“ОЛОВ” КИТОБ

Яқинда қўлимга  муаллиф Алишер Тоировнинг “Газета … ўқиш учун чоп этилади” номли китоби тушиб қолди. Касб-коримиз журналистика, газетачилик бўлганлиги боис, бу китоб кўзимга оловдек бўлиб кўринди. Аввало, касб тақозосига кўра, қолаверса, кейинги пайтларда газета-журналлар, барча босма  оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳукм сураётган  катта муаммолар бу китобга  бўлган қизиқишимни орттириб юборган эди.

Дарҳақиқат, кейинги пайтларда кўпчилик худди китоб мутолаасидан чекингани каби, газета ва журналларни ҳам ўқимай қўйганлиги, ёшу қарининг аксарият телефон тутиб, у орқали интернет тармоқлари билан андармон бўлиб қолаётганлиги, бунинг устига, “обуна мажбурий эмас” деган ақида баҳонасида  даврий нашрларга обуна ташкил этишдек масъулиятли вазифанинг “ўзи бўларчиликка” ташлаб қўйилганлиги ҳам ана шундай муаммоларни келтириб чиқараётир.

Аммо бир нарса аниқки, худди китоб – энг яхши ва синалган дўст, маънавият манбаи бўлгани каби, газеталар, хусусан, расмий газеталар ҳам оммага тўғри ва ҳаққоний ахборотлар етказиб бериш баробарида маънавият ва маърифатга бой мақолалар, иқтисодий-сиё­сий таҳлиллар, ижтимоий-маданий мунозаралар, умуминсоний ва миллий қадриятлар юзасидан бир-биридан қизиқарли чиқиш­лари билан тўғри йўналиш­лар бериш орқали  омманинг  маънавий  юксалишига хизмат қилади.

“Газета … ўқиш учун чоп этилади” китоби муаллифи Алишер Тоиров ҳам ўз асарида  айнан мана шу долзарб масалалар ҳақида мулоҳаза юритади ва ушбу мулоҳазалар орқали у барчани, хусусан, ёш авлодни газеталарга  эҳтиром билан муносабатда бўлишга ундайди.

Шу сабабли газеталар ва газеталар таҳририятлари фаолияти ҳақида гап кетар экан, муаллиф шундай ёзади: “Ушбу даргоҳ қанчадан-қанча буюк шахсларни тарбияламаган, дейсиз. Биргина Шароф Рашидов номининг ўзиёқ газеталар кучини кўрсатиб турибди. Бу улуғ инсонни Ватан учун шу газета тарбиялаб берган, десак, айни ҳақиқат бўлади. Балки, кўпчилигимиз Шароф Рашидовнинг ҳам  “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетаси бош муҳаррири лавозимида ишлаганликларини билмасмиз.

Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва бошқа кўплаб шоир ва ёзувчилар ҳам, аввало, газета таҳририятлари остонасига қадам қўйганлар. Дунёда “бестселлер” (энг машҳур асарлар, дейилмоқчи – М.Б.) номини олган китоблар ҳам китоб бўлишидан  аввал газеталарда чоп этилган”.

Пойтахтдаги “Ijod nashr” нашриётида чоп этилган ва  газеталар фаолиятидаги долзарб муаммолар очиқ-ойдин, ўта холислик ҳамда куюнчаклик билан ёритилганлиги боис ижодкорлар ва мухлислар ўртасида катта қизиқиш уйғотган ушбу китобнинг айни кунларда қизғин тақдимот маросимлари ҳам бўлиб ўтмоқда. Жумладан, яқинда пойтахтдаги Абдулла Қодирий уй-музейида бўлиб ўтган тақдимот ҳам жуда қизиқарли ўтди.

Бу ҳақда “Hurriyat”нинг ўтган сонларида мақола эълон қилингани боис, атрофлича тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Фақат матбуот ва газетхонлик мавзусидаги энг яхши китоблардан бири бўлгани билан асар муаллифини қутламоқчиман.

М.БОЗОРАЛИЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 20 =