Ҳижронлар тўкилар куз сандиғидан
Жаҳонгир НАМОЗОВ
Муаллиф ҳақида:
Жаҳонгир НАМОЗОВ — 1997 йилда Поп туманида туғилган.
Ижод намуналари йигирмадан ортиқ давлатларда чоп этилган. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.
“Juntos por las Letras” Аргентина халқаро ёзувчиларнинг Ўзбекистон бўйича фаол аъзоси ва ишчи гуруҳ координатори. Туркия давлати “SIIR SARNICI” электрон журналининг Ўзбекистон бўйича вакили.
Туркиянинг халқаро “Гўзал Алания” мукофоти соҳиби.
“Ичимдаги исёнлар” деб номланган шеърий китоби, “GÜNEŞ NEFESİ” Туркиянинг “Baygenc” нашриётида унинг таржимасида “Mujde” (таржима) шеърий тўпламлари, ҳаммуаллифликда “Муқаддас маскан” тарихий китоби чоп этилган.
Ичкин изтироблар, ичкин туйғулар,
Кескин қарорлар-у кескир қайғулар.
Аччиқ кўз ёшлар-у заҳар кулгулар,
Юрагимга оғир ботмоқдадир куз.
Оғирдир олдинга қадам ташламоқ,
Руҳим ярадордир, қалбим минг ямоқ.
Оламда одамдек бахтли яшамоқ,
Юрагимга оғир ботмоқдадир куз.
Бағрим тилкалайди боғлар сурони,
Кўнглимда бир улкан тоғлар тўфони.
О, менинг ёз билан айрилиш оним,
Юрагимга оғир ботмоқдадир куз.
Маржонлар тўкилар кўз сандиғидан,
Оғир жароҳат йўқ, сўз чандиғидан.
Ҳижронлар тўкилар куз сандиғидан,
Юрагимга оғир ботмоқдадир куз.
Баландидан кўпдир пасти дунёнинг,
Бир ками тўлмайди асти дунёнинг.
Шайдоси бўлиб мен масти дунёнинг,
Юрагимга оғир ботмоқдадир куз.
Самога талпиниб ўрлар тутунлар,
Шиддати юксалиб гурлар тутунлар.
Менинг пешонамда шўрлар тутунлар,
Юрагимга оғир ботмоқдадир куз.
Дардларим хазондек сочиб юбордим,
Вақт бўлди, сирларни очиб юбордим.
Жудаям севганим учун баҳорни,
Юрагимга оғир ботмоқдадир куз.
* * *
Ўзимни англадим, Ўзини таниб,
Бу дунё фонийдир, севги асрийдир.
Ёмғирлар сўрадим, ўртаниб-ёниб,
Кўз ёшлари ёғди Ҳасан Басрийнинг…
Ўзимни йўқотдим бир ҳол ичинда,
Жунуний изтироб, равзаи озор.
Руҳингни тобла деб ишқнинг кучида,
“Маломат” қил дерди пир Ҳамдун Қассор.
Тўрт томоним Қибла, ҳар ён ёруғлик,
Сархушман, самонинг ишқида ёдим.
Ишқда ҳушёр бўлгил, уйғоқ бўл дея,
Овоз берар эди Жунайд Бағдодий…
Йўлларим ишқ билан яшилланарди,
Даврага чорларди “Зикри даврон”и.
Руҳимга сабрдан дарс берар эди,
Шайх ул-Абдулқодир Жилоний.
Очиларди бир-бир самовий сирлар,
Дунёни танирдим янада кўпроқ.
Кўзларим қамашди, ёғилиб нурлар,
Бир назар қилганди Нажмиддин Кубро.
Узилиб боряпман ўзимдан-ўзим,
Осмоним ям-яшил, бир гўзал мовий.
Тасбеҳга айланди энди ҳар сўзим,
Дуолар қилганди,
Аҳмад Яссавий…
ТУЙҒУЛАР
Боғландим орзулар занжирларига,
Керагидан ортиқ қўйиб эҳтирос.
Ишқ борми, кўнглимда умримда мени —
Мен билмай кимларга қиляпман ихлос?..
Ҳавасландим, дилда жўш урди туғён,
Кучайди нафсимнинг шамоллари ҳам.
Қалбимда ғалаён, руҳимда исён,
Маъюсман, маҳзунман, шу қадар мубҳам…
Туйғулар тўфондек тошади тинмай,
Ташбеҳлар, шеърларим сўз ўгирмаси.
Наҳот, ўз-ўзимга келдим бўйсунмай,
Энди мендан аслим юз ўгирмасми?
Ҳар бир дақиқамни сўзларга ёздим,
Ҳар ўтган кунимни айладим китоб.
Қайғу-шодлигимни ҳисоб қилдим-у,
Ҳали ҳам ўзимни қилмадим ислоҳ.
Билдимки, англадим бариси сароб,
Бариси дунёвий ўткинчи дардим…
Ишқдан бунёд бўлган кўнгил ҳам хароб,
Ишқнинг тунларини ухлаб ўтказдим…
Алданиб алдамчи хаёлларимга,
Бесамар ўтди-ку баҳор-у ёзлар.
Муаззинлар азон чақирганида,
Зийракликда мендан ўзди хўрозлар…
* * *
Осмоннинг сочилган юлдузларини,
Барини кўзимга оламан тўплаб.
Қондириб руҳимнинг чанқоғларини,
Ойнинг нурларини ичаман ҳўплаб…
Тун — менинг ишқ билан висолим эрур,
Тун — менинг умидим эртанги кундан.
Кўнглимда ўзгача илоҳий сурур,
Сим-симлар очилар тунги афсундан…
Тун — менинг гуноҳим бўяган зулмат,
Тун — менинг Тангрига иқрорим, тавбам.
Тун — бу мен англаган энг гўзал ҳикмат,
Тонглари руҳимга тўкилган шабнам…
* * *
Созанда шамоллар чалиб созини,
Сокин қўшиғини куйлади ёмғир.
Тугатгунча кўкда ой пардозини,
Қуёш ҳам уйқудан уйғонди оғир…
Уйғотгич соатлар бонг урар: “Уйғон!”
Ким уйғоқ, мудроқда қайсидир одам.
Билсанг ўзинг қафас, билсангдир ўй-ғам,
Ўзинг ур, ҳаётга қўшилгин сен ҳам…
Кўзингдаги ғамнинг кўзини ёшла,
Юрагингдан ҳайда, мунгли унларни.
Ишонч билан шаҳдам қадамлар ташла,
Мўъжизага тўлдир ҳар бир кунларни…
* * *
Дарёлар бағрига чорлади мени,
Қучоғига олди, ям-яшил сувлар.
Кўзим қамаштирди, куйдирги қуёш,
Соямни сувларда югурдим қувлаб…
Оқдим оқинларнинг оралиғида,
Сувлар мен кўзлаган жойларга элтди…
Томири қуриган куннинг тиғида,
Юрагим сувларда яшиллаб кетди…
Шўнғидим, дарёнинг туб-тубигача,
Тани-руҳим қадар қаърига кирдим…
Қанисан, бормисан, кўриниш бер деб —
“Сув париси”, кўрин, чиқ деб ҳайқирдим…
Ёндирсин, майлига офтобнинг тафти,
Юраги меҳрга исисин дунё.
Қуёшда юраги қизиган вақтнинг,
Ҳовурини босиб қўяди дарё…
* * *
Илҳом олиб қуёш ҳароратидан,
Шарқироқ сойларга шеърларни ёздим.
Шудринглар тўкилиб август бағрига,
Куни тугаб битмоқда ёзнинг…
Маъюс бир бўшлиққа тўлмоқда борлиқ,
Кунлар қисқармоқда чўзилмоқда тун.
Овози пасаяр чигирткаларнинг,
Калтакесаклар ҳам ўқимас афсун.
Миллион даражада ёнган юрагим,
Оловлар тўлгандир кўнглим жомига.
Сипқориб ичаман, тўйиб ичаман,
Ёзнинг сўнгги кунин куз оқшомида…