Келинлик сепи кутубхонага пойдевор бўлди…

Исм ҳам ярим давлат, деган гапнинг исботига кўп бора дуч келганман. Бу гал ушбу ҳикматнинг айни ўзини учратдим ва буни ҳамроҳларим ҳам чин дилдан таъкидлашди.

…Гавҳар билан Шерали олий таълим даргоҳида бирга ўқишган — курсдош бўлиб, дунё­қарашлари ҳам бир-бирларига монанд эди. Бу икки қалбни севги туташтирди. “Биргина илтимосим бор, онажонимнинг кўнглига қарасанг, у истагандай келин бўлсанг, ҳамма орзуларингни амалга ошираман”, — деди Шерали. “Ҳа, албатта, сизнинг онангиз — менинг онам бўлади-ку”, — деди Гавҳар ва кўнг­лидан ўтказди: “Онасини ҳурмат қилган йигит бош­қаларнинг ҳам қадрига етади”. Сўнг дилидагини бўлажак умр йўлдошига билдирди: “Менинг ҳам бир орзуим бор. Менга имконингиз бўлганда кутубхона қуриб берасиз”.

Шерали рози бўлди.

Келиннинг сепи уч сандиқ китоб бўлди.

Гавҳар муаллимлар хонадонидан эди. Онаси Тўхтагул ая ва дадаси Мамаражаб ака ўқитувчи. Гавҳар болалигидан энаси Шират момонинг эртак, ривоятларини эшитиб улғайган. Шунинг учун ҳам қалби адабиёт, шеъриятга ошно бўлди. Бахтига қайнонаси Гулбаҳор опа ҳам ўқитувчи эди. Улар тезда эл бўлишди. Гавҳар қандай қилсам қайнонамни хурсанд қиларканман, дея қўли олти, оёғи етти бўлиб хизмат қилар, мактабда дарс, уйда рўзғор, далада фермерликка кўмак бериш уни ҳоритмаган, ғайратга эндирган. Фарзандлар дунёга келди, оиланинг ширин ташвишлари кўпайди. Оилада ҳамма бир-бирига дилдош, елкадош, меҳр-муҳаббатли эканлигидан ташвишнинг бор-йўқлиги билинмади. Орзулар ардоқланиб, иштиёқ кўнгилларга ғайрат улашди…

Енгил машина катта равон йўлдан икки томони жинғил, янтоқлар қоплаган йўлга бурилди. “Қишлоқдаги икки қаватли кутубхонага бораяпмиз”, дейишганди. Адашмадикми?! деган гаплар ўтди хаёлимдан. Ана қишлоқ уйлари кўринди. Дарвозахона, ҳовлиси боғ-роғларга туташ. Етиб келдик — қаршимизда икки қаватли “Мумтоз” хусусий кутубхона турарди. Ҳайратланмай иложинг йўқ. Нақ қишлоқ ўртасида энг чиройли, маҳобатли бино. Ичкарига кирган кишининг кўзи беихтиёр бир-биридан чиройли хона гулларига тушади.

— Бу жойни атайлаб, суҳбатлар учун ҳозирлаганмиз, яшиллик ҳар қандай инсонга осойишталик ва илиқ кайфият бағишлаши тайин, — дейди қаҳрамонимиз Гавҳар Ҳусанова. — Китобхонларимиз мактаб ўқувчисидан тортиб, меҳнат фахрийларигача. Бобожон ва моможонларимиз невараларини етаклаб китоб олишга келишади. Улар билан китоблар ва қизиқишлари ҳақида суҳбатлашамиз.

Гавҳар Ҳусанова — Сайҳунобод туман Ўзбекистон хўжалигидаги 23-ўрта таълим мактаби она тили ва адабиёти ўқитувчиси. У ҳақда айтилганда муаллима, шоира, фермер, тадбиркор, деган сифатларни санаб ўтиш жоиз.

Аслида биз унинг “Бахтлар аро топдим бахт” китоби тақдимотига сирдарёлик бир гуруҳ журналистлар, шоир ва ёзувчилар йиғилишиб келгандик. Гавҳар сабаб икки вилоятнинг ижод булоғи туташди. Анчадан буён борди-келди қилишаётган Бўка тумани “Халқ овози” газетаси бош муҳаррири Гулжаҳон Ёмғурова, шоира Дилфуза Ҳотамоваларнинг ҳам суҳбатидан баҳраманд бўлдик.

Сирдарёлик шоирлар Баҳор Холбекова, Норинисо Қосимова, Алишер Нур, Тўхтамиш Боқиев, Бахтиёр Ватан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси, шоир Бойжигит Абдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Парда­боева, адиба, журналист Дилором Исмадиёрова, Дил­ора Эсонова, Муяссар Пардаеваларнинг эътирофу эъзозлари Гавҳар Ҳусанова ҳақида эди. Сирдарёликларнинг ҳар бири ўз муаллифлигидаги китобларини кутубхонага тортиқ этишлари энг яхши совға бўлди.

— Ҳаётда тўлиб-тошсам, суҳбат истасам, дилимни тўкиб солсам мени мана шу Гавҳар эшитади, — дейди Сайҳунобод туманидаги 3-мактаб директори Назира Ғаниева. — Суҳбатидан руҳиятим енгил, кўзларим порлаб қайтаман. Унда масъулият бор. У фермерлик даласига борса яйраб келади. Чинакам деҳқонга айланади. Рўзғорда пазанда, нонвой, саришта бека. Мактабда дарсни жону дили билан ўтадики, ўқувчилар сабоқдан кўзлари ёниб, қалби тўлиб чиқади. У нон ёпаётганида ҳам, банка бекитаётганида ҳам ўқувчиларининг саволларини жавобсиз қолдирмайди. Унинг илҳомини ҳеч нарса тўсмайди. У ҳеч қачон раҳбарликка, катта мансабларга қизиқмаган.

…“Мумтоз” хусусий кутубхонасини қуриш Гавҳарнинг 15 йиллик орзуси эди. Йил сайин орзу унинг юрагини ўртаётганини умр йўлдоши Шерали ҳам сезар, берган ваъдаси ҳам ёдида. Уйларининг қаршисидаги очиқ майдон янтоқ босиб, қаровсиз ётарди.

— Гавҳар, кутубхона учун жой тайёр, — деди Шерали бир куни. — Насиб қилса қиш­лоқнинг энг олди биноси кутубхонанг бўлади.

Ҳаракат бошланди.   Кунлар, ҳафталар, ойлар югур-югур билан ўтди. Ҳар тонг умид билан юз очарди. Ниҳоят, кутубхона қурилиши учун маблағ тўпланди. Ўттиз нафар уста-қурувчи 8 ой ишлади. Маблағнинг етмаганига қайнотаси Хайрулла Ҳусановнинг “Сайҳун нурли учқун”, Шералининг “Сайҳунобод олтин куз” фермер хўжаликларига тегишли техникалар жалб этилди. Айтишга осон, ҳар бир ғишт, ҳар бир зина орзунинг пиллапояси эди. Ўтган ҳам, кетган ҳам унинг тезроқ битишини кутар, қишлоқнинг кўз ўнгида икки қаватли оқ бино қад ростлади.

Хоналарнинг жиҳозлари замонавий, чиройли, шинам. Китоб жавонларининг оқ рангдалиги ҳам хонага улуғворлик бағишлаган. Стол-стуллар китобхонга жуда қулай жойлаштирилган. Хоналарга кондиционерлар ўрнатилди. Қишин-ёзин китоб муталаа қилувчилар учун барча шарт-шароит муҳайё. Кутубхонада 12 минг нусхадаги   адабиётлар бўлиб, улардан 800 тасининг электрон нусхаси мавжуд. 4 нафар ходим 3 мингга яқин китобхонга хизмат кўрсатади. Айниқса, китоб ва адабиётга хос давра суҳбатлари, тадбирлар “Мум­тоз”да ўтказилаётгани китобхонлар сафини кенгайтир­япти.

Шунингдек, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш учун ҳам дастлаб бир дона тикув машинаси келтирилди ва чевар ҳам топилди. Яна 3 нафар тикувчилик билан шуғулланадиган ҳамқишлоқ аёллар ҳам шу бинодан қўним топишди. “Гўзаллик салони”нинг мижозлари ҳамма вақт топилади. Вақт-беҳуда кимгадир муолажа, тиббий ёрдамга эҳтиёж бўлади. Қиш­лоқ врачлик пункти узоқлиги сабабли икки хона бир шифокор ва ҳамшира учун ажратилди. Соҳа эгаларининг бирортаси ижара тўламайди. “Мумтоз” хусусий кутубхонаси “Ўзбекис­тон” қишлоғи ва ён қишлоқлардаги аҳоли учун ҳам хизмат кўрсатади.

— Таҳририятимиз қошидаги китобхонларимиз орасида Президент совғасини олганлар бор, — деди “Халқ овози” газетаси бош муҳаррири Гулжаҳон Ёмғурова. — Китобхонларимизни китобнинг қадрини кўтараётган, қиш­лоғи аҳлининг маърифатли бўлишига ҳисса қўшаётган аёл билан таништираман, дея бир автобус ўқувчилар билан келдик. Улар ҳайратларини яшира олмадилар. Гавҳар Ҳусанованинг илтифоти, шеърият, адабиёт, китоб ҳақида суҳбатларидан ҳузур қилишди. Таассуротларни эшитган бошқа ёшлар, бизни ҳам олиб боринг, деб тинчлик беришмаяпти. Бу ҳолат кимни қувонтирмайди, дейсиз. Китобсеварлар кўпайса қандай яхши!

Гавҳар Ҳусанова илҳомбахш ижодкор, муҳаб­бати чексиз муаллима, севимли ёр, ардоқдаги келин, фарзандларига алласи-ю, ния­тида илм тилаган она, танти тадбиркор, Сайҳун­обод туман Кенгаши депутати, китоблар оламини қишлоғига тортиқ этган кутубхона бекаси. Қизларининг бири Тошкентдаги, бири Сирдарёдаги Президент мактаби ўқувчиси, ўғли ҳам опалари сафига киришга тайёрланаяпти. Гавҳар Ҳусанованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланиши ҳам айни бу эътирофларнинг амали бўлди.

Гавҳар Ҳусанова исми жисмига мос, Сирдарёнинг маънавий Гавҳарларидан бири. Ана шундай Гавҳарларнинг сафи кенгайсин.

Баҳринисо НОРЖИГИТОВА.

Гулистон тумани

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − seven =