Ҳаммаси маҳорат ва журъатга боғлиқ

Буни умрининг салкам 50 йилини матбуотда ўтказган қалами ўткир журналист Абдуҳамид Фозилов сийратида ҳам кўриш мумкин.

 

Журналистика касбини кўплар орзу қилади. Ёзганларинг пешма-пеш чиқиб турса, кўча-кўйда сени танишса, бунга не етсин.

Халқимизнинг бағри кенг, қаерга борсанг, ҳурматингни жойига қўйишади. Камчилик ҳамма жойда бор, мухбирга бепарво бўлсак, газетага ёзвормасин, дея озроқ ҳайиқишади ҳам.

Ишчан журналист эса мамлакатни муттасил кезиб юради, янгиликларни биринчи бўлиб эшитади, машҳур кишилар билан суҳбатлашади. Ўрни келганда ҳар қандай мансабдорнинг олдига мураккаб саволларни кўндаланг қўйиши мумкин. Таҳлилий мақолалар ёзиб, тепса тебранмас тўраларни, фирибгар муттаҳамларнинг пўстагини қоққанида салкам қаҳрамонга айланади. Шу боис одамлар холис, журъатли, фикрида собит журналистларга ишонади. Таҳририятларга йўлланаётган хатларни ўқир экансан, уларда шу умид учқунларини яққол сезиш мумкин.

Матбуотга ўтган асрнинг етмишинчи йиллари кириб келган, журналистика соҳасида эллик-олтмиш йил қалам тебратган кўплаб ҳамкасбларим ҳақида ўйлар эканман, шу фикрлар хаёлимга келади. Албатта, у замон газеталарини бугунги матбуот билан солиштириб бўлмайди. Ҳар бир даврнинг ўз мафкурасидан келиб чиқадиган тарғибот тизими, сиё­сати, матбуоти ва унга муносабати бўлади. Журналист шундан келиб чиқади. Истеъдодлилар ўша пайтларда ҳам айтилиши керак бўлган гапларни айтишган, ёзишган, гоҳ раҳмат олишган, гоҳ ҳайфсандан пешоналари ғурра бўлган. Шунга қарамай, газеталарда танқидий мақолалар, айниқса, фелъетон муттасил чиқиб турган. Айниқса, “Муштум” журнали жуда пешқадам бўлган, жамиятнинг танқидий кўзгусига айланган эди. Буни мутлақо инкор қилиб бўлмайди. Ҳаммаси, худди бугунгидек, маҳорат ва журъатга боғлиқ. Ёза оладиган, қалами ўткир журналист учун ҳар вақт, ҳар қандай шароитда ҳам имконият бор. Буни жуда кўп ҳамкасбларим, жумладан, умрининг салкам эллик йилини матбуотда ўтказган Абдуҳамид Фозилов мисолида яққол кўриш мумкин.

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари Абдуҳамид, Мирзакарим Пирматов, Сафар Остонов, Жаббор Раззоқов, Зайниддин Рихсиев, Зиёвуддин Ортиқхўжаев респуб­лика ёшлар газетасида чарчоқ нималигини билмай, елиб-югуриб ишлаганмиз. Юрт кезганмиз, биз бормаган бирорта туман, қишлоқ, дашту чўл, тоғу тош қолмаган ҳисоб. Ўшанда ҳам, бугунгидек, замон қаҳрамонларини, ватанпарвар фидойиларни қидирганмиз, улар ҳақида очерк, лавҳа, ҳужжатли қиссалар ёзганмиз. Вокзалларнинг ноқулай ўриндиқларида, поезд вагонларининг хира чироқлари нурида ижод қилиб, сиёҳи қуримаган мақолани эрталаб таҳририятга олиб келганмиз. Ҳаётни бадиий идрок этиш малакамиз, ижодий тафаккуримиз шу елиб-югуришлар боис шаклланган, мухбирлик қаламимиз чархланган.

Мен кўпроқ очерк ёзардим. Сафар ҳам шундай эди. Абдуҳамид Фозиловнинг қалами танқидий мақолада жуда йўрғалаб кетарди. Газета мақомини баланд тутиб туриш учун, унда, албатта, фелъетон, танқид, тарсаки луқма бўлиши керак эди. Муҳарриримиз Рустам Шоғуломов (Худо раҳмат қилган бўлсин) Абдуҳамидга ўта мураккаб топшириқлар берарди. Шикоят хатларида келтирилган айбловларнинг ҳаммаси ҳам тўғри чиқмайди. Бир-икки кунлик хизмат сафари давомида рост ва ёлғонни, ҳақиқат ва туҳматни бир-биридан ажратиш осон иш эмас. Ҳамма ўзининг фикрини тўғри деб ҳисоблайди, бирор айб иши ошкор бўлса, уни, албатта, бошқаларга тўнкайди, ўзидан ҳам бир нималар ўтганини, қилмишига яраша жазо олганини яширади. Тажрибасиз мухбир чалғиб кетиши мумкин.

Абдуҳамид бундай ҳолларда чалғимайдиган, етти ўйлаб бир кесадиган мухбирлардан эди. Танқидий мақолаларида ортиқча ҳаяжонга берилмай, йўл қўйилган камчиликларни босиқлик билан шарҳлар, кимнингдир нафсониятига тегадиган сўзларни ишлатмасди. Яна эндиликда бутунлай йўқ бўлиб кетган бир фазилат бор эди ўшанда. Ёзганларимизни бир-биримизга кўрсатиб, биргаликда ўқирдик, муҳокама қилардик. Камчиликларини тузатишдан бош тортмасдик. Бир-биримизни эшитардик. Ҳар қандай мақола икки-уч марта ўқилганда, қизарган кулчадай пишиб етиларди.

Афсуски, бугун бундай эмас. Мақтовдан бошқа гап қулоққа кирмайди. Газета-журналларда ишлаётган ходимлар вилоят, туман, чекка қишлоқларга камдан-кам боради. У пайтлари ҳар ойда икки-уч марта воҳа ёки водийга сафар қилиш, янги мавзу, янги қаҳрамонлар топиш ижодий одат эди. Абдуҳамид Фозилов билан биргаликда кўп бор сафар қилганмиз. Ёшлар анжуманларида қатнашиб, ҳисобот мақолалар ёзганмиз, давра суҳбатлари уюштирганмиз. Босиқ, мулоҳазали, суҳбатдошига ортиқча босим ўтказмайдиган характери, муомала маданияти боис, Абдуҳамид бўлажак қаҳрамонларининг ишончини тез қозонар ва улар бор гапни борлигича, муҳим жойларини яширмай, бўямай, қайчиламай айтиб беришарди.

Қизиқ бир ҳолат. Биз хизмат сафарларимиз чоғи ёзмоқчи бўлган очеркларимизнинг қаҳрамонларини қидирардик. Топардик ҳам. Абдуҳамид танқид бўлимида ишлагани учун айни шу мавзуга оид фактларни қидирарди. Ва, албатта, биз эътибор бермаган нуқсонларга дуч келарди. Бирор хўжалик ҳаётидан мақтов мақола ёзишни ният қилганимизда, Абдуҳамид бу ерда жиддий нуқсонлар   борлигини айтиб қоларди.

Ёшлар газетасида ишлаган йилларимиз ҳаммамиз учун катта ҳаёт мактаби бўлди, мураккаб синовлардан ўтдик. Тажриба орттирдик. Мен газетадан ёшлар нашриётига ишга ўтдим, халқаро шарҳловчилик билан шуғулландим, Абдуҳамид кўп йиллар Қибрай туман газетасига муҳаррирлик қилди, ижодкорликка мойил ёшларни журналистикага олиб келди. Муҳими, у ўзи танлаган, умрини бағишлаган касбига ҳамиша содиқ қолди, устоз сифатида қаламига соя туширмади. Бугун ҳамкасбимни қутлуғ ёши билан қутлар эканман, унинг оддий, аммо журналист учун ғоят муҳим бўлган фазилатларидан бир-икки чимдимини муҳтарам газетхонлар билан ўртоқлашгим келди.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + 1 =