Олқишга сазовор ижодкор

Профессионал журналист! Бу иборани ҳамма журналистга ҳам қўллаш имкони йўқ. Саноқли профессионал журналистлар орасида эса Одилжон Иномовнинг алоҳида ўрни бор. Ижодий фаолиятининг қирқинчи, умрининг 60-довонида Одилжон Иномов устоз журналист мақоми билан олқишга сазовор бўлиб турибди.

Раҳматли Мамажон ота етти фарзандининг кенжаси бўлган Одилжонда бир зиё пайқадики, пойтахтда фаолият юритувчи, “ҳарбий ёзувчи” номи билан машҳур журналист Ҳамид Тожибоевга ўғилчасини рўбарў қилиб: “Ҳамидхон, шу ўғлимни ўзингиз тарбиялаб берасиз. Мактабни битирса, Тошкентга — олдингизга боради”, деб тайинлайди.

Ўшанда Одилжон 6-синф ўқувчиси эди. Орадан йиллар ўтди. Мактабни тамомлаган йигит акаларига раҳматли дадасининг орзусини, узоқроқ қариндошлари бўлмиш Ҳамид Тожибоевнинг лафзини эслатди.

Тошкент полиграфия техникумида таҳсил олаётган Одилжон Ҳамид Тожибоевнинг юриш-туриши, баъзан кечалари, баъзан тонг саҳардан столга мук тушганча нималардир ёзишини кузатар, журналистга хос маданиятига ҳавас қиларди.

Юрагига тушган худди шу ҳавас учқунлари кейинчалик алангалана бошлади. Техникум таҳсилидан кейин ҳарбий хизматга бориб келгач, Чортоқ туманлараро босмахонасида иш бошлади. Иш орасида туман газетасининг қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Содиқжон Даминовдан топшириқлар олиб, хабар, лавҳалари билан газета саҳифаларида кўринди. Бу кичик муваффақиятлар онажониси Саломат аяга оламжаҳон қувонч бағишларди.

Олти ўғлон ва бир қизни соғлом ўстириш, бировдан камитмаслик чораси билан куйманувчи онани қувонтириш Одилжонга ўзгача иштиёқ берди. Энди у оддий хабарлар ёзиш билан чекланмасдан, йирик ҳажмдаги лавҳа, репортаж, танқидий-таҳлилий мақолалар ёзишга киришиб кетганди. Булар шунчаки ҳавас, оддий қизиқиш эмас, жиддий орзу, ният, аниқ мақсадли интилишлар эдики, босмахона ва таҳририятдаги чиниқиш билан Одилжон Иномов Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига сиртдан ўқишга кирди.

Одилжон вилоят марказида, “Халқ иродаси” газетасида — нисбатан кенгроқ муҳитда ишлай бошлади. Энди у бир қанча лойиҳалар бўйича ўз таклифларини вилоят раҳбарияти олдига қўйишга чоғланди. Вилоятда ёшлар нашри бўлиши ҳақидаги таклифи билан “Камолот” газетаси чоп этила бошлади. Қўшни вилоятларда аллақачон нодавлат телевидениелар ташкил этилиб, фаолияти ривожланаётган бир пайтда Наманганда “Бизнес фонд” раҳбари Жакбарали Мустақимов муассислигида “Ташаббус” реклама-тижорат студиясига асос солинди.

Янги телестудияни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, водийликларга сифатли кўрсатувлар тақдим этиш учун малакали ижодий-техник ходимлардан иборат жамоани шакллантириш Одилжон Иномов зиммасида бўлди. Қисқа муддатда ўз мухлисларини топиб улгурган “Ташаббус” телестудияси кенгайиб, “Шарқ” телевидениесига айланди. Бу жараёнга бош-қош бўлган Одилжон Иномов янги-янги кўрсатувлар ғояси билан тележурналистларга ибрат бўла олди.

“Устозларсиз ҳеч ким бўлмасдим!” Бу гап яқинда Одилжон Иномовнинг “Истеъдод зиё пресс” нашриётида чоп этилган “Мен билмаган дунё” биографик очерк китобидаги сарлавҳалардан бири. Китоб билан танишиб, Одилжон чин маънодаги устоз кўрган шогирд эканидан қувонасиз.

Филология фанлари номзоди Маҳмуджон Маъмуров, публицист адиб Муҳаммаджон Тожиддинов, тажрибали матбаачи Саъдулла Ғайбуллаев, Омонулла Қамбаров, Талаббой Назиров, Собиржон Турғунов, Фарҳод Йўлчиев, Ғуломжон Акбаров, Йўлдошали Самиев, Тожиддин Ғозиев, Жумавой Мусаев, Абдуғани Абдувалиев, Абдулла Жаббор, Маҳмуджон Парпиевлардан олган касбий сабоқлари ўзига ҳамон асқатаётганини Одилжон миннатдорлик билан эътироф этади.

Қўлига умид билан қалам тутган киши фақат журналистик жанрлардаги ижод билан чекланолмайди. Бу одатий анъанами ёки истеъдод соҳибларининг томирсурар туғма иқтидорими, ажратиш қийин.

О.Иномов ҳам Журъат, Одилжон Муҳаммад тахаллуслари остида ҳажвчилик йўналишида бадиий ижод билан астойдил шуғулланади. “Табассум” радиожурнали эфирида, “Муштум” журнали саҳифаларида Одилжон Муҳаммад қаламига мансуб ҳажвиялар саксонинчи йиллардан бошлаб эълон қилиб келинади. “ХХI аср” газетасининг водий вилоятлари бўйича мухбири лавозимида ишлаганида ҳам бадиий ижоддан тўхтагани йўқ.

Кейинги йилларда вилоят ҳокимлиги муассислигидаги ижтимоий-сиёсий нашр — “Наманганская правда” газетасига муҳаррирлик қилаётган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Одилжон Иномов замонавий медиамайдонда ҳам ўзига хос ташаббускорлиги билан ижодий қобилияти ва истеъдодини ёрқин намоён этмоқда. Газета сайти ва телеграм каналида, шунингдек, фейсбукдаги “Журъат” саҳифасида эълон қилаётган залворли мақолалари буни исботлайди.

Бадиий ижод намуналари эса “Хўжайин, неча пуллик кулдирай?”, “Ҳолвани ким еди?” деб номланган китоблари орқали мухлислари қўлига етиб, халқнинг маънавий мулкига айланди.

Инсон қайси касб-ҳунар ортидан муваффақият қозонмасин, унинг энг вафо қиладиган давлати, қувончининг барқарорлиги оиладаги бахтли муҳит билан тотимлидир. Одилжон турмуш ўртоғи Муқаддасхон билан уч фарзандни тарбиялаб эл корига қўшди. Бу хонадонда ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббат мудом барқарор.

Олтмиш ёш қутловлари ва қирқ йиллик ижодий меҳнат фаолияти давомидаги эришган муваффақиятлари ила янги довонларни кўзлаб, қаламини астойдил чархлаган кўйи соҳага, ҳаётга, одамларга меҳр қўйган ҳамкасбимизнинг умрига, ижодига баракот, ўзига мустаҳкам соғлик тилаймиз.

Носир АББОС.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × two =