Билим худди имон кабидир!

Буюк олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига муносиб икки совға

Она диёримиз инсоният тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Маҳмуд Чағминий, Имом ал-Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Ҳафз Кабир Бухорий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний каби кўплаб буюк даҳоларга бешик бўлган. Аждодларимиз дунё илм-фанининг, илк мусулмон Уйғониш даврининг маёғини тутган эдилар. Улар орасида Абу Райҳон Берунийнинг алоҳида ўрни бор.

Бугун мамлакатимизда аждодлар меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида фахр этишга арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг 25 августида “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинган эди. Қарор ижросини таъминлаш ва буюк бобокалонимизга бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишда тарихчи олимлар билан бир қаторда ижодкорлар ҳам муносиб ҳисса қўшдилар. Шу маънода фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраевнинг “Беруний – инсониятнинг буюк мутафаккири” китоби ҳамда Ўзбекис­тон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Абу Райҳон Беруний” тарихий-биографик романи юзага келди.

Маълумки, Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний (973-1048) файласуф, математик, астроном, астролог, тарихчи, адабиётшунос, шоир, этнограф, сайёҳ, таржимон, доришунос сифатида ўнлаб касбларни ўзида мужассам этган ва нафақат ўзбек элининг ёки Марказий Осиё халқларининг, балки бутун инсониятнинг фахри ифтихори саналади. У математик, астрономик, географик фанларнинг фундаментал ғояларини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнаган бўлиб, геодезияга, минералогияга, ўсимликшунослик, фармакогнозияга асос солган ҳамда топонимика, этнография, этногенезия, геология, география, тригонометрия, сферик геометрия, оптика, физика, картография ва бошқа табиий-илмий фанларга оид салмоқли концепцияларни ишлаб чиққан қомусий мутафаккирдир. Беруний XI асрда ер юзининг диаметрини бугунги ўлчовларга яқин бир тарзда ҳисоблаган, ўз тадқиқотлари билан Ғарбда машҳур бўлган Ньютондан аввал ернинг тортишиш кучи ҳақида хабар берган ва Галилейдан олдин ернинг шар шаклида эканлигини айтган буюк даҳодир! Ҳаёти мобайнида 150 дан ортиқ асар ёзиб қолдирган. Бундан кўринадики, академик Игнатий Крачковский: “Беруний қизиққан соҳаларни санаб чиққандан кўра, қизиқмаган соҳаларни санаб чиқиш осонроқ”, деб, америкалик тарихчи Жорж Сартон: “Дунё фани тарихида XI асрнинг биринчи ярми Беруний давридир. У ўз замонасининг улуғ олими бўлибгина қолмай, балки ҳамма замонларнинг ҳам энг улуғ сиймосидир”, деб бежиз эътироф этмаган. Ана шундай буюк аждодимиз ҳаёти ва илмий меросини ҳар томонлама ўрганиш, ёш авлодга етказиш илм аҳли, зиёлилар учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Атоқли файласуф Бахтиёр Тўраевнинг узоқ йиллик илмий изланишлари, буюк аждодларимиз ҳаёти ва илмий меросига оид тадқиқотлари натижасида юзага келган “Беруний – инсониятнинг буюк мутафаккири” китобида алломанинг ҳаёти, таваллуди, устозлари, у яшаган давр муҳити, асарлари, уларнинг яратилиши, Берунийнинг илм-фанга қўшган муносиб ҳиссаси, илмий меросидан намуналар, ўз даврида даҳони эътироф этган, содда қилиб айтганда, унга тан берган дунё олимларининг фикрлари, асрлар давомида Беруний ҳаёти ва илмий меросини ўрганиб келган мутахассислар, бугунги берунийшуносларнинг тадқиқотлари ҳақида сўз боради. Китоб ана шундай фундаментал характерга эга бўлиб, у нафақат илм аҳли, ёш мутахассислар, балки кенг китобхонлар учун қимматли манбадир.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон яратган “Абу Райҳон Беруний” тарихий-биографик романи эса тамомила ўзгача дунё. Шу кунгача қатор ҳикоялари, қиссалари ва “Озод”, “Боқий дарбадар”, “Генетик”, “Маъсума”, “Алишер Навоий”, “Билга хоқон” каби романлари билан китобхонлар қалбидан чуқур жой эгаллаган ёзувчи буюк аждодимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб яратган ушбу романида юртимизда Биринчи Ренессанснинг юзага келиш сабаблари ва шарт-шароитлари, улуғ мутафаккир бобомизнинг порлоқ шахсияти, ёшларимизга ўрнак бўладиган жиҳатлари ҳақида ҳикоя қилади. 13 қисмдан иборат мазкур романни ҳикоя услуби, бадиий тасвир воситалари ва адибнинг сўз қўллашдаги маҳорати жиҳатдан ҳам замонамизнинг яхши асарларидан дейиш мумкин. Унда X-XI асрда Мовароуннаҳр ва Хуросонда юз берган тарихий воқеалар, жасур ва мард саркардалар – Алптегин, Сабуктегин, султон Маҳмуд ва Масъуд Ғазнавий каби шахслар ҳаётига оид воқеалар қизиқарли тарзда баён этилган.

Муаллиф асарда аввалги битикларида қўлламаган янги бир услубга қўл урган. Романда воқеалар Абу Файз лақабли Абдуллоҳ Райёний номидан ҳикоя қилинади. Тоғнинг маҳобати узоқдан яхшироқ кўринади, деганларидек, Берунийнинг ҳаёти ва салоҳияти, беқиёс тафаккури Абу Фазл нигоҳи билан янада теранлашади. Китоб аввалида Абу Фазл: “Бу асаримда иззатга сазовор турли кишилардан ҳикоя қилган бўлсам-да, барчасининг подшоси бир кишидир!” — дея билим қопқаларини очган Берунийни юксакка кўтаради ва то асар охиригача унинг буюклигини тўла очиб беради. Беруний каби буюк зотларни етиштирган муҳитни улуғлаб: “Бундай музаффарона ишларни қилмаган ёки қила олмаган султонлар афсус ва надомат бармоғини тиш­ласинлар! Диёнат ва билим йўлида салтанат иқтидорини сарфлаган ҳукмдорларга эса Тангрининг саломлари бўлсин!”, — дейди. Бу даъват бугунги кунда аждодларга муносиб йўл тутаётган ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган Янги Ўзбекистон стратегиясига ҳамоҳанг жаранглайди.

Аҳамиятлиси шундаки, Исажон Султон асарда воқеаларни қаҳрамонлар тилидан ҳикоя қилар экан, Берунийни оҳанжама таърифларга ўраб-чирмаб ташламаган. Уни – узун бўйли, қуюқ қора қошли, кўзларида ўсмирларча самимият ва софлик уфуриб турган, ҳамиша қўли кўксида, ҳали ўсмирлик чоғларидаёқ араб, турк, юнон ва сурёний тилларини биладиган, “Аллоҳга қасамки, ёруғ оламда жоҳилдан кўра зарарлироқ яратиқ йўқ экан” деган хулоса чиқарган ва устозлари, ўша давр султонлари томонидан тилла-кумуш, от ва шунга ўхшаш қимматбаҳо совғалар берилганда, барчасини рад этиб, фикру зикри илмда бўлган муаззам сиймо сифатида гавдалантиради. Асарда ўзбек давлатчилигида муҳим аҳамият касб этган собийлар, ҳарронийлар, зардуштийлар, монийлар, маздакийлар, ҳатто қарматийлар ҳақида маълумот бериш билан бир қаторда, Мовароуннаҳр ва Хуросон шаҳарларини таъриф этар экан, Райнинг дунёда энг тез учар оқ тусли лочинлари, Дамашқ ва Журжоннинг оқ тиллалари, Арнан тоғи этагидан қазиб олинадиган ўта зич олтинлари ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Берунийнинг Райда ихтиро қилган тарозиси, илм мажлисларида сув суюқликдан буғ ёки муз шаклга ўтиши, она қорнидаги лахта қон инсон шаклига ўтишини асослаб берганлиги, 24 ёшидан бошлаб, ер юзида яшаётган ёки ҳалок бўлиб кетган халқларнинг билимларини жамлаб, “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” номли бебаҳо асарни ярата бошлаганлиги ва йил ҳисоблари, буржлар, тақвимлар, умуман, башарият йўли ҳақидаги маълумотлар қизиқарли ҳикоя қилинган. Беруний ушбу шоҳ асарини тугаллаш арафасида саройнинг бир мўътабар кишиси зиёфатга таклиф этганида: “Ундай давраларни кўнглим тусамайди. Мен ҳатто бир неча ойлик озуқамни ғамлаб, ҳужрамга кириб, то озуқам тугамагунча бировнинг кирмаслигини орзу қиламан. Тез орада сенинг олдингга “Осорул-боқия” деган бир дастурхон ёзаман, унинг неъматларини эса биронта зодагон ёки давлатманд киши ҳузуридан тополмайсан”, дейди. Бундай жонли мулоқотлар нафақат Беруний шахсиятини, балки асар руҳини ҳам янада юксакка кўтариб юборган.

Асарда Берунийнинг “Байтул-ҳикма”даги фаолияти ҳамда Гурганждаги “Дорул ҳикма вал-маориф”ни ташкил этишдаги жонбозликлари, “олимларнинг шоҳларга ҳожати йўқлиги, аксинча, шоҳларнинг олимларга эҳтиёжи борлиги” гўзал тарзда ифода этилган. Унинг Абу Али ибн Сино билан учрашиш воқеаси ҳам ниҳоятда чиройли тасвирланган. Ибн Сино келадиган куни Абу Фазл Беруний олдига бозордан олиб келинадиган нарсалар рўйхатини тузиб киритади. Беруний эса: “Сен уни егулик-ичгуликларга қараб севинади, деб ўйладингми? Сен унинг олдига тафаккур дастурхонини ёз, муаммо ва ечим ноз-неъматларини қўй. Ана шу олимнинг зиёфати бўлади”, дейди.

“Билим худди имон кабидир!” Бу Берунийнинг аъмоли, ҳаётий маслаги эди. У умри давомида оғишмади. Ана шу мақсадда “Мен одамларга қиблани топишни ўргатсам ёки уларни тўғри йўлга солсам, у дунёда ажрсиз, бу дунёда мақтовсиз қолмасам керак” деган эзгу мақсадни олдига қўйди ва ниятига ҳам эришди. Алломанинг яна бир орзуси ҳаж зиёрати эди, афсуски, бу армон бўлиб қолди…

Берунийнинг Ҳиндистонга сафари ва шу номдаги асарининг ёзилиш жараёнлари, йўқолиб кетган қадимги санскрит тилини қанчалик мукаммал ўрганганлиги, ҳинд халқларининг тарихи ва урф-одатларини нақадар дақиқлик билан тадқиқ этганлиги романда қизиқарли баён этилган. Академик Виктор Розеннинг “Шарқ ва Ғарбнинг қадимги ва ўрта асрдаги бутун илмий адабиёти орасида Берунийнинг “Ҳиндистон” асарига тенг келадиган асар йўқ!” дея эътироф этгани ҳам бунинг тарихий далилидир.

Асарда тасвирланишича, Суманот юришида ғалаба қозонгач, султон Маҳмуд Ғазнавий Беруний билан уммон ёқасига келади.

“—  Ер юзининг охири шуми? — деб сўради Султон Маҳмуд.

— Шундай, эй, саодатли шоҳ, — деб жавоб қилди Абу Райҳон. — Бундан у ёғи, ер юзининг тўртдан уч қисми сувдир. Сиз қуруқликнинг сўнгига қадар келдингиз.

— Сувнинг нариёғида ёки чап ва ўнгида кимларга дуч келинади?

— Барбарлар, занжилар ва ёввойилар яшайдилар. Аммо ернинг шимолий икки чорагидан бири қуруқлик бўлгани сабабли унинг қарама-қаршисидаги чорак қисмида ҳам қуруқлик бор ва у қуруқликка ҳали инсон қадами етмаган, деб тахмин қиламиз”.

Бу ҳали кашф этилмаган, аммо Беруний илмий асослаб берган Америка қитъаси эди. Бундан қувонган Маҳмуд Ғазнавий: “Мен қуруқликнинг сўнгигача қилич тебратдим, қанча қонлар тўкдим, мулкларни ҳукмимга бўйсундирдим. Сен эса Нуҳ алайҳиссалом давридан буён содир бўлган тарихларга черик тортдинг ва фатҳ этдинг!” — дея юксак эътироф этади. Хат-саводи бўлмаган ва ёлғиз ўғлим билим олсин, деб даштдан ўтин териб келиб, бозорда сотишдай машаққатга чидаган ва Берунийдай буюк сиймони башариятга етиштириб берган онанинг орзу­си амалга ошади. Мутафаккир “Зиж” китобини ҳам яратади ва 1029 (Мирзо Улуғбекда 1018) та юлдуз ҳаракатини тасниф этади. Ҳаё­тининг сўнгги дақиқаларида ҳам дўс­ти Абул Ҳасан Валволижийдан “Ал-жаддат ал-фосида” ҳақида сўрайди ва ўлим тўшагида туриб, “Мен бу дунё билан хайрлашаётибман, ўша масалани билмай кетганимдан кўра, билиб кетганим яхшироқ эмасми?” дейди. Беруний ана шундай мукаррам зот, “Абу Райҳон Беруний” романи эса улуғ зотга муносиб асардир. Зеро, Исажон Султоннинг АҚШ ва Туркияда нашр этилган “Боқий дарбадар” ва “Боғи Эрам” китобларини ўқиб, “Абу Райҳон Беруний” романига сўзбоши ёзган Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжар таъкидлаганидек: “Тангритоғдан то Косовага қадар ясланган туркий дунё­­да бугун янги Берунийлар, ибн Синолар, Хоразмийлар, Улуғбеклар улғаймоқдалар. Абу Райҳон Беруний ҳақидаги ушбу асар ёшларимизни билим ўрганишга ва янгидан-янги кашфиётларни мақсад қилиб олишга руҳлантиради”.

Холиёр САФАРОВ,

“O‘zbekiston tarixi” телеканали катта муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =