Чўлпон

Тушларимга киради Чўлпон,

Билмам ненинг ғамини ейди?

Диёр Раҳмон, ухлама, уйғон,

Мудроқ халққа шеърлар ёз, дейди.

 

Ишқалайман кўзимни маҳзун,

Халқникидек мудроқ кетмайди.

Мен Чўлпондек ёзишим учун,

Жисмимдаги мадор етмайди.

 

Лек кўксимда эрк уриб туғён,

Қўлларимга қалам тутади.

Чўлпон руҳи теграмда гирён,

Мендан ҳам кўп алам ютади.

 

Ўткир қалам, элимдай ожиз –

Қоғоз бағрин тирнаб боради.

Ҳақиқатни ёзмасам холис,

Дард дилимни тиғлаб ёради.

 

Бир мен айтсам оғирлик қилар,

Қора халқнинг хомталаш ҳадди.

Қачонки эл ўзлигин билар,

Шундагина юксалар қадди.

 

Ёзсам, қалам чарсиллаб кетса,

Нима қилай, айт, Чўлпон бобо?

Фиғонларим Оллоҳга етса,

Қайта тирил, қайт, Чўлпон бобо!

 

Юрагимда жойлашиб Чўлпон,

Билсам, юртнинг ғамини ейди.

Диёр Раҳмон, сергак бўл, ўғлон,

Мен тирилдим, мен сенман, дейди.

 

Журналист

 

Журналистнинг йўлин тўсманглар,

Халқ дардини аритмоқчидир.

Қалам тутса, қўлин кесманглар,

Ҳақиқатни ёритмоқчидир.

 

Ҳақиқат йўқ дема, биродар,

У бор, асли мажруҳдир фақат.

Журналистлар уни тузатар,

Ўз виждонин уйғотса, албат.

 

Диёрбек РАҲМОН,

ЎзЖОКУ 2-босқич талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + six =