банд­лик вазирлиги масъул ходими, ижодкор Алишер Тоиров.

Тадбир Шайхонтоҳур туман ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Китоб тақдимотида Абдулла Қодирий уй-музейи раҳбари Хондамир Қодирий, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Бобур Бобомурод, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Носир Тоиров, меҳнат фахрийси Раҳим Одилов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Маҳмудхон Тоиров сўзга чиқиб, китоб мутолаасининг инсон ҳаётидаги аҳамияти тўғрисида мактаб ўқувчиларига, ота-оналарга сўзлаб беришди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Бобур Бобомурод “Газета – ўқиш учун чоп этилади” китоби тўғрисида қуйидаги фикрларни билдирди: “Мен Тоировлар оиласини яхши биламан. Барчалари ўқимишли, китоб, журнал ва газетанинг қадрига етадиган зиёли, олим одамлар. Бу каби оилада китоб ёзмайдиган ижодкорнинг бўлиши гумон. Албатта, Алишер газеталарга бағиш­ланган китобни ёзиши керак эди. Ёзди ҳам. Ушбу китобни мутолаа қилиб, болалигимни эсладим. Раҳматли онажоним ердаги газетанинг бир парчасини ҳам авайлаб олиб қўярдилар. Ҳарфнинг ҳам уволи бор, дердилар”. Бобур Бобомурод тадбирда иштирок этаётган ота-­оналарга мурожаат қилиб, фарзандларга кўпроқ китоб туҳфа қилишни анъанага айлантиришга ундади ва қуйидаги “Кутубхона” номли шеърини ўқиб берди.

Кўчамизга қараймиз,

Катта бизнинг кўчамиз.

Турфа эшиклар қатор,

Қайси бирин очамиз?!

Қадамда шаробхона,

Оралаб кабобхона,

Лек, афсус, топилмайди

Битта ҳам китобхона.

Бор ҳоким – жанобхона,

Ҳам қози – жавобхона.

Учрамайди, лек, аттанг,

Бир китоб – савобхона.

Дорихона ҳам бисёр,

Гўё бутун эл бемор.

Қалбга шифо бўлгучи –

Кутубхона йўқ бекор.

Маърифат тутиб, хона,

Дардларин ютиб, хона.

Туради кутубхона –

Интизор, кутиб хона…

Кўчамизга қараймиз,

Шуми бизнинг кўчамиз?

Кутубхона бўлмаса –

Бу кўчадан кўчамиз.

Китоб муаллифи Алишер Тоиров йиғилганларга китобни ёзишга ундаган сабаблар тўғрисида сўзлаб бериб, газеталарни севишга, ўқишга чорлади. Газеталар одамзод ҳаётида муҳим ўринга эгалигини таъкидлади.

Тадбир якунида ташриф буюрган барча меҳмонларга муаллиф китобидан туҳфа қилди.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + eight =