Ишонч қозонаётган “Ishonch”

2018 йил якунида миллий журналистикамизда кутилмаган бир воқеа юз берди: “ISHONCH” ва “Ishonch-Доверие” газеталари ўз саҳифаларида йил мобайнида эълон қилинган энг сара мақолаларни бир муқова орасида китоб-мажмуа ҳолида ўқувчиларга тақдим этди. Нима учун кутилмаган воқеа, дедик?

Дунё ахборот майдонида оммавий ахборот тарқатиш воситалари шу қадар кўпайиб, хилма-хиллашиб кетдики, бунинг оқибатида, биринчи навбатда анъанавий босма нашрлар бирмунча танг аҳволда қолди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, газета-журналнинг замони ўтди, ҳатто чўнтагимизда уяли телефон бор экан, босма нашрлар мутолаасини йиғиштириб қўйсак ҳам бўлаверади, дейдиган олдинни “кўра биладиган” башоратчилар урчиди.

Шу тариқа ахборот майдонида очиқ ёки пинҳона рақобат забтига олди. Вазият оғирлашди, баъзан қалтис тус ҳам олди. Мана шундай бир муҳитда   “ISHONCH” ва “Ishonch-Доверие” газеталари қаддини ғоз тутиб, кураш майдонига чиқди. Бошқача айтганда, камтарона “1 йилга 1 назар…” номида китоб дунёга келди. Бу билан газета таҳририяти ижодий жамоаси “Газета ўлмайди! Йил мобайнида газетамизда чиққан энг сара мақолаларни такроран ўқиб кўринг! Мана, марҳамат!” дея моҳиятан кенг оммани яна ва яна газетхонликка ундади, даъват этди.

*  *  *

2019 йил якунида “ISHONCH” айтадики…”, 2020 йилда “Миллатни улғайтирган йил”, 2021 йилда “2021 (факт ва далиллар, мулоҳазалар ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар)”, 2022 йилда “Нигоҳ” номи остида салмоқли мажмуалар китобхонлар эътиборини тортди ва шу тариқа кутилмаган воқеа ўзига хос ажойиб анъана тусини олди! Жорий йил ниҳоясига етаёзган айни кунларда эса қўлимизга 2023 йилнинг сарҳисоби бўлмиш “Йил “ISHONCH”и” етиб келди!

Ҳар қандай миллий журналистика шу куннинг ҳаёт қозонида вужудга келади, шаклланади, тараққий топади. Шу нуқтаи назардан у ижоднинг энг мураккаб соҳаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, жамият миқёсида кечаётган жараёнларни муттасил кузатиб бориш, унинг “пульси” зарбаларидан бохабар бўлиш ҳамда воқеаларни ниҳоятда тезкорлик ва холислик билан шарҳлай билиш бир мураккабликка ўн мураккаблик қўшади десак заррача муболаға бўлмайди.  Сўнгги етти йил мобайнида миллий ахборот майдонимизда сиёсий шарҳловчи сифатида танилган ва эътироф этилган Қудратилла Рафиқов ҳақли маънода Янги Ўзбекистон солномасини яратмоқда.

Солнома яратиш кўпроқ тарихчи олимларнинг вазифасидек туюлади. Қудратилла Рафиқов солномаларида эса жамиятшунос ва файласуф, сиё­сатшунос ва маърифатпарвар нигоҳи ҳамда мантиқий-руҳий мезон мужассам эканлигидан ташқари улар фавқулодда самимияти, ҳаётийлиги, айниқса, таҳлилий ёндашувнинг чуқурлиги билан “солнома” деб аталгувчи жанрни бойитмоқда, жанр сифатидаги имкониятларини кенгайтирмоқда.

“Йил “ISHONCH”и”да муаллиф давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев феномени ва унинг мамлакатимиз ва Марказий Осиёда кечаётган жараёнлардаги ўрнига доир фаолияти ҳақида сўз юритган. Росмана илмий тадқиқот мақомида ёзилган мақоланинг аввалидан олинган қуйидаги иқтибосга эътибор берайлик: “Очиғи, ўзбекларга ҳам хос бўлган шарқона менталитетни ҳисобга олсак, давлатнинг биринчи шахслари ҳақида фикр юритганда ёки ёзганда меъёрни сақлаш жуда қийин. Мен халқимизнинг маънавий-ахлоқий кодексига “андиша” тушунчаси билан кирган миллий ўзлигимизга хос назокат, хушмуомалалик, эҳтиёткорликни назарда тутяпман. Назаримда, бу миллий характеримизни бугунги глобал ва ўзгарувчан дунё­­га мослаштириш вақти келди”.

Жўн гаплар эмас бу мулоҳазалар. Муаллиф муҳтарам Президентимизнинг Марказий Осиё миқёсида тутган ўрни ҳақида сўз оча туриб, асрлар мобайнида ардоқлаб келинган гўзал фазилатларимиздан бирини бугунги кун глобал дунё контекстида муҳокама марказига олиб чиқмоқда. Хусусан, нарсаларни ўз номи билан аташ қадрланаётган ҳозирги замонда айрим тушунчаларимизни “ўзгарувчан дунёга мослаштириш” заруриятига урғу бермоқда.

Бир сўз билан айтганда, Қ.Рафиқовнинг мазкур шарҳи тарихий, фалсафий, сиёсий, маънавий, психологик нуқтаи назардан мутахассислар, сиёсатчилар, шунингдек, кенг омма томонидан катта қизиқиш билан ўқилади.

 *  *  *

Қачон ва қаерда Сурхондарёнинг Сариосиё туманидаги Сангардак тоғ қишлоғи ҳақида сўз очилса, “У ерга бориш-келиш машаққат-да!” дея норозиланиш туйғуси кўндаланг бўлар эди. Буни қаранг, йўл азобини ёдга солувчи ўша манзил-мас­канда шу йил ёзида “Сангардак” сиҳатгоҳи қад кўтарди-ю, нафақат кайфият, кайфиятга қўшилиб тасаввур-тафаккур ўзгарди. Энди Сангардакнинг булутўпар тоғлари бағридаги “Сангардак” сиҳатгоҳи ҳордиқ чиқариш истагидаги ватандошларимизни, қолаверса, хорижий сайёҳларнинг суюкли ва ардоқли гўшасига айланиши муқаррар.

Китобдан ўрин олган “Тоғларга бўйлашган “Сангардак” мақоласига изма-из берилган “Водий жавоҳири мўъжизалари” мақоласида устоз адиб Абдусаид Кўчимов Фарғона вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан ҳикоя қилади. Таниқли публицист Ҳусан Эрматовнинг Тоғли Қорабоғ сафари таассуротлари ҳаяжон ила ўқилади. Истеъдодли журналист Алижон Абдураҳмонов Бахмал туманидаги Лойқақирқ қиш­лоғининг кейинги йиллардаги ҳам шаклан, ҳам мазмунан янгилана бораётганини аниқ рақамлар ёрдамида ўқувчи кўз ўнгида гавдалантиради.

*  *  *

“ISHONCH” ва “Ishonch-Доверие” газеталари Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси муассислигида фаолият юритади, бинобарин, газеталар меҳнаткашлар манфаатини ҳимоя қилишни ўзининг бош вазифаларидан ҳисоблайди. Газета бош муҳаррири Ҳусан Эрматов ёзганидек: “Мухбирларимиз олиб чиққан муаммолар ўз ечимини топганини эшитсак, биздан бахтлироқ одам бўлмайди”. Шундай экан, “Касаба уюшмаси аралашгач…” деб номланган бўлим учун китобдан бирмунча кенг ўрин берилгани бежиз эмас. Унда турли вилоят ва туман, шаҳар ва қишлоқлардан келган ўндан ортиқ мурожаат касаба уюшмалари аралашуви билан ижобий ечимини топгани қамраб олинган. “Қонунни менсимаслик қимматга тушди”, “Буйруқ ғайриқонуний эди”, “Муаллимлар яна мактабга қайтди”, “Улар ноҳақ ишдан бўшатилган эдилар”, “175 нафар ходимга иш ҳақи ундириб берилди”, “7 минг 219 нафар педагогнинг таътил пули қайта ҳисобланди” сингари сарлавҳаларнинг ўзиданоқ мақолаларда нима ҳақда гап бораётгани, мурожаат сабаблари ва айниқса, эришилган амалий чораларни англаб олиш қийин эмас.

“ISHONCH” саволлари” бўлими аввалги бўлимнинг мантиқий давомидек ўқилади. Эътибор берилса, айни пайтда газеталаримизда савол-сарлавҳалар кўп учрамоқда. Мантиқан мазкур ҳолатни тушуниш мумкин. Зеро, ҳаётимизнинг барча соҳаларида шиддатли ислоҳотлар давом этаётган бир пайтда жавоби топилмаётган ёки вақтида жавоби қайтарилмаётган саволларнинг кўпайиши аҳолининг ҳақли эътирозига, норозилигига олиб келмоқда. Газета бу ўринда кенг омма билан жойлардаги давлат ва нодавлат муассасалари ўртасида воситачилик вазифасини ўтамоқда. “Савол борми, марҳамат қилиб, унга вақтида ва қониқарли жавоб беринг, ҳурматли раҳбарлар!” дея огоҳ этмоқда.

 *  *  *

Ҳар қандай босма нашрнинг салмоғи-салоҳиятини оширишда масалани чуқур ва теран ёритишга бағишланган пишиқ-пухта чиқишларнинг аҳамияти ўзгача, албатта. Табиий, бу йўналишда муаммони таҳлилга тортиш, тадқиқот ўтказиш ва умумлашма хулосалар чиқариш, таклиф-мулоҳазаларни ўртага ташлашга ҳам ҳаётий, ҳам касбий малака-тажриба соҳиб ва соҳибаларигина қодир. Китобдаги “Мулоҳаза, мунозара, таҳлил” деб номланган бўлимдан жой олган мақола муаллифларини ҳозирги кун миллий матбуотимизнинг дарғалари дейиш мумкин. Устоз журналист Эркин Эрназаров “Репетитор нега керак?” дея савол қўймоқда. Дарҳақиқат, репетиторлик авж пардасига кўтарилган замонда яшамоқдамиз. Бунга ҳеч ким қарши эмас, зеро, репетитор ёш авлоднинг билимини оширмоқда, уларни илм-фан сари йўлламоқда. Бироқ бундай “илмпарварлик”да ҳам тош-тарози бор, жаҳон мамлакатлари тажрибаси бор, миллий-маҳаллий шарт-шароит, имкониятлар бор. Масаланинг маънавий, илмий, молиявий жиҳатлари талайгина. Мазкур муаммоларнинг бари ёш, навқирон авлод вакиллари вояга етаётган оилаларга дахлдор десак хато бўлмайди.

Ҳусан Эрматов, Ҳалим Саидов ва Алишер Тои­ров матбуот муаммоларидан баҳс очган бўлсалар, Виктор Алимасов, Салим Абдураҳмонов, Дилдора Иброҳимова, Зебо Намозова, Умида Худойберганова, Гулруҳбегим Одашбоева мактаб, илм, билим, таълим ва тарбия мавзуига доир мулоҳазаларни ўртоқлашганлар. Фарҳод Толипов ва Наргис Қосимова эса экология муаммоларига тааллуқли салмоқли қарашларини баён этишган.

 *  *  *

Мамлакатимизда жамият тараққиёти ва равнақига тушов бўлаётган асосий иллатлардан бири коррупция балоси эканлиги очиқ-ошкора эътироф этилганига, зеро, унга қарши кураш давлат сиёсати даражасига кўтарилганига у қадар кўп бўлгани йўқ. Бу иллатга барҳам бериш борасида кундалик матбуот нашрларимиз қаторида “ISHONCH” ҳам четда қолаётгани йўқ. Чунончи, хизмат кўрсатган журналист Эркин Эрназаров ўз ижодий услубидан келиб чиқиб, коррупция балосига қарши кураш борасида жаҳон тажрибаларига мурожаат қилади. Газета мухбири Ғуломжон Мираҳмедов янаям оғриқли мавзу — жиноят кўчасига кирган аёллар муаммосидан ташвишланади. Журналист Нурилла Нўъмонов энергетика муаммоларини биргина Андижон вилояти мисолида ўрганади. Назаримизда, ушбу мавзу барча вилоятлар аҳолисини бирдек ташвишлантираётгани ҳеч кимга сир эмас. Қўшработ туманида 28 минг нусха китоб жамғармаси бўлган ахборот-кутубхона маркази жойдан-жойга кўчавериб сарсони чиқиб кетгани ҳақидаги “Қўшработча кўзбўямачилик”, Жиззахдаги Сангзор дарёсининг зорига қулоқ соладиган мутасадди топилмаётгани ҳақидаги “Сангзорнинг зорини ким эшитади?”, Булунғур сув омбори қурилишидаги сансалорлик тас­вирланган “Булунғур сув омбори: қурилишидаги қинғирликлар туфайли муаммолар гирдобида қолган Пахтабоши қишлоғи аҳли дардини кимга айтишни билмаяпти” сарлавҳали танқидий мақолалар “Оғриқ тишлар” бўлимининг салмоғини белгилаган.

 *  *  *

Китобнинг “Мозий, маънавият, маърифат” ҳамда “Ижод уммонидан мавжлар” бўлимларидан жой олган мақолалар ҳам мазмунан, ҳам руҳан бир-бирига яқин, ҳамоҳанг. Хусусан, адабиётимиз, маданиятимиз, журналистикамиз майдонида жавлон урган, бемисл маънавий жасорат намуналарини кўрсатган устоз сиймолар хотирлангани кўнгилда илиқ таассуротлар қолдиради. Наим Каримов, Омон Матжон, Бойбўта Дўстқораев, Аҳмаджон Мухторов, Азим Суюн, Сафар Остон, Шерали Жўраев ҳақидаги хотиралар, шунингдек, Ҳабиб Темурнинг устоз адиб Иброҳим Ғафуровга бағишланган “Гул баргига ёзилган хатлар”, Ҳалим Саиднинг “Мирзо Улуғбек, Мунавварқори, Миллий университет”, Аброр Ғуломовнинг “Туркистонлик легионерлар қисмати”, Маматқул Ҳазратқуловнинг “Кўп асал ейишдан тийила оламизми?”, Алижон Абдураҳмоновнинг “Соч ўстирмайдиган, қўл телефони ишлатмайдиган чемпион” номли жозибадор эссе, мақола, суҳбат ва интервьюлар ҳар қандай нашр саҳифасини безаши ва кенг муштарийлар томонидан манзур кўриб ўқилиши аниқ.

 *  *  *

Газета-журналнинг салмоғини муаллифлар жамоаси, бу жамоанинг салоҳияти белгилайди. Қўлимиздаги мажмуа бу борада ҳам ҳавас қиларли ибрат кўрсатган. Яъни, таҳририятнинг ички ижодий салоҳияти нечоғли мукаммал бўлса, унинг ташқи “жамоаси” ҳам шунчалар бақувват. Китобни варақлаган ҳар қандай ўқувчи шундай хулосага келиши муқаррар.

Сўнгги бўлимдан “Ishonch-Доверие” саҳифаларида рус тилида чоп этилган сара мақолалар жой олгани ҳам эътиборга лойиқ.

*  *  *

“ISHONCH” газетаси, мана, бир неча йилдирки, оммабоплик борасида мамлакатимизнинг етакчи газеталари сафини эгаллаб келмоқда. Унинг саҳифаларида босилаётган энг долзарб, энг аҳамиятли ва ранг-баранг мақолалар газетхонларга манзур бўлмоқда. Мухтасар айтганда, “ISHONCH” ишонч қозонишда давом этмоқда! Йиллик солномалар эса нафақат мазкур газетага, балки, умуман, босма нашрларга бўлган ҳурмат, муҳаббат ва эътиборни мустаҳкамлашда катта хизмат қилмоқда.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган  маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 6 =