Ҳалол меҳнатнинг роҳати

 ёки маржонбулоқлик Нуриддин оға фазилати

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани, асосан, тоғ ва адирлардан иборат. Унинг табиатига хос инсонларининг характери ҳам ўзгача. Навоий кон-металлургия комбинатининг ишлаб чиқариш корхоналари, конлари бир-биридан узоқлиги сабаб ҳар доим ҳам у ерга хизмат сафари асносида бориш насиб қилавермайди. Пойтахтдан келган ижодий гуруҳ билан борганда ёки бирор навбатдаги китоблар учун суратлар уюштириш мақсадида йўлимиз Маржонбулоқ томонларга тушиб қолса, албатта, олдимиздан Нуриддин ака Бердиёров чиқиб қолган пайтлар кўп бўлади. Ўзи оқ-сариқдан келган, доимо табассум қилиб турадиган бу кекса технолог тўғрисида шундан бери бирор сўз айтиш, ёзиш нияти мени безовта қилиб юрарди. Маржонбулоқ олтин кони ва олтин ажратиш цехи бошлиқлари у кишини “устозимиз”, — дея юксак баҳолашларининг ўзиёқ бу истакка мени тобора яқинлаштирарди.

Ўтган йили комбинатимизнинг 65 йиллиги тантаналари арафасида бу инсон Президентимиз Фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Ва ниҳоят, мен учун камтарин, оддий ва самимий бир технолог тўғрисида мақола битишга “баҳона” топилди.

Нуриддин ака 1984 йилда кончиларга ҳавас қилиб Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) талабаси бўлди. У 1989 йилда олий таълим даргоҳини рангли металлар металлургияси мутахассислиги бўйича тамомлаб, йўлланмага биноан Қирғизис­тон Республикаси Ўш вилояти Тошкўмир ярим ўтказгич материаллар заводида аппаратчи сифатида иш бошлади. Қисқа муддатда ишлаб чиқариш устаси сифатида жамоа орасида эътибор қозонди. Кейин эса ўзи туғилиб ўсган туманда жойлашган “Ўзбеколтин” ишлаб чиқариш бирлашмасига қарашли “Маржонбулоқ” олтин қазиб олиш кони олтин бойитиш фабрикасига ишга таклиф этилди. У 1991-1999 йиллар мобайнида фабрикада дастлаб катта уста, сўнг бош муҳандис, смена устаси, техник назорат бўлими бошлиғи лавозимларида астойдил меҳнат қилди.

2002 йилда “Маржонбулоқ” олтин қазиб олиш кони ва олтин бойитиш фабрикаси Навоий кон-металлургия тизимига ўтказилгандан сўнг ҳам Нуриддин ака аввал бош технолог, муҳандис, бугунги кунда эса муҳандис-технолог лавозимларида масъулият билан фаолият кўрсатиб келмоқда.

— Устозимиз Нуриддин ака юртимиз кон-металлургия саноати равнақига муносиб ҳисса қўшиб, соҳада тўплаган тажрибаси билан биз каби ўнлаб шогирдларни тарбиялади. Муҳими, сидқидилдан ишлашни, ҳалол меҳнатнинг роҳати ҳам фаровонликка олиб келишини ўргатди, – деди “Маржонбулоқ” олтин ажратиш цехи бошлиғи Элёр Рустамов.

Жанубий кон бошқармаси “Маржонбулоқ” конида ишлаш жараёнида ҳар томонлама билимли, юқори савияли, ўз ишининг мутахассиси, ақл-заковатли ва ташкилотчилик қобилиятига эга, ўзига ва бошқаларга нисбатан талабчан, хушмуомала, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қила оладиган жонкуяр сифатида танилган Нуриддин аканинг кимлигини эл-улус тузук билади. Ундаги қобилият, ўз ишига доимо ва ҳар томонлама ижодий муносабатда бўла олиши доимо эътирофга сазовордир.

Фидойи, камтарин ва меҳнаткаш инсон асосий ишлаб чиқариш топшириқларини ўз касбий тажрибасига суянган ҳолда, белгиланган муддатда бажариб келмоқда. Масалан, Маржонбулоқ олтин ажратиш цехида 2021 йилда олтин ишлаб чиқариш режаси 104,4 фоизга адо этилган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич белгиланганидан-да юқори бўлди. Ушбу рақамнинг ўзиёқ бу ютуқда тажрибали технологнинг меҳнати самараси ҳам борлигидан даолат беради.

Жамоасида устоз-шогирд анъаналарига содиқ қолган ҳолда, завод бўлимларида ишлаб келаётган ёш мутахассисларга мураббийлик қилади. Уларни етук мутахассис қилиб тарбиялаш борасида ўзининг касбий тажрибасини аямасдан келаётган қаҳрамонимиз бу камёб фазилатни устозларидан ўрганган. Зотан, олтинга дахлдор барча амаллар нозик иш ҳисобланади.

Азамат ЗАРИПОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × one =