Меҳр-оқибат дегани шундай бўлади-да!
Меҳр — бу инсоннинг энг юксак туйғуларидан бири бўлиб, унинг замирида раҳм-шафқат, мурувват, инсонийлик, одамийлик каби фазилатлар ётади ва уларнинг барчаси шу биргина сеҳрли сўзда мужассам. Ёнимиздаги инсонга баҳо беришда, энг аввало, унинг муомаласига, одамлар билан муносабатига эътибор қаратамиз. Биз бежиз ёнимиздаги одамлар ҳақида сўз очмадик. Баъзан улар билан йиллаб ёнма-ён яшаб, ишлаб, феъл-атворига, фазилатларига эътибор бермаймиз.
“Янги Сирдарё” ва “Новая Сырдарья” газеталари компьютерчи-дизайнери Елена Кульшина билан таҳририятда кўп йиллардан бери бирга ишлаймиз. У жуда камтар, самимий, оқибатли, ҳамиша жамоадагиларга эътиборли, меҳрибон, ширинсўз аёл. Бошқа миллат вакиласи бўлишига қарамай, худди ўзбек аёлидек оиласига садоқатли, меҳрибон.
Шу ўринда жамоадошимнинг бир нечта фазилатлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Ҳозирги кунда у нафақат таҳририятда, балки вилоятдаги энг тажрибали ва маҳоратли компьютерчи-саҳифаловчилардан бири саналади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Елена жуда масъулиятли, гарчи русийзабон бўлса-да, газета саҳифаларида хато ўтмаслиги учун бошқалар билан бирдек жон куйдиради. Боз устига, кейинги йилларда газетани ўзига хос янгича дизайн асосида саҳифалашга, айниқса, миллий қадриятларимизнинг турли қирраларини акс эттиришга, чоп этилаётган мақолаларнинг мазмун-моҳиятига, аҳамиятига қараб безатишга алоҳида эътиборини қаратмоқда. Энг қизиғи, баъзида тажрибали мухбир-навбатчиларнинг нигоҳидан четда қолган хато ва камчиликларни ҳам топиб, бизни ҳайратга солади. Бир сўз билан айтганда, чин маънода ўз ишининг устаси.
Энди мақоламиз қаҳрамонининг оилавий ҳаёти билан боғлиқ муҳим воқеаларга ўтамиз. Юқорида таъкидлаганимдек, Елена жуда оқибатли, меҳрибон, оилапарвар, болажон аёл, айниқса, яқинлари, жумладан, турмуш ўртоғига қариндош бўлган одамларнинг ҳурматини жойига қўяди. У яхши оила бекаси, уч нафар ўғилнинг онаси. Турмуш ўртоғи Андрей билан чорак асрдан кўпроқ вақтдан бери бахтли яшаб келаяпти. Ўғиллари одобли, меҳнатсевар, билимли. Каттаси Роман — талаба, ГулДУда ўқийди. Қолганлари мактаб ўқувчилари. Онаси Валентина Васильевна нуфузли ташкилотда кўп йиллар ишлаб, пенсияга чиққан, ҳозир набираларига бош-қош. Андрейнинг онаси Ольга Александровна Кульшина кўп йиллар Ўзбекистонда яшаб, бундан бир неча йил аввал Россия Федерациясининг Ростов-Дон шаҳридаги Первомайский қишлоғига катта ўғли Александр билан кўчиб кетган эди. Александр оила қурди, ҳозир у Москвада яшайди. 84 ёшли она эса ёлғиз ўзи қолди. Кейинги пайтда онахоннинг соғлиғида муаммолар пайдо бўлди, кўзлари кўрмай қолди. Кекса онасининг саломатлиги ёмонлашгани, ёлғизлиги Андрейга тинчлик бермай қўйди. У умр йўлдоши билан маслаҳатлашиб, онасини Ўзбекистонга — Гулистон шаҳрига олиб келиб, даволатишга қарор қилди. Жорий йил февраль ойида Андрей онасининг ёнига кетди (у бир йўла қайтиш учун ҳам самолётга чипта олди). Бир неча кундан сўнг Еленанинг тўнғичи Роман ҳам ўқишидан бир неча кунга рухсат олиб, Россияга — бувисини олиб келиш учун жўнади. Ўша кунлари Елена қайнонасининг келишига катта тайёргарлик кўрди. Ўзининг хонадонида онахонга қулай шарт-шароит яратиш мушкуллиги боис, эри билан келишган ҳолда яқин жойдан вақтинча 2 хонали уйни ижарага олиб, меҳмон учун барча қулайликларни яратишга ҳаракат қилди. Уйнинг кам-кўстини тўғрилади, зарур нарсаларни харид қилди. Ниҳоят, 20 февраль куни Елена қайнонаси, эри ва ўғлини кутиб олди. Ўша куни хонадонда тўкин дастурхон безатилиб, онахоннинг шарафига ўзбекча палов дамланди. Анчадан бери оила даврасида ўтирмаган онахон бундан жуда қувонди. Қайнона-она бу эътибор, ғамхўрлик учун ўғли, келини ва набираларидан беҳад миннатдор эди. Қайнонаси тиббий кўрикдан ўтгунича келин тиним билмади, тегишли таҳлилларни топширишга ҳам ўзи бирга борди. Ниҳоят, кўкламнинг илк кунларида шаҳардаги малакали кўз шифокори жарроҳлик амалиёти ўтказди. Мураккаб операция муваффақиятли ўтди. Ўша куни Елена “ёнида ўғли бор-ку, мен ишдаги одамман”, демасдан, операция тугамагунча шифохонадан кетмади. Эртаси куни ишга келган Елена қайнонасининг кўра бошлагани ҳақида хурсанд бўлиб гапирди. У ҳар куни онахоннинг ҳолидан хабар олиб турди, тансиқ таомлар пишириб, оғзига тутди ва эвазига ундан раҳматлар эшитди. Ўша кунлари ва ҳозир ҳам Елена бир марта ҳам “беморга қараб, қийналаяпман, ташвишлар жонимга тегди”, дегани йўқ.
Мана, ниҳоят, Ольга Александровнанинг бир кўзи бу ёруғ оламни кўришга муяссар бўлди. Еленанинг айтишича, онахоннинг иккинчи кўзини 6 ойдан сўнг операция қилишаркан. Тўғрисини айтиш керак, ҳатто ўзбек келинларининг ҳаммаси ҳам қайнонаси ҳақида бунчалик қайғуриб, меҳр кўрсатмайди. Қанақа “аҳил” қайнона-келинлар борлигини “Ойнаи жаҳон”да намойиш этилаётган телесериаллардан ҳам кўриб турибмиз. Лекин барибир, Еленанинг қайнонасига бу қадар эътиборли, меҳрибон ва ғамхўр бўлишининг сабаби назаримизда, унинг юртимизда, ўзбекона муҳитда улғайгани, оилага бўлган ҳурматни, меҳр-оқибатни қалбига сингдиргани бўлса керак. Аммо минг афсуски, ватанимизда туғилиб-ўсиб, бутун умр шу ерда яшаб ҳам миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиз тугул бир оғиз ўзбекчани билмайдиган, тушунмайдиган баъзи юртдошларимизга ўзбекона келинлик фазилатларини намоён этаётган Елена Кульшинани ибрат қилиб кўрсатса арзийди.
Холида ПАРДАБОЕВА.
Сирдарё вилояти.
Суратда: Елена қайнонаси Ольга Александровна ва турмуш ўртоғи Андрей билан.