Ижод учун туғилган ИСТЕЪДОД

Шундай инсонлар бўладики, улар билан суҳбатлашганингда, эмин-эркин гапиролмайсан. Улардаги салобатми, жиддийликми ёки “аура” деб аталувчи биомайдонми, ишқилиб, нимадир сизни унинг билан киришиб кетишдан тийиб туради. Гулноза билан ҳамсуҳбат бўлганда мен айнан шу нарсани сезаман. Яқинлари ҳам ундан “ҳайиқиб” турадигандек туюлади. Бу балки, ишдаги талабчанлиги, қаттиққўллигидандир. Аммо характеридаги жонкуярлик ва сахийлик каби фазилатлар талабчанлик билан уйғунлашиб, унга ўзгача бир салобат бағишлаб туради.

Гулнозанинг “Ойнаи жаҳон”га кириб келиши “Ўзбекистон” телеканалида янги бир даврни бошлаб берди. Бу замонавий тилда “Шоулар даври” деб юритилса керак, адашмасам. У телевидениеда студиядан жонли эфирга узатиладиган дастурларнинг “қиролича”си сифатида ўз фикри, ғояси ва қарашларига эга бўлиш билан бирга, буни талабчанлик билан амалга оширишни ҳам уддалайди. Гулноза ҳар бир дастурни тайёрлашга киришишдан олдин, аввало, ўз ижодий жамоасини тузиб олади, ҳар бир ходимга керагида опаларча меҳрибонлик қилса, ўрни келганда, шафқатсиз бўлишга ҳам журъати етади. Тасвирчилар ундан ҳайиқиб, ўз ишига масъулият билан ёндашишларини кўрганим учун шундай фикрдаман. Студия — унинг наздида жуда кенг майдон. Шу майдоннинг эгаси, ҳокими — режиссёр. Чунки у бу ерда жонланадиган жараёнларга масъул. Гулноза Давланова бақир-чақир қилмасдан, зимдан атрофга ўз ҳукмини ўтказиб, эфирни жонлантиради. Унинг ҳақиқатгўйлиги, тўғри нарсани талаб қилаётгани ҳаммани бўйсунишга ва бажаришга ундайди. У бош бўлган кўрсатувларни ёзиб олиш ёки эфирга узатиш жараёнида студияда салобат, расмийлик ва ўзига хос сокинлик кўзга ташланади.

…Ўшанда 2021 йилнинг сентябрь ойи бошлари эди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон билан “Ойдин ҳаёт” кўрсатувида чиқадиган бўлдик. Шунда эфир олдидан Исажон Султоннинг шундай дегани эсимда:

— Мен кўп жонли эфирларда иштирок этганман. Айниқса, халқ ёзувчиси унвонини олганимдан кейин бундай кўрсатувларга кўп чақиришди. Лекин бугун… бу ерда вазият бошқачароқ экан.

— Қандай? — қизиқиш билан сўрадим.

У атрофга ўйланиб боқиб, шундай деганди:

— Салобатлироқ, жиддийроқ, баландроқ… Оддийгина эмас-да…

Мен доимгидек ўз фикримни айтиб қўя қолдим.

— Анув аёлни кўраяпсизми? — дедим Гулноза Давлановани кўрсатиб. — Бу шу аёлнинг иши. У киши бор жойда ҳамма ўзини рисоладагидек тутишга уринади.

— Ҳа, шундай денг…

— Бу, сизнингча, яхшими-ёмонми? Яъни, сиз айтгандек, салобатлироқ бўлгани, демоқчиман-да, — ўсмоқчилаб сўрадим халқ ёзувчисининг фикрини билиб олиш мақсадида.

Исажон Султон шундай жавоб қайтарди:

— Яхши-да! Ахир бу республика телеканали бўлса, шунга муносиб бўлиши керак-ку!

Яна бир мисол: яқинда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Гулхан атрофида”, “Туташ тақдирлар”, “Опа-сингиллар” каби миллий сериалларнинг режиссёри ва ҳаммуаллифи Замира Бегимқулова билан суҳбатлашиб қолдим.

—Гулнозани катта мукофотларга лойиқ деб ҳисоблайман. Чунки унинг ўз услуби, йўналиши бор. Жонкуяр, фидойи, студияда тайёрланадиган кўрсатувларнинг устаси. Масалан, мен студияда ишлашни унчалик билмайман. Шунинг учун Гулнозани ўз ишини яхши биладиган профессионал режиссёр сифатида ҳурмат қиламан.

Бу бир таниқли режиссёрнинг ўз ҳамкасби ҳақида холисона айтган сўзлари эди.

Гулнозанинг яна бир ютуғи борки, бундан ёшлар ибрат олса арзийди. Муҳаррир билан бирга кўрсатувнинг бошидан масъулиятни бўйнига олади. Жавобгарлик туйғуси уни тарк этмайди. Унда нафақат ижодкорлик, балки ишбилармонлик ҳам мужассамки, буни бирга ишлайдиган ҳамкасблари жуда яхши билишади. У ҳар бир кўрсатувни тайёрлаб эфирга беришдан олдин шу дастурни тайёрловчи жамоасини тузиб, гонорар масаласини ҳал қилади ҳамда дастурнинг ҳар ҳафта муқим вақтда эфирга узатилиши тартибини ҳам йўлга қўйишга улгуради. Шу боис Гулноза бошчилигида тайёрланган “Олтин тож”, “Ойдин ҳаёт”, “Ўзингни англа” кўрсатувларининг эфир вақти, муҳаррир ва режиссёрларидан ташқари, тасвирчи, монтажчи-ю бошловчилари ҳар доим аниқ бўлади ва улар ўз вақтида етиб келиб, тайёр туришади. Масалан, “Олтин тож” номли болаларга мўлжалланган кўрсатув ҳар якшанба куни эфирга узатиларди. “Ойдин ҳаёт” дастури ҳафтанинг беш кунида жонли тарзда, яъни тўғридан-тўғри берилади. Гулноза эса ҳар куни ишга вақтида келиб, вақтида кетишга одатланган. У кўрсатувга пухта тайёрланади ва аниқ режалаштириб, ишга киришади.

Албатта, Гулноза Давлановадек моҳир режиссёр бўлишни орзу қилганлар кўп. Лекин буни эплаш осон эмас. Уни яхши билган ҳамкасб сифатида айтишим мумкинки, Гулнозадек бўлиш учун кўп нарсадан воз кечишга тўғри келади. Ўрни келганда  ишни биринчи ўринга қўя олиш журъати ҳамма аёлларга ҳам хос эмас. Гулноза бу борада касбининг ашаддий шайдоси деса бўлади.

Айтганча, ижодига қизиққаним боис, Гулноза Давланова тўғрисида кўрсатув тайёрлаш ниятим бор эди. Бу ҳақда унинг ўзига айтганимда, рад жавобини олдим.

— Мен экранга, машҳурликка қизиқмайман. Шарт эмас деб ўйлайман,–деди у.

Тўғриси, телевидениега келган кўпчилик ходимлар айнан экранга чиқиб танилиш каби орзуларни кўнглига тугади. Буни дилидан тилига чиқармай ичида сақлаб юрганлар қанча?! Ўзим ҳам шу орзу ёшликдан қалбимнинг туб-тубида яшаганини яширолмайман.

Гулноза агар истаса, бемалол кўрсатув олиб бориши, экранда бошловчилик қилиши ҳам мумкин эди. Чунки унинг тасвир ортидан ўқиган матнларини эшитганимда, шунга ишонч ҳосил қилганман. Аммо у бор маҳоратини режиссёр сифатида юзага чиқариш йўлини танлади.

Кўрсатув нима учун тайёрланади? Телетомошабинга нима учун ҳавола этилади? Бу саволларга бир вақтлар устозимиз Омонулла Мадаев билан суҳбатимиз жараёнида жавоб топгандай бўлганман.

Журналист шунчаки янгилик ҳақида хабар бериши эмас, балки кўрсатув орқали томошабинга ФИКР бериши керак. Бунинг учун ўша бошловчида чуқур билим ва теран фикрлаш қобилияти бўлиши лозим. Нима учун кўп кўрсатувларни одамлар кўрса-да, ҳеч нарса ёдида қолмайди? Чунки унда фикр етишмайди, мушоҳада кўзга ташланмайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, мен Гулнозада фикр борлигини кўп кузатганман. У билан бир жамоа бўлиб ишламаган бўлсам-да, гувоҳ сифатида айта оламан.

Биласизми, қайсидир йили ёш спортчилар ҳақида янги кўрсатув тайёрлайдиган бўлдик. Шунда унинг эътибор билан ишлашига қойил қолганман. “Қайси спортчини танладим-у, нима демоқчи бўлдим? Охиридаги хулоса одамларга нима бера олади?” Ўзига шу саволларни бериб, керак бўлса, матндаги ҳар бир сўз устида бош қотиришини кўриб, ҳайратланганим рост. Чунки ҳамма режиссёрлар ҳам ўз ишига бу даражада чуқур ёндашмайди. Муҳаррир олиб келган нарсани тасвир билан ёпиб, “ишни дўндирдим” деб жуфтакни ростлайдиганлар ҳам йўқ эмас.

Кўпинча: “Телевидениеда режиссёрнинг ўрни биринчи бўлиши керак. Бизда бунинг акси сезилади. Нотўғри йўлдамиз…” — деган сўзлар қулоққа чалинади. Шундай фикрловчилар, аслида, бунга ўзлари ва уларга ўхшаганлар айбдор эканини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Агар Гулноза Давлановадек ишга жиддий ёндашсангиз, сиз ҳам муҳаррирдан устун бўлардингиз, дегим келади. Айни пайтда “Ўзбекистон” телеканалининг “Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлари” бош муҳарририятининг бош муҳаррир ўринбосари вазифасида фаолият юритаётган Гулноза Давланованинг мақоми бунинг яққол исботидир. Чунки бугун унга нафақат режиссёрлар, балки муҳаррирлар ҳам бўйсунади. У шунга лойиқ ишлайди.

Умуман, Гулнозадаги билимдонлик, топқирлик, ишбилармонлик, ташкилотчилик, жонкуярлик билан бирга, инсонийлик, одамларни тушуниш ва керагида ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш каби фазилатлар барча телевидение ходимлари учун ибрат намунаси бўла олади.

Ўзим ҳавас қиладиган ва ҳамиша ҳурмат билан қарайдиган аёлнинг телевидение тарихида, унинг ривожида ўз ўрни бор. Буни кўпчилик тан олади. Телевидениеда Гулноза Давланова мактабининг давомчилари кўп йиллар яна янги-янги дастурлар устида ишлаб, тележурналистикамиз ривожига ҳисса қўшадилар. Ўшанда, албатта, бу ишларнинг бошида Гулноза Давланова туради. Унинг устозлик маҳоратини ҳақиқий санъат даражасига олиб чиқа олган мутахассис эканига шубҳа йўқ.

Телевидениеда: “Устоз шогирднинг қўлидан етаклаб юрмайди. Унинг ўзи устозга эргашиб, етиб олади”, деган гап бор. Гулноза эса, керак бўлса, қўлидан етаклаб, кўп ёшларни етук мутахассислик поғонасига олиб чиқа олди. Шу боис Ўзбекистон телевидениесида унинг ўз ўрни бор. Жонли эфир вақтида студиянинг жонкуяри сифатида сокин, хотиржам, чаққон ва сезгирлик ила намуна бўлаётган Гулноза Давланова гўё шу иш учун, ижод учун туғилган истеъдодга ўхшайди. Иш вақтида унга халал беришга ҳеч кимнинг журъати етмайди. Ўзига ишонган, ишини яхши биладиган ўз касбининг фидойиси одилона сиёсат юргизиб эфирни бошқарадики, бу ҳаммага хуш ёқади.

Саодат ЎРМОНОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + eighteen =