Мўътабар аёл қалби

Ҳаётда оғир кунларни ўз бошидан кечирган бу аёл неларга чидамади. 1977 йилда машъум ўлим турмуш ўртоғи Раҳмон Чинмирзаевни айни қирчиллама 40 ёшида ҳаётдан юлиб кетди. Шарбат Мухторова уч ўғил, бир қиз билан бўзлаб қолди. Асли ҳаётда ота меҳридан тўймай, онаси Малоҳат ая қўлида вояга етган опа жуда ёш 28 ёшида бева қолди. Турмуш ўртоғи вафотига қадар ўғли Элбекдан ажралгани камдай қайнонаси ва онасининг ҳам ҳаётдан кўз юмиши туфайли у оғир мусибатларга рўбарў бўлди.

Аммо у эгилмади, қаддини баланд тутди, Аллоҳнинг иродасига бўйсуниб, фақат олдинга интилди, ортга чекинмади. Ҳатто пандемия даврида опанинг ўзига касаллик чанг солганида, шифохонада узоқ ётиб қолганида ҳам ноумид бўлмади.

У мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ оммавий ахборот воситаларида ўз ижод намуналари билан қатнашиб турарди. Туманнинг “Илғор чорвадор” газетаси таҳририятидагилар унинг ана шу қобилият ва иқтидорини ҳисобга олган ҳолда 1967 йилда газетага ишга таклиф қилишганди. Ўша йилдан бошлаб газетада мусаҳҳиҳлик қила бошлади. Турмуш ўртоғи адиб, шоир ва драматург Раҳмон Чинмирзаев Самарқанд вилояти газетасига ишга ўтгач, унинг иши ҳам шу газета билан боғланди. Болаларининг отаси вилоят газетасининг Каттақўрғон тумани бўйича мухбири этиб ишга тайинланди, ўзи эса вилоят “Зарафшон” газетасида маданият ва турмуш бўлимининг мудири вазифасида ишлай бош­лади. Бу орада ижодкорнинг қаламига мансуб назмий ва насрий асарлари республика нашрлари юзини кўра бошлади.

Юқорида айтганимиздек, 1977 йил август ойида Шарбат Мухторова ўз бошидан оғир мусибатни ўтказди. Турмуш ўртоғидан айрилди. Жўжабирдай фарзандлари билан ўзи туғилиб ўсган Нуротага қайтишга мажбур бўлди. Ижодкорнинг билими ва иқтидори ҳисобга олинган ҳолда унга туман газетасининг қишлоқ хўжалиги бўлими мудирлиги топширилди.

1986 йилдан у “Илғор чорвадор” газетасининг масъул котиби бўлиб ишлай бошлади. Туман радиосининг бош муҳаррири сифатида 1987-1992 йилларда фаолият кўрсатди. 1992-1994 йилларда эса туман ҳокими ўринбосари ва хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида меҳнат қилди.

Сўнг Шарбат Мухторованинг елиб-югуриши, ташкилотчилиги туфайли 1994 йилнинг март ойида Нурота туман телевидениесига асос солинди. У   телевидение бош муҳаррири сифатида туманда рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий ва халқ хўжалигининг ҳамма соҳаларида бўлаётган ўзгариш­ларни ёритди. 1996-2016 йилларда эса босмахона директори ҳам бўлди.

Ҳаёт қувончлари билан ҳам гўзал. 2002 йил Шарбат Мухторова ҳаётида унутилмас йил бўлди. У Ўзбекистон Респуб­ликаси давлат Мус­тақиллигининг 11 йиллиги муносабати билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

Шарбат Мухторова депутат сифатида ҳам халқ хизматига ҳамиша камарбаста бўлди. Моҳир ва ташкилотчи аёл 1984-1986 йилларда шаҳар, 1986-1988 йилларда туман кенгаши депутати этиб сайланди. Энг муҳими, 55 йилдирки, оммавий ахборот воситаларидан узилгани йўқ. Айниқса, ижодкорнинг “Соғиниб яшайман”, “Тонгдаги шабнам”, “Ирмоқ” асарлари мухлисларнинг севимли китобига айланган. Опа шу кунларда “Нурнома” туман газетасида масъул котиб сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Шу йил 8 март – халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан устозимиз “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан ҳам тақдирланди. Ҳақиқатан ҳам, бу сабр-қаноатли, ташаббускор ва маърифатли инсон чин маънодаги мўътабар аёлдир.

Сардор САЛИМОВ

 

Суратда: Навоий шаҳридаги “Оқсарой” тантаналар мажмуасида Ш.Мухторовага “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилаётган пайт.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − nine =