Узангидошларим

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги 10 “А” хўжалигини Ўзбекистон журналистларининг катта авлоди яхши билишади.

Ўшанда 1973 йилнинг пахта терими пайти эди.

Кураторимиз Мухтор ака Худойқуловнинг саъй-ҳаракати билан супер элита, яъни оқлаб-кўкланган дала шийпонидан бизга — Тошкент Давлат университетининг биринчи курс талабаларига алоҳида жой тегди. 12 қиз шийпоннинг ярим метрлик тахта сўри кўтарилган қисмида оқ сурпдан парда тутиб ётишади. Шийпоннинг иккинчи томонини 12 йигит йиғма каравотлардан раста тузиб, бугунги шевада айтганда, “хотел” қилиб олганмиз. Курсимизнинг ўн учинчи йигити Ражаббой Раупов (Ҳа, тўғри топдингиз – бугунги кунда қатор қиссаю романлари билан элга танилган таниқли ёзувчи Ражаббой Рауповнинг айни ўзи) болалигидан қолган қандайдир касалликнинг асорати туфайли пахта теримидан озод қилиниб, Тошкентда қолган эди.

Эрталабки  меню  бир кружка иссиқ чой, буханка нон ва уч-тўрт чақмоқ оқ қанд бўлгани учун нонуштани шу шийпонда амаллаймиз ва қатор тизилиб, “журфак”нинг  юзга яқин иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари ётган даланинг нариги четидаги асосий шийпонга борамиз. Тушлик ва кечки овқатимиз “штаб” деб аталадиган шу шийпонда кечади.

Республиканинг барча вилоятларидан ўқишга келган йигит-қизларнинг бир-бирларини англаб олишида икки-уч ойгача чўзиладиган пахта терими муҳим мактаб вазифасини бажарган. Масалан, мен қорақалпоғистонлик курсдошим Нуриддин Оқназаровни пахта терими даврида яқиндан таниб олган эдим.

Нуриддин шоирлик ва ёзувчилик даъвоси билан юрган бошқа курсдошларимизга нисбатан камсуқум-камтарлиги ва ўша машҳурлардан пахтани кўп териши билан ажралиб турар эди.

Бир куни кечки овқатдан сўнг йигирма тўрт курсдош дала шийпони ёнидаги асосий ҳосили йиғиштирилиб, сапча-туйнаклари ташлаб кетилган полизда ошқовоқлар устида ўтириб дилдан суҳбат қурдик. Ойдинли оқшом. Чигиртка-ю чирилдоқлар машшоқлик қилиб турибди. Аввалига ҳар биримиз ўз вилоятимизга хос латифалардан айтиб берадиган бўлдик.

Бугун Нукус Давлат университетининг профессори бўлиб кетган курсдошимиз Малика Жумамуратованинг “Умрбек лаққи” туркумидаги ношуд сартарошнинг мижози бошига “пахта экиши” ва Нуриддиннинг минорадан тушолмай қолган муаззиннинг ҳолати мутойиба қилинган ҳангомалари эсимда қолган.

Талабаликнинг олтин даврига хос ана шундай завқли оқшомларнинг бирида йигирма тўрт курсдош келишдик: келинглар, шу ойдин оқшом ҳурмати ростини айтайлик – ким ўқишга қандай кирган? Маълум бўлишича, 16 талаба ўз кучи билан имтиҳонлардан ўтган. Қолган 9 талабага танкалари “қарашиб юборишган”. Ўз кучи билан ўқишга кирган талабалар орасида Нуриддин ҳам бор эди.

Пахтадан кейин Нуриддин билан ижара ҳовлида бирга турдик. У пахтани қандай яхши терса, ўқиш-ижодда ҳам шундай тиришқоқ эди.

Беш йиллик студентликнинг олтин даври худди туш кўргандай жуда тез ўтиб кетди. Ўқишни тугатиб, ҳаммамиз ҳар ёққа тарқалиб кетдик. Мен Тошкентда қолдим. Нуриддин ўз юртига қайтиб, туман газетасида иш бошлади.

Йиллар ўтиб, ҳаёт бизни яна учраштирди: Республика Бош прокуратурасининг “Қонун ҳимоясида” журнали ва “Ҳуқуқ” газетасига мухбир излаётганимизда Қорақалпоғистондан Нуриддин Оқназаровни тавсия этишди. Журналистлик қилган, турли масъул вазифаларда яхши ишлагани учун у прокуратуранинг ўзига хос ички текширувларида муваффақиятли ўтиб, “маъқул” деб топилди. Ўн йил бирга ишладик. Мен бошқа ишга ўтганимдан кейин ҳам бир муддат Нуриддин шу газетада мухбирлик вазифасида ишлаб юрди.

Жойлардаги “ўз мухбир” марказий нашрнинг юз-кўзи ҳисобланади. Ўқувчилар унинг қадам олиши ва иш тутумига қараб мазкур газета ёки оммавий ахборот воситасининг қиёфасини таниб оладилар.

Нуриддин таҳририятнинг фаол мухбирларидан эди. Унинг Тахтакўпир туман “Тахтакўпир” ширкат хўжалиги раиси, Ўзбекистон қаҳрамони Ағитой оға Адилов ҳақидаги очерки ижтимоий-сиёсий талаб жиҳатидан ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ахир Нуриддин бундан йигирма йил олдин кўтарган ишсизликни бартараф этиш, кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш, уйсизларга кўмаклашиш муаммоси ҳозир ҳам долзарблигича қолмоқда. Ағитой оғалар ўз даврида ўз қишлоғи миқёсида бу масалани ечиш учун анча яхши ишлар қилишган. Иккинчи жаҳон уруши фронти орти қаҳрамони Хадича момо Қосимбетова каби кўплаб муҳтож фуқароларнинг уйини таъмирлаб берган, шланг тортиб қишлоқ-овулларни ичимлик суви билан таъминлаган. Мактаб, боғча ва ҚВПларнинг яхши ишлашига кўмаклашиб келган.

Райижроқўм, партком, ёшлар ташкилотидаги масъул лавозимларда ишлаб, бевосита шу муаммоларни ҳал этиш билан шуғулланиб юргани учун Нуриддин бу каби ижтимоий муаммоларни журналист кўзи билан тиниқ таҳлил этар эди.

Республика радиосида ишлаб юрган пайтимда мен ҳам Ўзбекистон ва Қорақалпоғис­тон халқ шоири Ибройим Юсупов хонадонида бўлиб, у киши билан суҳбатни магнит тасмасига муҳрлаган эдим. Лекин Нуриддиннинг  “қорақалпоқ элининг энг олд шоири” (Асқад Мухтор ибораси) Ибройим оға билан суҳбати ўзига хослиги билан қойил қолдирган. Унвону амаллари билан “совет шоири” бўлган етук зиё­­ли мустақиллик даври руҳини қандай яшаётгани жуда қизиқ драматизмни юзага чиқаради.

Маданият фондимиз фонотекаси “яшасин, бор бўлсин ҳамиша совет даврони” руҳидаги қўшиқлардан тозаланаётган 1992 йилнинг кўк­лами эди. Мустақилликнинг 1 йиллиги тантанасида озодлигимизни тараннум этувчи қўшиқлар куйланиши ҳақида топшириқ бўлди. 1991 йилнинг 1 сентябридан 1992 йилнинг кўкламигача бўлган оралиқдаги отахон газета-журналларни варақлаб чиқдим. Гран-при олиб берадиган шеър тополмай, Абдулла Ориповнинг “Онажоним” китобидаги “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” қасидасини байрам тадбирининг мусиқий раҳбари бўлган бастакор Анор ака Назаровнинг қўлига тутқаздим. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Мус­тақиллигининг бир йиллик байрамида Козим Қаюмов ва Кумуш Раззоқова ижросидаги бу қўшиқ байроқни олиб кетди.

Ибройим оғанинг Нуриддинга айтган гап­ларидан тушунганим шу бўлдики, биз бу онларни узоқ кутиб ижод қилдик. Худди гўдак она қорнида тўққиз ой яшаб, мавриди етганда туғилгани каби. Тўлғоқдан кейин бирдан янги олам кўз олдимизда ёришди. Янги туғилган гўдак каби уни ҳис этиш, қабул қилиш ва озроқ улғайиб ҳимоялаш осон кечмайди. Биз мус­тақилликни қон тўкмай, жанг қилмай қўлга киритдик. Лекин уни сақлаб қолиш учун ҳали кўп курашларни бошдан ўтказармиз, дўстим!

Ибройим Юсуповлар ҳақ чиқишди: кўриб турибмиз – бугун мустақиллик меҳварини асраб қолиш ҳамон катта курашлар бўсағасида қолмоқда.

Нуриддиннинг мухбирлик йилларида матбуотда эълон қилинган Амударё туман ҳокимининг ўринбосари Хонимжон Ражабова, Беруний туман ҳокими, Қорақалпоғистон Жўқори кенгаши депутати Олланазар Жуманиёзов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ҳакимбой Ҳалимов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси Турсунбой Танирберганов сингари кишилар билан суҳбату очеркларида ҳам ўлканинг етилган муаммолари кўтарилган ва уларнинг ечими ҳақида баҳс юритилган.

Шу жойда бизни ўқиётган дўстларимиздан савол тушиши мумкин: сизнинг Нуриддинингиз фақат катталарни очерк қилган, улар билан суҳбатлашган экан-да?

Йўқ, ундай эмас.

Ўз мухбиримизнинг оддий инсонлар, ёнимизда юрган замондошларимизнинг ўй-ташвиш­лари битилган кўплаб мақолалари матбуотда чоп этилган. Лекин уларнинг ечими юқорига ўрлагани учун журналист қулоқнинг бошида турган мутасаддиларнинг энг ҳурматлиларини “очерка” қилганини биз мисол нишонига тортганимизни эътиборга олишингизни сўрайман.Чунки мақтовнинг ҳам вазифаси, юки бўлади.

Тошкентда қолиб, катта адабий-ижодий муҳитда ишлаётган ёзувчию журналистларни бутун Ўзбекистон танийди. Лекин олис туманлар ва вилоятларда ижод қилаётган, қаҳратонда газу чироқсиз, саратонда суву сўроқсиз яшаётган юртдошларимиз билан бирга яшаётган, уларнинг ташвишига дардкаш журналистларнинг қанчасини биламиз?

Менинг Нуриддин узангидошим ана шундай, киндик қони томган қишлоғига, ҳамқиш­лоқ-юртдошларига яқин яшаб ижод қилаётган элпарвар журналистларимизга типик мисол бўла олади.

Нуриддиннинг уйида икки марта меҳмон бўлганман. Қишлоғининг номи — Қилчиноқ. Беруний туманидаги бу қишлоқдан Муяссар Раззоқова каби дунёга машҳур санъаткорлар ва яхши олимлар етишиб чиққан. Нуриддиннинг томорқасидан, уларнинг шевасида айтганда, челидан сал кўтарилсангиз, Амударёни кўрасиз. Тўронғилар, турли хил қамишу қиёқлар ўсиб ётган соҳилдан ўтиб Амударё қирғоғига чиқсангиз тамоман бошқа одамга айланасиз. Миллат тимсоли бўлган Амударё неча асрлар бурун Жалолиддин Мангубердига айтгани каби, сизнинг наздингизда “юртни қутқар, мени янги босиб келаётган балолардан асраб қол, эй ўғлон” нидоси билан ҳайқириб оқиб тургандай бўлаверади.

Умидимиз улки, Нуриддин Оқназаровдай ўғлонлари бор экан, Амударёмизнинг мангу шовуллаши тинмагай.

Абдухолиқ АБДУРАЗЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 12 =