Зармитан ўғлони
Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги олдидан юртимиз равнақи, мустақиллигимизнинг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшаётган турли соҳа вакиллари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар. Улар орасида ўзининг 28 йиллик меҳнати билан жамоаси орасида алоҳида ҳурматга эга “Зармитан” кони лаҳимчиси Шавкат Турсунов ҳам бор. У “Дўстлик” орденига муносиб топилди.
Оғир ва хавфли касб эгалари саналадиган шахтёрлар ер остида белгиланган талаблар асосида махсус техника жиҳозлари ёрдамида меҳнат қилишади. Жанубий кон бошқармасининг “Зармитан” конида бир оила аъзоларидек, аҳиллик билан меҳнат қилаётган кон ишида муҳим аҳамият касб этувчи рудани қазиб олувчи кончилар, электрчилангарлар, техникаларга хизмат кўрсатувчилар, машинистлар ва бойликлар сари йўл очувчи лаҳимчилар танлаган касблари оғир бўлишига қарамай, шу соҳада фаолият олиб бораётганликларидан доимо фахрланишади. Сабаби, ернинг 500-600 метр чуқурлигига тушиш ва ишлаш ҳамма учун ҳам эмас. Барча нарсанинг ўз қонун-қоидалари бўлгани каби шахтада ишлайдиган киши ҳам ҳар жиҳатдан, жисмонан ва руҳан соғлом, шунингдек, иродали, чуқур билим ва матонат эгаси бўлмоғи лозим.
Қаҳрамонимиз хонадонида бўлганимизда, невараларини эркалаб, уларга эртаклар айтаётганига гувоҳ бўлдик. Беғубор болалик дамларида унга бобоси ҳам набираси кончилик касбини эгаллашини ният қилган бўлса, ажабмас.
…Қўшработнинг “Булоқ” қишлоғи ўзининг сўлим табиати, қир-адирлар бўйлаб турна қатор ёйилиб ётган ҳовлилари, уларда истиқомат қилаётган бағрикенг инсонлари билан файзиёб гўшага айланган. Деҳқончилигу чорвачиликнинг ҳадисини олган булоқликларнинг қайси бир хонадонига ташриф буюрманг некбинлик, шукроналикни туясиз.
1971 йилнинг 15 февралида ушбу кўҳна қишлоқнинг Кубай Турсунов хонадонида еттинчи фарзанд дунёга келди. Ота-онаси яхши ниятлар билан Зармитаннинг шону шавкатини машҳур қилсин деб унга Шавкат исмини қўядилар.
Ҳар қандай меҳнатга муносиб рағбат бўлиши унда болаликданоқ шаклланди. Отаси қишлоқда тракторчи сифатида ишлаб юрган кезларда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун уни қўл соат билан тақдирлашди. Бу эътибордан руҳланган хонадон эгалари учун ўша кун байрамга айланди. Шунда қаҳрамонимизда вояга етиб, бир касбнинг муқим эгаси бўлиш, меҳнати қадрланиб, юксак мукофотларга сазовор бўлишга иштиёқ уйғонади. Мактабни аъло баҳоларда тамомлагач, ундаги истак ва хоҳиш кончи бўлишга етаклади. Ўша пайтда ундаги интилувчанлик ва тиришқоқликни кўрган тажрибали кон лаҳимчилари Фозил Қаюмов ва Каромат Нурмоновлар устозлик қилишди, касб сир-асрорларини ўргатишди.
– Шавкат Кубаевич оддий лаҳимчи сифатида катта жамоамиз орасида катта обрў-эътибор қозонди, ўнлаб шогирдларни тарбия қилди, – дейди “Зармитан” кони бошлиғи Толлибой Юлдашев. – Конда бугунги кунда 1700 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг барчаси Шавкат акани яхши танийди, ҳурмат қилади.
Конда асосий ер ости кон ишлари механизациялаштирилган бўлиб, бу ерда Германия, Швеция, Россия ва Финляндияда ишлаб чиқарилган юқори қувватга эга техникалардан унумли фойдаланилмоқда. Шавкат Турсунов фаолият кўрсатаётган участкада маъдан қазиб олиш режасини бажаришда катта масъулият билан ёндашиб келиняпти. Шу боис 2014 йилда Жанубий кон бошқармаси томонидан ўтказилган танловда қаҳрамонимиз “Илғор лаҳимчи” номинацияси ғолиби деб топилиб, фахрли биринчи ўрин берилган эди.
У маъдан қазиб олиш режа топшириқларини бажаришда бор куч-ғайратини сарфлаб, режани 124 фоизгача ошириб уддаламоқда. Устоз-шогирд амалиётини кенг тарғиб этган ҳолда, бугунги кунга қадар институт, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 40 нафарга яқин ёш мутахассисга мураббийлик қилмоқда. Бой касбий тажрибасини ёшларга ўргатиб, уларни ўз касбининг мутахассиси даражасига етказди.
Иш фаолиятидан ташқари у ўзи яшаб турган маҳаллада ҳам ҳурмат ва эътиборга эга, маҳалладаги ташкилий, маънавий-маърифий ишларда, маҳалла йиғинлари, ободонлаштириш тадбирларида фаол қатнашиб туради. Тўрт нафар фарзандини ўқитди, қизларини турмушга чиқарди. Икки ўғли олий таълим даргоҳларида таҳсил олмоқда.
Малакали мутахассис, жонкуяр маслаҳатчи, талабчан ходим сифатида ўнлаб шогирдлари ҳозирда муҳим ишлаб чиқариш объектларида самарали фаолият юритмоқда. Холмурод Бўронов, Ҳабиб Кўбаев, Акмал Худойқулов, Актам Йўлдошев, Ўктам Жиянов каби кон лаҳимчилари катта тажрибага эга мутахассисларга айланишган. Ўзига юклатилган вазифаларни шараф билан уддалаётганлиги учун Шавкат Турсунов Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти томонидан “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони тўлиқ кавалери ҳисобланади. У эндиликда муҳим байрам саналарида, эл орасида бўлганида, “Дўстлик” ордени кўксини безаб туради.
Азамат ЗАРИПОВ.
Муаллиф олган суратлар.