ТерДПИ ректори — Россия университетининг фахрий профессори

Юртимизнинг энг серқуёш ўлкаси Сурхондарёда узоқ вақтлар давомида фақатгина ягона олий ўқув юрти фаолият кўрсатар, у ҳам бўлса, ҳозирги Термиз давлат университети эди. Аммо сўнгги йилларда таълим соҳасига катта эътибор туфайли Сурхон диёрида ҳам 10 га яқин олий таълим муассасалари ташкил этилди.

 

Ана шулар қаторида бундан 5 йил аввал ташкил топган Термиз давлат педагогика инс­титути бугунги кунда юртимиздаги энг нуфузли, обрўли олий таълим ўчоқларидан бирига айланиб улгурди. Бу ерда айни пайт­­да 10 минг нафардан зиёд талабалар таҳсил олишмоқда. Институтда 9 та факультет, 20 та кафедра мавжуд. Олий таълим даргоҳи ёшларига 300 нафардан зиёд устозлар сабоқ беришмоқда.

Яқинда мазкур институт ректори Азизбек Ҳасанов Россия Федерацияси Шадринск давлат педагогика университетининг “Фахрий профессор” даражаси билан тақдирланди. Институт ректори мазкур эътирофга Термиз давлат педагогика институти ҳамда Шад­ринск давлат педагогика университети билан олиб бораётган ўзаро ҳамкорликдаги самарали фаолияти учун муносиб деб топилди. Ушбу нуфузли мукофотни ТерДПИда бўлиб ўтган тантанали тадбирда Шадринск давлат педагогика университети доценти Ольга Калинина топширди.

— Бизнинг Россия Шадринск давлат педагогика университети жамоаси Термиз давлат педагогика институти билан тузилган ўзаро ҳамкорлик меморандумига кўра, олийгоҳларимиз ўртасида қўшма малака ошириш курсларини ташкил этиш, илмий-педагогик тажрибалар алмашиш ҳамда бир қанча йўналишларда магистратура дастурининг йўлга қўйилаётгани ҳамда ТерДПИ ректори Азизбек Бахтиёрович Ҳасановга университетимизнинг “Фахрий профессор” даражасини топширишдан мамнун, –  деди О.Калинина.

Шуни айтиш жоизки, ТерДПИ нафақат Россиядаги Шадринск давлат педагогика университети, балки бошқа хорижий мамлакатлардаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қатор илмий-педагогик  келишувлар, ташаббуслар асосида иш юритмоқда. Мақсад олий таълим даргоҳи обрў-эътиборини, мавқеини дунё бўйлаб ошириш билан бир қаторда, сабоқ олаётган ёшларни ҳар томонлама тўкис, етук мутахассислар этиб тайёрлашдан иборат.

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 1 =