Кимлар бошин “эгмаган”… ёки унинг касби сартарош
Касбинг – бахтинг, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Агар одам бирор касбга астойдил меҳр қўйиб, унинг сир-асрорларини эринмай пухта ўрганса, уни шу касби ҳақиқатан бахтли қилади, эл-юрт орасида обрўйини янада юксалтиради, қут-баракали қилади.
Оддий, лекин ҳамманинг иши тушадиган касблардан бири — бу, сартарошликдир. Дарҳақиқат, сартарошга бормайдиган, унинг хизматидан фойдаланмайдиган одам топилмаса керак. Ҳа, сартарошлик ана шундай керакли касблардан бири. Тошкент шаҳрининг Миробод туманида яшовчи Даврон Мирзаев эса 20 йилдан буён мана шу савобли иш билан шуғулланади.
— Ёшлигимда маҳалламиздаги кўча бошида жойлашган сартарошхонага кўп борар эдим. У ердаги ўз касбининг устаси бўлган адашим — Даврон акага шогирд тушганман, – дейди у. — Шу касбга бўлган қизиқишим сабабли анча вақт давомида сартарошликнинг ўзига хос сирларини, мижозлар билан қалбан суҳбатлашишни ўргандим. Устозимнинг дуоларини олиб, дастлаб маҳалламиздаги ёшлар, нуроний отахонларнинг хизматини қилдим. Кейинчалик мустақил иш бошладим. Мана, шунга ҳам ҳаш-паш дегунча 20 йил бўлибди.
Сартарош Даврон ака хизматчилар оиласида катта бўлган. Ота-онаси бир умр авиакомпания тизимида ҳалол меҳнат қилишган. Фарзандларини ҳалол ишлашга, тўғрисўзликка ундашган. Тақдир тақозоси билан олий таълимга кира олмаган Даврон ака бундан тушкунликка тушмайди. Чунки унинг қўлида ҳунари бор эди. Ҳунари бор одам келажагидан хавотирланмаслиги табиий. Қолаверса, унинг яна бир касби бор: электрик. Бу соҳада ҳам салкам 16 йилдан бери ишлаб келади. “Сартарошлик ва электрик касбидан бошқа соҳада ўзимни тасаввур қилолмайман”, дейди у биз билан суҳбатда.
— Ҳар бир сартарошнинг ўзига хос услуби бўлади. Кўпчилик мижозлар доимий равишда битта сартарош хизматидан фойдаланишади. Чунки ўша сартарошнинг услуби, муомаласи мижозлар кўнглидан жой олган бўлади. Бундай эътирофга сазовор бўлиш учун сартарошдан касбий малака талаб этилади. Сартарошлар ҳар куни турли хил мижозлар билан ишлашига тўғри келади. Улар орасида ҳар хил касб эгалари, турли ёш вакиллари бўлади. Кўпчилик мижозлар ишдан сўнг ёки бўш вақтларида сартарошга боради ва баъзан шунақа ҳолатларни кузатамизки, инсонлар ўз ҳаётидаги муаммо ва дардларини сартарошларга айтиб енгил тортишади. Улардан бирор-бир маслаҳат олишни ҳам хоҳлашади. Бундай вазиятларда ҳаётий тажрибага эга бўлган сартарош бўлсагина тўғри йўл кўрсатиши мумкин, акс ҳолда, бир келган мижоз иккинчи марта унинг ҳузурига қайтиши даргумон, – дейди Д.Мирзаев.
Даврон аканинг айтишича, у ҳеч қачон мижозлари билан нарх-наво борасида тортишмаган. “Борига барака” деб, берганларини олаверади. Унинг яна бир ажойиб хислати бор. Доимий мижозларининг уйларига, агар бемор бўлиб касалхонага тушиб қолишса, у ерга ҳам бориб хизмат қилади. Савобталаб қаҳрамонимизни шунинг учун, айниқса, кексалар ардоқлашади. “Даврондан бошқасига соч-соқолимни олдирмайман” деган гапларни кўп ишлатишади. Чунки сартарошхонага келишолмаса, уни уйларига чақиришади. Кўпинча қаҳрамонимиз нуроний отахонлардан пул олмайди. Унинг ўрнига: “Дуо қилиб қўйсангиз бўлади”, дейди. Ҳар ҳафтанинг бир куни — жумада текин (холис хизмат)га ишлайди.
Ҳа, “Дуо билан эл кўкарар, ёмғир билан ер”, дейдилар. Қаҳрамонимиз 2021 йил электр тузатиш ишлари билан юрган маҳали бахтсиз ҳодиса оқибатида ўнинчи қаватдан лифт “шахта”сига тушиб кетади. Бу ўта жиддий ҳолат эди. Қўл, оёқ, умуртқа, суяклар синиши кузатилади, хуллас, бир ўлимдан қолади. “Аввало, Аллоҳ меҳрибонлиги, кейин мижозларнинг, нуроний отахонларнинг дуолари сақлаб қолди мени”, дейди у ўша кунларни хотирлар экан. Қаранг, ўша оғир кунларда ҳам унинг хонадонидан одамларнинг қадами узилмади. Катта-ю кичик ҳол-аҳвол сўраб турди. “Одам тафтини одам олади”, деганларидек, беморнинг қалбида, юрагида эртанги кунга бўлган ишонч, яшашга бўлган иштиёқ сабаб у кўп ўтмай иш жойида олдингидек фаолиятини бошлади.
Бугунги кунда йигирмага яқин шогирдларни тарбиялаб келаётган сартарош уларга ҳам ҳамиша ҳалол меҳнат қилиш, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик, тўғрисўз бўлиш ва албатта, кўпчиликнинг дуоси барчасидан муҳимлигини таъкидлайди. Энг асосийси, сартарош зотининг барчаси риоя қилиши лозим бўлган қоидалар: тозалик, хушмуомалалик, эътиборлилик, ижодкорлик, тезкорлик фазилатларини эгаллаш лозимлигини айтишдан чарчамайди.
Биз ҳам савобли касб эгаси бўлган қаҳрамонимизнинг келгусидаги ишларига ривож тилаган ҳолда доимо эътирофлар ва эъзозлар қуршовида бўлишини тилаймиз.
Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли