Бободўстов “шуҳрат”га муносиб
Навоий машинасозлик заводи маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича республикамизда энг юқори ўринларда туради. Бунга шубҳа йўқ. Боиси 3,5 минг нафардан зиёд муҳандис-технологлар, металлурглар, механиклар, конструкторлар каби касб эгалари фидокорона меҳнат қилаётган корхонада 15 минг турдан ортиқ юқори сифатли маҳсулотлар, шу жумладан, металл ва ёғочга ишлов берувчи дастгоҳлар, йирик кон техникалари учун деталлар ишлаб чиқарилмоқда. Комбинат эҳтиёжи учун зарур бўлган 97 фоизлик эҳтиёт қисмлар, ускуна ва жиҳозлар ушбу заводда — “НМЗ” ёрлиғи остида тайёрланмоқда.
Заводнинг қуймачилик цехида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажмини ошириш мақсадида жорий йилда 25 тонналик замонавий металл эритиш печи ишга туширилиши тарихий воқеа бўлди. Ушбу печь металл эритиш қувватини йилига 30 фоизгача ошириш имконини бериши билан бирга, сифатли металларни ишлаб чиқаришни кўпайтирди. Цех бошлиғи Зафар Мажидович Бободўстов малакали, тажрибали ва фидойи раҳбар сифатида металлургия ва машинасозлик тармоқлари илдам ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа фидойиларидан бири. Комбинат тизимида қарийб 30 йиллик меҳнат фаолияти давомида у жамоаси орасида обрў қозонди. Шу боис Президентимизнинг “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ташкил этилганининг 65 йиллиги муносабати билан ишлаб чиқариш илғорларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони билан Зафар Бободўстов ҳам давлат мукофоти — “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилди. Бу хушхабарни эшитган машинасозлик заводи жамоаси беҳад қувонгани айни ҳақиқат.
1970 йилнинг 27 мартида Жиззах вилояти Бахмал туманининг “Жарбулоқ уяс” қишлоғида таваллуд топган Зафар Бободўстов болалигиданоқ аниқ фанларга қизиқиши боис, металлургия соҳасини танлади. У ҳарбий хизмат даврида Белоруссия ўлкасининг саноат корхоналарида оз муддат ишлаб, саноатчи бўлишни мақсад қилади. 1990-1995 йилларда Тошкент давлат Техника университетининг қуймачилик ишлаб чиқариши машиналари ва технологияси мутахассислиги бўйича таҳсил олади. 1995 йилда йўлланма билан келган ёш мутахассис Навоий кон-металлургия комбинатининг Навоий машинасозлик заводида қуймачилик цехининг қўлда қолиплаш ўзакчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. Унга тажрибали металлург, анча йиллар цех бошлиғи бўлиб ишлаб келган Йўлдош Ғаниев устозлик қилади. У тез орада оддий ишчидан муҳандис-технолог, эритиш участкаси устаси, эритиш бўлими устаси каби масъулиятли лавозимларга кўтарилди.
Ҳозирда цех жамоаси томонидан корхонада тайёрланаётган ўта юқори аниқликдаги сифатли металл конструкциялар, ускуна ва жиҳозлар ҳамда турли ўлчамдаги эҳтиёт қисмларнинг металлари қуймачилик цехида тайёрланади. Шунингдек, комбинат бўлинмалари учун турли русумдаги дастгоҳлар, жиҳозлар, ностандарт ускуналар, эҳтиёт қисмлар, насос, арматура ва конвейер роликлари каби кўплаб маҳсулотларнинг зуваласи ҳам ушбу цехда пишмоқда. Демак, ҳар соҳанинг самарали ишлашида Зафар Бободўстов раҳбарлик қилаётган қуймачилик цехининг ўрни беқиёс. Улар комбинатда олиб борилаётган кенг кўламли модернизация ва янги корхоналарни қуриш учун зарур бўлган турли хил металл маҳсулотларни ўз вақтида етказиб бериш билан бир қаторда, маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турини кўпайтиришга ҳам катта ҳисса қўшишмоқда. Цехда 7 минг турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, йилдан-йилга сифат ва қамров кенгайиб бораяпти. Масалан, 2021 йилда заводда қуйма ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 28 минг тоннани ташкил этган бўлса, 2022 йил якунига келиб бу кўрсаткич 31 минг тоннадан ошади.
Шунингдек, Зафар Бободўстов тажрибали раҳбар, техник янгиликларни аниқлаш ва ўзлаштириш борасида ҳам катта тажрибага эга. Унинг рационализаторлик таклифлари ишлаб чиқаришга самарали татбиқ этилмоқда.
2009 йилда у томонидан таклиф қилган рационализаторлик таклифи “Оташбардош таркибдаги ДСП-6 печининг тўсма қопқоғи”, яъни суюқ шиша эритмали магнезит ва ўтга чидамли ғиштлардан фойдаланиш орқали тўсма қопқоғи вариантини алмаштиришга имкон берди. Бу илмий таклиф ҳозирги кунда ҳам ўзининг иқтисодий самарасини бермоқда. 2012 йилдаги иккинчи рационализаторлик таклифи эса “Қоплама тикилган қуйиш ковшларнинг жорий қилиниши” бўлди. Бу рационализаторлик таклифлари технологик жараёнларни такомиллаштиришга, меҳнат унумдорлигини оширишга имкон берди.
Зафар ака илмий иш билан доимий шуғулланиб келади. У бир неча патентланган ихтиролар муаллифи ҳамдир. Жумладан, 2015 йилда “Қуйма чўян олиш усули”, 2018 йилда “Юқори тозаликдаги ферраборни олиш усули”, 2021 йилда “Юқори марганецли пўлат ишлаб чиқариш усули” ва “Ейилишга чидамли пўлат”, 2022 йилда эса “Феррованадийни олиш усули” каби ихтиролар бугун ишлаб чиқаришда ўзининг юқори самарадорлигини кўрсатди.
Бундан ташқари, Зафар Бободўстов қора ва рангли металлар металлургияси бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун илмий иш билан шуғулланмоқда.
— Цехимизда 663 нафар ишчи-ходим ишлайди. Биз битта оила бўлиб, бақамти меҳнат қилаётганимизданми, барча режаларимиз ўз вақтида бажариб келинади. Металл эритишдан тортиб, уни сифатли қолиплашгача бўлган жараённи назорат қилиб юраман. Хонамда кам ўтираман. Асосан, металл қуювчилар, технологлар билан биргаман. Шунга илмий ишим ҳам қарийб тайёр бўлиб қолган. Кейинги йил ҳимоя қилиб олсам, бу илмий унвон ҳам насиб этиб қолар, — дейди қаҳрамонимиз ўзига камтарона баҳо бериб.
Айтганча, унинг бевосита иштирокида корхонани техник ва технологик жиҳатдан янгилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир кўрсатмаган ҳолда энергия ресурслари сарфи 67 фоизга камайиб, жорий йилдаги соф фойда 20 миллиард сўмдан ошибди.
Моҳир раҳбар ёш ишчиларга меҳнат муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш юзасидан мунтазам семинар ва амалий машғулотлар ўтказиб келади. Тажрибали металлург сифатида мустақиллик йилларида кўплаб маҳаллий пўлат эритувчи мутахассисларнинг етишиб чиқишига ҳисса қўшди. Эритиш бўлими участка бошлиғи Жамол Ҳамроев, рангли қуйма участка бошлиғи Нодир Турсунов, цех устаси Анвар Исмоилов каби шогирдлари шулар жумласидандир.
Азамат ЗАРИПОВ,
журналист.