Ҳазрати инсон фарзанди

Ўзбек журналистикасида Умида Файзиеванинг номи кўпчиликка яхши таниш. Маънавият соҳасида, таълим жабҳасида эл назарига тушган дарғалар   ҳақидаги очерклар, эзгу ва савобли ишларда ном қозонган сиймолар ҳақида лавҳалар Умидахон ижодининг бош мавзуси. Юракдан ёзилган сатрлар юракка етиб боради, деганларидек, таниқли журналист аввал ёзилажак мавзуни қалб меҳваридан ўтказиб қаламга олади.

Умида Файзиева фаолиятининг кейинги даврида узоқ йиллар “Ҳалқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририятининг девонхонасида мудирлик қилди. Мамлакат парламент газетасига келган ҳамма хатлар, жумладан, шикоят ва аризалар ана шу бўлимга тушади. Аксарият ҳолларда муаммоларга ечим излаб ёзилган номаларнинг муаллифлари айнан Умидахонга мурожаат қилар, нажот излаб келган инсонларнинг дардини тинглашга тўғри келарди. Бу ишдан хабардор ҳамкасблар Умидахонни “Таҳририятнинг шикоят дафтари” деб ҳам аташарди. Албатта, бу юмуш дафъатан кўзга ташланмас, аслида бу ерда асаблар жунбушга келиши оддий ҳол эди.

“Газета – суд идораси эмас, бу масала билан тегишли мутасаддиларга боринг” деб тушунтиришга ҳаракат қилинса, “Э опа, бизни фақат газетадагилар тушунади, сиз айтган жойларда роботлар ўтиришипти” дея ёрдам сўрашади. Шундан кейин одамлар дардини ўз дарди каби қабул қилишга, яна муаммога ечим излашга кўнишдан бошқа иложи йўқ-да.

Бир маҳалла оралиқ муддатда шаҳарга ҳам, вилоятга ҳам “қарамай” қолибди. Бу чигал муаммо билан шуғулланган фуқаро Умидахоннинг ҳузурига тўрт йилда йигирма марта келибди. Таҳририят масалага ечим излаб тегишли мутасаддиларга расмий мурожаат йўллайди. Таҳририятга келган жавоблар эса бошқотирмадан иборат бўлиб, мавҳумликнинг ўзи бўлади. Нафақат шикоятчи, девонхона мудирининг ҳам боши қотган.

Баъзан адоғи кўринмас мавзулар ҳақида газетада чиқиш қилишга тўғри келади. Бунинг учун одамларнинг дардини зиммага олиш, адолат учун курашиш керак бўлади. Ҳар қандай ижодкорнинг бошланғич палласида қандайдир синов дамлари бўлади. Умидахонни илк битиклари савоб ишлар, меҳр-мурувват мавзусида кўзга ташланди.

“Умида Файзиеванинг ёзган лавҳасини ўқидингизми, бинойидек чиқибди” де­йишса, “Шундай бўлиши табиий, чунки у кимнинг-кимнинг – Раҳмат Файзийнинг қизи-ку”, дейишарди.

Дарҳақиқат, эл суйган катта ёзувчининг фарзанди эканидан Умидахон ҳамиша фахрланса-да, аммо ҳеч қачон бу билан ўзини кўз-кўз қилган эмас. Чунки у жуда камтарин, самимий. Энг муҳими, ҳамкасбимизнинг бировга қаттиқ гапирганини ҳатто баланд овозда сўзлаганини ҳеч ким эшитмаган. Ана шундай фазилатли, имон-эътиқодли аёл у.

Ҳозирги ёшларга Раҳмат Файзий кимлиги ҳақида икки оғиз. Ўзбек прозасининг пешқадамларидан бири бўлган адиб ижодини газета таҳририятларида бош­лаб, “Ҳазрати инсон” романи, “Сен етим эмассан” киноқиссасини яратган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси. Қолаверса, Раҳмат Файзий асари асосида ишланган “Сен етим эмассан” фильмини ким кўрмаган, ҳаяжонга тушмаган дейсиз. Бундан ташқари, ёзувчининг кўплаб ҳикоялари, очерклари ўз даврида жуда машҳур бўлган. “Ҳазрати инсон” романи эса ўзбек адабиётининг ўлмас асарларидан бирига айланган.

Ҳа, Умида Файзиева – ана шундай улуғ адибнинг фарзанди.

Шу кунларда қутлуғ ёшини кутиб олаётган Умидахон Файзиевага узоқ умр, ижодий ютуқлар тилаймиз.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − three =