ХОРИЖДАГИ ВАТАНДОШЛАР: Янги йил юртимизга янада фаровонлик йили бўлиб келсин!

Шу кунларда дунёнинг турли бурчакларида бўлган ватандошларимиз Ўзбекистон халқига кириб келаётган Янги йил байрами муносабати билан ўзларининг дил қутловларини йўлламоқда. Ватандан олисда бўлган юртдошларимиз ўз табрикларида аҳиллик ва ҳамжиҳатликни намоён этиб, юртимизга ҳамда халқимизга самимий меҳр ва садоқатларини изҳор этмоқда.
Буюк Британияда яшаётган фаол ватандошимиз
Замира ОРТИҚОВА:
— Барчангизни яқинлашиб келаётган 2024 йил билан хориждаги, хусусан, Британиядаги ватандошлар номидан чин дилдан муборакбод этаман.
Ҳаммамизнинг ниятимиз, тилагимиз битта: у ҳам бўлса юртимизда яшаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсон барча эзгу мурод-мақсадига етсин. Жонажон Ўзбекистонимиз ҳамиша гуллаб яшнасин, юртимиз тинч бўлсин.
Кириб келаётган янги 2024 йил она диёримизга файзу барака, янги ютуқ ва зафарлар олиб келсин.
Малайзиядаги ватандошимиз, киноактёр,
Далер ҲАМРОҚУЛОВ:
— Мен Малайзияда 10 йилдан буён яшайман. Ҳозирги вақтда актёр сифатида меҳнат қиламан.
Кўплаб ватандошларимиз қатори мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси томонидан ўтказилган Янги йил кечасида иштирок этдим.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқи ва Малайзиядаги ватандошларни кириб келаётган Янги йил билан табриклайман. Келаётган янги 2024 йил барчага бахт, омад ва муваффақиятлар олиб келсин!
Франциянинг “ESAM Paris business school” магистранти
Ҳумоюн БОБОЕВ:
— Азиз юртдошларимизни Франциядаги Ўзбекистон ёшлари номидан келаётган янги 2024 йил билан чин юракдан муборакбод этаман.
2023 йил Франциядаги ўзбекистонлик ёшлар учун ҳам сермаҳсул йил бўлди. Жумладан, баҳор фаслида “O‘zbekistonlik. Generating Ideas” халқаро форуми, ёзда эса Ўзбекистон Президенти соврини учун кураш мусобақаси ва бошқа бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Ўйлайманки, 2024 йил ҳам янги лойиҳалар ва янги режаларга бой бўлади.
Янги йил юртимизга сермаҳсуллик ва фаровонлик йили бўлиб келсин. Барча соҳаларда барқарор ривожланиш, янги ютуқ ва муваффақиятларни қўлга киритиш насиб этсин!
Пекин хорижий тиллар университети талабаси
Усмонхон МАСУДХОН:
— Сўнгги йилларда мамлакатимиз салмоқли ютуқларга эришди. Кўпгина соҳалар қатори таълим йўналишига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Биз каби ёшларга тақдим этилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда хорижнинг нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқиб, илм ўрганаяпмиз.
Мен ҳозирги кунда Хитойда таълим олаяпман. Мақсадим — Хитойнинг таълим соҳасидаги тажрибасини мукаммал ўрганиб, мамлакатимизда ушбу соҳани янада ривожлантиришга ҳисса қўшишдан иборат.
Новосибирск давлат университети магистранти,
Шоҳрух МАДРИМОВ:
— Барча ватандошларимизни Новосибирск шаҳрида таълим олаётган ўзбек талаба-ёшлари номидан кириб келаётган 2024 йил билан муборакбод этаман.
Якунланиб бораётган 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” биз ёшларнинг ҳаётимизда ёрқин из қолдирмоқда. Йил давомида биз ёшларга берилган эътибор, айниқса, таълим олишимиз учун яратиб берилган имкониятлар натижасида катта ютуқларга эришдик.
Инсонга ва сифатли таълимга берилаётган эътибор натижасида биз ёшлар мамлакатимизнинг халқаро нуфузини юксалтиришга ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз.
Фурсатдан фойдаланиб, хорижда таълим олаётган тенгдошларимни, ватандошларимизни, шунингдек, Ўзбекистонда бизни доимий қўллаб-қувватлаб келаётган фидойи инсонларни Янги йил билан табриклаб, уларнинг барчасига тинчлик ва равнақ тилайман.
Янги кириб келаётган 2024 йил барчага бахт ва қувонч олиб келсин, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
“Дунё” АА.