Устознинг ўгитлари

Ҳар қандай инсон умри унинг савобли амаллари, эзгу ишлари билан безакли ва файзли кечади. Ана шундай фазилатли умр соҳибларидан бири, ҳаётида кўплаб ёшларга устозлик қилган, журналистикадек машаққатли ва савобли соҳада ўзига хос из қолдирган, бугунги кунда қутлуғ ёшда бўлишига қарамай, ҳамиша жонсарак ва фидойи устоз Абдусамад Исоқов ҳақида дил сўзларимизни айтишни истадик.
Абдусамад Исоқов Ўзбекистон радиосига жуда ёшлигида келган. Дастлаб, кичик муҳаррир бўлиб ишлади ва дорилфунунда журналистика назариясидан сабоқ олди. Касбга бўлган эътиқоди, тиришқоқлиги, ишга масъулият билан ёндашиши туфайли амал пиллапояларидан тез кўтарилди. Орадан кўп ўтмай муҳаррир, катта муҳаррир, бўлим бошлиғи, бош муҳаррир лавозимларига муносиб кўрилди. Раҳбарият устознинг иқтидорини инобатга олиб, Ўзбекистон радиосининг дастурлар дирекцияси, сўнг ҳудудий телерадиолар билан ишлаш бош бошқармасининг бошлиғи қилиб тайинлади.
Устоз радио ва телевидениеда эллик йилга яқин фаолият олиб бориб, қўлидаги қалами-ю дадил қадамлари билан ўчмас из қолдирди ва ҳануз ижод боғларида баракали сайр қилмоқда.
Абдусамад Исоқов ташаббускорлик бобида, айниқса, ибратли ишларни амалга оширди. Ўзбекистон радиосида “Тошкент шаҳри ва вилояти меҳнаткашлари учун эшиттиришлар” бош таҳририяти, “Саноат” бўлимини бош таҳририятга айлантириш, “Ахборот” таҳририяти тизимида “Халқаро ҳаёт” бўлими, миллий телерадиокомпания қошида “Ходимлар малакасини ошириш маркази”ини ташкил этишда бош-қош бўлганликларини биз тенгқур касбдошлар жуда яхши биламиз. Айниқса, мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари бошқарма бошлиғи бўлиб, вилоятларда янги телестудиялар ташкил этишда тиним билмай ишлади. Бухоро, Қашқадарё, Жиззах, Навоий, Сирдарё вилоятларида йўқ жойдан бор қилиб телестудиялар очишнинг ўзи бўлмаслигини ўша даврни кўрганлар яхши англашади.
Ўзбекистон радиосида “Табассум” кўнгилочар дастури, “Қармоқ” танқидий эшиттириши қаторида устоз “Саноат” таҳририяти ҳамда “Сўнгги ахборот” бош таҳририятида “Сўнгги ахборот” танқид қилади”, “Оқшом тўлқинларида” номли ахборот-мусиқий эшиттиришлар ташкил этиб, чақмоқдай чарақлаб майдонга чиққан эди. Митти фельетон ва ўткир тиғли танқидий эшиттиришларда ўша даврларда иқтисодиётимизга тўғоноқ бўлаётган олғир порахўрлар, таъмагирлар, маҳаллийчилик қилаётган идора ва ташкилотлар раҳбарлари, елвизак-феълу суваракмижоз кишиларнинг ҳаракатлари шафқатсизларча танқид қилинарди.
Абдусамад Исоқов томонидан тайёрланиб, эфирга узатилган “Ўзбекистон ишчиси”, “Оқшом тўлқинларида”, “Сиёсий шарҳловчилар даврасида”, телевидениеда “Диёр”, “Ҳазрати инсон”, “Мувозанат”, “Истиқлолим-истиқболим” сингари муаллифлик кўрсатувлари ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган, десак, янглишмаймиз.
Абдусамад ака кексалик гаштини сурадиган ёшда ҳам ижод уммонида сузмоқда. “Мен ишчиман” очерклар тўплами, “Журналистнинг завқли ва машаққатли ҳаёт йўли”, “Эзгулик излаб”, “Шарҳловчилик бешигини тебратганлар”, “Маҳаллам — фахрим, ифтихорим” (қизлари Наргиза Исоқова билан ҳамкорликда) сингари китоблари ўқувчилар томонидан қизиқиш билан кутиб олинган.
Радио ва телевидение соҳасида бой тажрибага эга бўлган Абдусамад ака Исоқов ҳеч қачон шогирдларидан қимматли маслаҳатларини аямайди. Улар билан ҳамсуҳбат бўлганида, доим: “Вақт ғанимат. Сизлар ҳам шунча йил ишлаб, устоз мақомига эришяпсизлар. Телевидение ва радио соҳасида орттирган тажрибаларингиз ва хотираларингизни ҳозирдан тўплаб, китоб қилишга киришсангиз, бўлғуси ҳамкасбларимизга нафи тегарди, улар тарихимиздан воқиф бўлишар эди”, дея шогирдлари қалбида ижод уруғини жонлантиради.
“Журналист ҳаётда содир бўлаётган барча воқеа-ҳодисалардан бохабар бўлмоғи, ёзажак объекти —ташкилотми, корхонами ёки қаҳрамонини ҳам яхши билмоғи, сўнг қўлига қалам олмоғи, микрофон тутмоғи даркор. Яна бир маслаҳатим: танқид бировдан ўч олиш учун эмас, балки ҳақиқатни улуғлаб, халққа ҳалол хизмат қилиш учун ёзилиши керак. Шунингдек, нимани ёзиш кераг-у, нимани ёзмаслик маъқуллигини эсдан чиқармаслигимиз лозим”, деб таъкидлайди.
Устознинг машаққатли ижод йўли, қимматли панд-насиҳатлари журналистикага энди қадам қўяётган ёшлар учун ибратлидир.
Қобилбек КАРИМБЕКОВ,
Комилжон КАРИМЖОНОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар,
Азимжон ПЎЛАТОВ,
Халқаро “Олтин қалам” мукофоти cоҳиби.