Жамоам  –  ғурур ва ифтихорим

Адабиётга бўлган меҳр қўлимга қалам тутқазди, дилимдаги фикрларни сатрларга тиза бошладим. Мактабдаги катта-кичик тадбирларда эса уларни ўқиб берардим. Устозларимнинг тавсиялари билан уни туман газетасига олиб боришга ўзимда журъат топдим.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, душанба куни эди. Дарсдан сўнг қўлёзмаларимни олиб, таҳририятга бордим. Қабулхонада ўтирибман. Бундай даргоҳга илк бора келишим бўлгани учун ҳаяжондаман. Қабулхонадаги опа қўлимдаги қоғозлардан битта-иккитасини ўқигач:

– Кутиб туринг, редакторга айтайин, шеърларни ўзлари кўрадилар-да, – деди.

Бироздан сўнг тўғридаги эшикдан салобатли бир киши чиқди. Мактаб ўқувчисига у кишининг кўрсатган иззат-эҳтироми, меҳри тақдиримни келгусида матбуот билан боғланишига сабаб бўлди.

Самимий, ёшларга меҳрибон ва бағрикенг бу инсон Уйчи туман ҳокимлиги газетасининг ўша даврдаги муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фарҳод Йўлчиев эди. Оддийгина ёки тарқоқ фикрлардан тизилган сатрлар кейинчалик пишиқ-пухта шеър, хабар, мақолага айланиб, туман газетасида чоп этиладиган бўлди. Уларнинг “Шуни ёдда тутгинки, ёзганларингда, аввало, бирор-бир янги фикр айтилсин. Сен қаторлар кўплигига эмас, балки қисқа ва лўндалигига эътибор қаратгин”, деган сўзлари мана орадан неча йиллар ўтсада касбий фаолиятимда қўл келади.

Мактабни тамомлагач, маълум муддат тумандаги ўқувчилар саройи (ҳозирги “Баркамол авлод” маркази)да ишладим. Устознинг таклифлари билан вилоятдаги “Халқ иродаси” газетасига ишга ўтдим.

1994 йилдан эса вилоятимиз бош нашри бўлмиш “Наманган ҳақиқати”да давом этиб келмоқда. Бу йил умримнинг эллик иккинчи довонидан ошган бўлсам, унинг ўттиз йили  мана шу табаррук даргоҳга тўғри келади.

Нашримизнинг 105 йиллик тарихининг сўнгги ўттиз йиллигида борлигимдан фахрланаман. Ўша йиллар, ўша кунлар кечагидай кўз ўнгимда намоён, худди кино тасмасидай хотирамга муҳрланиб қолган.

Бугунги кунда орамизда йўқ бўлсалар-да таҳририятда жуда катта мактаб яратган устозлар — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғуломжон Акбаров, “Шуҳрат” медали соҳиблари Файзуллохон Сирожиддинов ва Йўлдошали Самиев, таҳрир устаси, собиқ бош муҳаррир ўринбосари Нўъмонжон Дармонов, серқирра ижодкор, адиб Абдуғани Абдувалиев, журналистлар орасида “супер мухбир” мақомини олган Мўминжон Сулаймонов, сураткаш-мухбирлар Пўлатжон Акбаров ва Зокиржон Сотиболдиев, газетанинг Чортоқ, Наманган, Уйчи, Чуст, Янгиқўрғон туманлари бў­йича мухбирлари Собиржон Турғунов, Мирзаҳаким Ғиёсов, Шайдулло Холмирзаев, Рустамжон Солижонов, Ортиқали Алибоев, Иномжон Улуғбоев, Жумавой Мусаев, хатлар ва спорт  бўлимини бош­қарган Олимжон Хоназаров, ҳисобчи Зайнабхон Холмирзаева  кабиларнинг нурли сиймолари  ёдимдаги ёғдулардир.

Жамоанинг табаррук аяжонлари, бугунги кунда ўзларининг  70 ва 80-довонларидан ошган Маҳфиратхон Уста­боева, Турсунхон Иззатуллаева ҳамда Каримахон Солиевалар ҳаёт йўлимдаги маслаҳатгўйларим, меҳрибонларимдир.

Аср билан юзлашиб, унинг бешинчи йилини ортда қолдираётган  ижодий жамоанинг бугунги куни эса мени янада шижоатга ундайди. Забардаст журналист  Рустамжон Умматов, журналис­тика соҳасидаги “Олтин қалам” Миллий мукофоти халқаро танлови ғолибаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рислиқхон Мажнунова,  Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоир, журналист Носиржон Деҳқонов каби устозлардан олган сабоқларим боис бугун газетада ўз ўрним ва ўз овозимга эгаман, десам муболаға бўлмайди.

Шу йиллар оралиғида учта раҳбар билан ишлашга тўғри келди. Улар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, марҳум (охиратлари обод бўлсин) Фарҳод Йўлчиев, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси аъзоси  Маҳмуджон Парпиев, “Дўстлик” ордени соҳиби, шоир, журналист Акрамжон Сатторовлардир.

Акрамжон ака бир пайтлар мухбир, бўлим мудири бўлиб ишлаган бўлсалар, эндиликда жамоа раҳбари. Таҳририятда мухбирликдан иш бошлаб, узоқ йил Давлат қурилиши ва қонунчилик бўлимини бошқарган Илҳомжон ака Жуманазаров эса бугун бош муҳаррир ўринбосари. Меҳнат фаолиятини мусаҳҳиҳликдан бошлаган Иброҳимжон ака Раҳмонов ҳозирда масъул котиб ва таҳририятнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси. Юқорида номлари тилга олинган журналист-устозлардан олган сабоқлари натижасида бугун уларнинг ўзлари ҳам раҳбар, ҳам  устоз мақомига эришганлардан.

Таҳририятнинг сўнгги ютуқларидан бири:  “Олтин қалам” ХV миллий мукофоти учун халқаро танловида  “Наманган ҳақиқати” газетаси бўлим мудири Муҳиддин ака Мағзумов Европа Иттифоқининг  “Covid-19” хатаридан огоҳ этувчи чорлови мавзуси бўйича рағбатлантирувчи мукофотга лойиқ кўрилгани бўлди.

Сафимизга қўшилиб, қаламлари чархланган  Шоҳида опа Даминова, Гулчеҳра Бувамирзаева, Оқилхон Дадабоев, Раҳмонжон Мамадалиевларнинг интилишларидаги шаҳд ғайратимга-ғайрат қўшади.

Таҳририят молияси бўлган ҳисобхона билимдонлари Асқарали Саматов, Сожидахон Ҳамдамова, Азизбек Ашуров, газетамизнинг бехато чиқиши учун масъул, мусаҳҳиҳ Насимжон Юнусов, газетамизнинг ижтимоий тармоқдаги расмий веб-сайти ва телеграм-канали администратори ҳамда саҳифаларнинг чиройли ва сифатли бўлиши учун куну-тун жонбозлик кўрсатаётган дизайнер Абдуқаҳҳор Юлибоев, ҳайдовчилар Муҳаммаджон Юсупов ҳамда  Наимжон Қирғизбоев, осойишталик посбонлари Муҳаммадхон Ҳамидов, Адҳамжон Фахруддинов, Баҳодир Шарипов, таҳририят боғбони Турсунбой Нурматов каби оғаларча меҳрибон инсонлар, шунинг­дек, тозалик фариштаси бўлган Замирахон Қосимова, таҳририятнинг энг ёш ходимаси Нигора Алиқуловаларсиз бугун жамоани тасаввур этиш қийин.

Ҳар куни эрталаб ишхонамга келгач, аввало, ишни ҳол-аҳвол сўраш ва дуо олишдан бошлайман. Аниқроғи, омонат дунёда бир-биримизга ғанимат эканлигимизни англаган ҳолда катта-ю кичикнинг дуосини олгани шошаман.

Жамоам – жони-таним, фахрим. Жамоангга, ишхонангга, ҳамкасбларинг дийдорига ошиқишнинг ўзи катта бахт. Оилангдаги ҳаловатнинг ишхонангдаги давомийлиги сени ҳамиша янги-янги зафарларга чорлаши табиий.

Зеро, машойихлар айтишганидек, эрталаб иш жойига, кечки пайт уй-хонадонига ошиқадиган кишилар бахтли одамлардир.

Фотимахон ТОШМАТОВА,

“Наманган ҳақиқати” газетаси мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + 15 =