Майсалар сочида ярқирар шабнам

Шарифа САЛИМОВА
(ТЎРТЛИКЛАР)
Кўз очсам, поёнсиз йўлни кўраман,
Қуёш юзин ювган кўлни кўраман.
Ватан, тонгларингда юрт тинчин сўраб,
Дуога қўл очган элни кўраман.
* * *
Кимнингдир киприги изтиробдан нам,
Майсалар сочида ярқирар шабнам.
Ахир кўз ёш сенга Аллоҳ туҳфаси,
Қўй, бир нафас ғамни унут, эй одам.
* * *
Самога юз тутсанг, ёғилмоқда нур,
Қуёшнинг меҳридан топасан ҳузур.
Шукур қил, дунёга келганинг учун,
Қалбнинг таянч ўқи, аслида, шукур.
* * *
Нечун сен шунчалар чекасан фиғон?
Гўё дунёда йўқ шодликдан нишон.
Умр — ғаниматдир, оҳ деёлмайсан
Ажал тулпорига қамчи урган он.
* * *
Дунё турфа рангга бисёрдир ғоят,
Турфа феъл инсонлар бирам аломат.
Дунё бозорининг турфа моли бор:
Бир ён адолатдир, бир ён адоват.
* * *
Умр пойгасида улоқчи отлар…
Ҳилпироқ майсалар — яшил қанотлар.
Тулпору майсада ғолиблик туғи,
Ғолибдир кибрини синдирган зотлар.
* * *
Бошимни ёрганда дўстимнинг тоши,
Кафтимни куйдирди кўзимнинг ёши…
Юрак, бунча азоб тортаверасан?
Мангуга ботди, деб дўстлик қуёши…
* * *
Ҳар сафар юрагим сен қон қиласан,
Ғариб аҳволимни ёмон қиласан.
Мен сукут сақлайман: йиғлар юрагим,
Билмам, токайгача армон қиласан?
* * *
Эй, дўст, ўтар тунлар, ўтар кундузлар,
Дунёдан ким қувонч, кимдир ғам излар.
Кел, бир нафас дунё ғамини унут,
Тобора қисқарар биз солган излар.
* * *
Кошкийди, минг дилни бахтиёр этсам,
Кўз ёшини артиб, кўнглин шод этсам.
Сўнг муқаддас Каъба туфроқларини
Кўзимга сурсам-у, жим фарёд этсам.
* * *
Шунчалар эзилдим, юрак бўлди қон,
Топилмади “ҳолинг на?” деган инсон.
Ногоҳ кўриб қолдим, кўзим ёшига
Жажжи гўдак боқиб турарди ҳайрон.
* * *
Бир умр сиз отда. Пиёда чопдим,
Ҳасрат адо қилган гул кўзин ёпдим.
Эвоҳ, бу не тилсим, эй дунёйи дун?
Кўксингдан на ором ва на бахт топдим.
* * *
Наҳот шу мен билган адолат боғи,
Кўрсанг, фариштага дўнар сиёғи.
Ботинида шайтон сизга қўл берди…
Энг катта хатонгиз шу бўлди чоғи.
* * *
Улоқчи отларни аянгиз бироз,
Уларга берилган умр жуда оз.
Бу дунё кўпкари… Шул экан қисмат,
Ҳадеб қамчи урма сен, эй, чавандоз…
* * *
Дарахт, кел, иккимиз ўртоқ бўламиз,
Сирдош новдалар-у бутоқ бўламиз.
Кел, қўлингдан тутай, кетдик пиёда,
То қиёмат қадар ҳамроҳ бўламиз.
* * *
Бир кафт тупроқ олиб, сурдим кўзимга,
Ёмғир томчиларин сездим юзимда.
— Эҳ, болам, бу томчи кўзимнинг ёши…
Боқсам, онам келар эди изимдан.
* * *
Мен бир оташ эдим, музга айландим,
Мен бир баҳор эдим, кузга айландим.
Самога боққандим, жилмайди қуёш:
— Кечир, ёраб! — дея сўзга айландим…
* * *
— Тўхтанг. Ўтиб олай. Шошяпман жуда…
Ўзмоқлик азоби чиқар авжига.
Елкасин қадамлар қабартса ҳамки,
Зиналар вазмин ва жуда осуда.
* * *
— Япроқ, нечун хазон бўлмоққа шошдинг?
Безадинг она ер туфроқларини.
— Ахир мен онамнинг пойига шошдим,
Бир бора ўпай деб оёқларини…
* * *
Осмон келди ерга энгашиб…
Кўзларига дунё тор эди.
Бирдан дунё кетди кенгайиб:
Қорачиғда… Осмон бор эди…