Тошкент автотирбандликда… Қандай ечим бор?
Ҳозир ишхонадан уйга бир ярим соат деганда етиб келдим. Тошкент кўчаларида эрталаб ва кечки пайт шу даражада катта тирбандликлар кузатиляптики, машина ҳайдаганингга “эҳ” деб юборасан.
Ўтираверасан, ўтираверсан, юришинг тошбақа юриш. Бироз жойингдан силжийсан, яна кутасан. Шу зайлда айрим чорраҳалардан ўтиб кетиш 20-30 дақиқагача боряпти. Билмадим, балки ундан ҳам кўп ёки камроқдир. Тахминан шундай ва бу оз вақт эмас.
Қани эди бутун шаҳар метролаштирилса, пойтахтнинг энг чекка ҳудудларигача етиб борса-ю, шундай вақтларда маза қилиб фойдалансанг…
Бу “пробка”ларга кўплаб омиллар сабаб бўлмоқда. Энг асосийлари қаторида режасиз қурилаётган йўл ёқасидаги кўп қаватли уйлар, дўконлар, бозорларни айтиш мумкин. Катта-катта чорраҳалар яқинига ҳам “дом”лар тушиб ётибди. Бу жойларга қават-қаватли кўприклар қурилиши керак эмасми?
Шаҳарда машинани қўйиш учун “стоянка” йўқ, борларининг ҳам жойлари сотилиб, “соққа” қилиб юборилди. Мана, аҳвол… Сергелига кириш, машина бозор, Юнусободга бориш, аэропорт йўли, Чилонзор-Оқтепа чорраҳаси, эҳҳе, бундай муаммоли ҳудудлар Тошкентнинг барча туманида хоҳлаганча топилади.
Шу тирбандликда тез тиббий ёрдам машиналари ҳаракатланишга қийналмоқда. Манзилга боргунича беморларга жабр бўляпти.
Катта-катта кўприклар қуриш вақти ўтиб кетяпти. Хитой, Япония, АҚШни олайлик. Бизнинг ҳукумат вакиллари шу давлатларга бориб, осмонўпар кўприклар устидан кўп марта ўтишган-ку?! Наҳот шу замонавий технологияларни чин юракдан ва виждонан бизда ҳам бунёд этиш ҳақида ўйлаш мушкул бўлса…
Манба: platformauzb
телеграм канали