Ҳаётда юз берган…

“Ишонч телефони” китоби ҳақида

Худо ҳақи, ёш улғайганда яхши китоб ўқиш жуда мароқли, ҳатто телевизор кўришдан ҳам қизиқарлироқ. Болалик, ёшлик, етуклик чоғларингни эслайсан. Кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеаларнинг денгизларига шўнғийсан. Бутун умринг қандай ўтиб кетганига ақлинг етмай ҳайрон бўлиб ўтирасан. Торгина балконингда қиш чоғи тувакда анвойи гуллаган чечакларга боқиб, осуда қувончларингни ким билан ўртоқлашишни билмайсан: у банд, манов банд, анов ҳам банд, нариги ўзини олиб қочади, беригининг сен билан гаплашишга тоқати етмайди, яна бирови, нега мен борарканман, ўзи келсин дейди, иззати нафс қилади… Хуллас, ёш улғайганда китоб энг яхши, холис, беминнат ҳамроҳ, суҳбатдош, сирдош… Ақлингга ақл, тажрибангга тажриба қўшади, одамлар ҳаётидан  сабоқ оласан, инсонликнинг аён  кўзга ташланаётган таназзулларидан, ахлоқий емирилишлардан, илмий-фанний принциплар, методологияларнинг чириб бораётганлигидан ташвиш, қайғу, аламга ботасан, Худо ҳақи.

Жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад расулуллоҳ ҳадисларидан бирида дунёда энг яхши нарса гўзал ахлоқ деган эканлар. Ҳазрат Имом Нававийнинг “Қирқ ҳадис” китобида тафсир қилинишича, ул зот одамларни доим шубҳали ва айниқса, жуда бекорчи нарсалар билан овораю сарсон бўлиб юришдан такрор ва такрор қайтарар эканлар: “Инсоннинг яхши мусулмон эканлигининг аломатларидан бири (унинг) бекорчи нарсаларни тарк этишидир”. Еттинчи асрдан бери қанча вақт ўтган бўлмасин, бу содда сўзлар ҳамон амалда. Бир шоир чиғириқни ёзиб шоир бўлди, бошқаси Армстронгнинг Ойга қўниб биринчи айтган сўзига достон битди. Аммо инсон ҳамон ўша “гўзал ахлоқ” идеалига сира етолмайди, ҳеч қачон шубҳали, бекорчилиги аён кўриниб турган ишларни сира тарк этолмайди. Нега шундай экан-а? Наҳот бани башар азалда тамомила  ноқис яралган бўлса?

Ҳолбуки, у тирик борлиқнинг гултожи… Ва ҳамон океанлар кўпиклари ичидан чиққанлигини асотирларида унутмайди… Аммо биз бу ерда атоқли адиб, фозил замондошимиз Хайриддин Султоннинг янги босилиб чиққан китоби (“Ишонч телефони”. “Ziyo nashr” нашриёти, Тошкент, 2023) устида ўқувчиларимиз билан таассуротларимизни ўртоқлашмоқчи бўлиб турган эдик.  Қолаверса, юқоридаги даромад сўзларимизнинг ўзи ҳам бу китобдан ўрин олган,  ажойиб бир шаклда ёзилган қисса мутолаасидан сўнг ўқиш ва уқиш асносида туғилиб турган эди.

“Гўзал ахлоқ” ҳақидаги гапни одамлар неча минг йиллар ўтса ҳам унутмасликлари керак эди ва ҳар кун нонушта олдидан бола-чақа билан қутлуғ дастурхон теварагида ўтириб бир карра такрорлашлари керак эди. Зеро, бу адоқсиз неъматлар етишган ризқу рўзнинг шук­ронаси билан баробар ва такрорланган сари ёмби олтин каби ярқираб юракка йўл қидиришдан ҳеч толмайди, бинобарин. Аммо кўп одамларнинг бунга вақтлари йўқ. Эрталабдан иш-юмушга шошиб,  фарзандлар билан гаплашишга тажанг ва дилтанг бўлиб турадилар. Фарзанд отамдан ё онамдан сўрайман деб дилига туккан саволига умрининг охиригача ҳам жавоб ололмайди. Вақт шунчалар танг. Аммо фарзандлар саволларига жавоб ола билмасалар, вақтнинг ўзининг нима кераги бор, астағфируллоҳ!

“Ишонч телефони” –  мен уни ҳозирги энг янги китоб деб атагим келади – шакл ва бой мундарижа эътибори ҳамда замонавий руҳи билан айни шундоқ! – Ёзувчи Хайриддин Султоннинг биз шу яқин йиллар ичида ўқиб мутаассир бўлган “Навоий – 30”, “Одамлардан тинг­лаб ҳикоя” деган тўлақонли ҳикоялар жилд­ларининг маънан давоми десак ҳам бўлади. У китоблар ҳамон қизиқиб ўқилмоқда. Замонавий асарларга жуда қизиқадиган ёшларнинг қўлидан тушмаяпти. ХХI аср  кишилари ва воқелик­ларини ҳаққоний ва қизиқарли ёритгани билан диққат-эътиборни тортмоқда.

Аммо… “Ишонч телефони” – бу тамомила бош­қача, бошқача энг янги ҳиссиётлар, энг янги сўзлар, энг янги адабиётнинг ғоятда характерли намунаси. Замонамизнинг характерли белгиси – Ишонч телефонлари давлат идораларида, ҳукумат маҳкамалари, вазирликлар, агентлик­лар, коррупцияга қарши кураш ташкилотлари, банклар, ҳокимликлар – ҳаммаси-ҳаммасида бор, фаолият кўрсатиб турибди. Аҳоли, фуқаролар улар хизматидан анча саводхонлик билан фойдаланади. Уларга мурожаатларда мамлакат ва фуқароларга тубдан тегишли ранг-баранг сон-саноқсиз масалалар кўтарилади.

Фуқаронинг номи ошкор этилмаган ҳолда, улар кўтарган масалалар идоралар ва муассасалар олдига қўйилади, ечимлар қидирилади. Хайриддин Султон одамларнинг “Ишонч телефонлари”га мана шундай мурожаатларидан бадиий шакл сифатида истифода этади. Аслида “Ишонч телефонлари”га айтилган гаплар очиқ-ошкор қилинмаслиги керак. Лекин ёзувчи бу мурожаатлардан адабиётда кўп замонлардан бери қўлланиб келинадиган ИЗҲОР ВА ИҚРОР сифатида фойдаланади. Булар эса бадиий адабиётнинг энг ўқиладиган турларига киради. Айниқса, буюклар – Навоий, Толстой, Бальзак, Цвейгларнинг изҳорлари машҳур.

Хайриддин Султоннинг янги қиссасидан 28 та изҳор ва иқрор ўрин олган. Уларда айни замонавий ҳаётимизнинг ғоятда ранг-баранг қирралари ифода топган. 28 та арзи ҳол, 28 та арзи дод, 28 та арзи фазл, 28 та арзи тийнат, 28 та бир-бирига ўхшамаган феъл-атвор, европача усулда айтсак, 28 та характер ярмаркаси. Шундоқ, бу янги қисса чин ярмарка, инсон ярмаркаси. Ахлоқнинг емирилиши, океан кўпикларига айланиши. Одам ахлоқи  нечук бизнинг давримизга келиб бунчалар таназзулга тушиб қолди? Фарзандлар ота-­оналарни, ота-оналар фарзандларни менсимай қўйди. Нечун улар орасидан муҳаббат ва қадр-қиммат, айниқса, оқибат тамомила кўтарилиб бормоқда? Тамсиллар, тамо­йиллар, сабабиятлар, заруриятлар ғоятда кўп, қатор-қатор. Энг қизиғи шундаки, улар фақат 28 ҳикоят персонажлари ёки қаҳрамонлари десак ҳам бўлади, ҳаёти, аъмолида эмас, балки биз барча замондошларнинг ҳаёту аъмолларимизда ҳам ўз зуҳурини кўрсатмоқда. Булар ўзимиз гувоҳ бўлаётган, баайни ўзимизнинг бошимиздан кечаётган ҳодисалар, уларнинг турли-туман эврилишлари. Не сўз билан ифода қилайликки, буларнинг бари ҳар биримизга қадрдон бўлиб қолган.

Бизнес, таълим, бозор, пул, бойиш, маишат, амал кетидан қувиш, ранг-баранг қаллоблик­лар, бош-кети кўринмайдиган фирибгарлик­лар, саройлар қуриш, ўзини хорижга уриш, хорижда ахлоқан фош бўлишлар, ўзини қашшоқ-йўқсил кўрсатиб маразмга берилишлар… Ёзувчи ҳикоя қилаётган арзу изҳорларда буларнинг ҳаммаси тўла ва энг охирги даражада томир уриб турибди. Ёзувчи бу 28 ҳикоянинг барчасига уларнинг персонажлари номини қўйган: “Гулсара”, “Беҳрўз”, “Умид”, “Азларова” ва ҳоказо. 28 бадиий ном.

Мана, Гулсара. Бир ожиз, муштипар, аммо ёшгина аёл. У “Ишонч телефони”га арзини айт­япти. Оператор қиз Моҳидил Исматова эшит­япти. Унинг юраги сабр-тоқатга тўла. Гулсаранинг арзи нима? У: “Уй-жой сўраб ҳокимиятга борсам, ҳеч ким арзимга қулоқ солмаяпти”, дей­ди. Унинг ёши ўттиз бирда, айни куч-қувватга тўлган, етилган пайти. “Иккинчи гуруҳ ногирониман, ишга ярамайман”, дейди. У автобус ҳайдовчисига турмушга чиққан. Шаръий никоҳ ўқитган, лекин қонуний никоҳдан ўтмаган. Эрининг олдинги оиласи, бола-чақаси борлигини кейин билган. Шу одамдан фарзанд орттирган. Кейин “суви қочган”дан сўнг бу эр уни ташлаб кетган ва у ёш боласи билан кўчада қолган. Ўзи топиб эр қилгани учун қариндош-уруғлари унга ёрдам бермай қўйишган, муомалалар узилган. Алимент ундиришга никоҳ қоғози йўқ. “Қўлимда на ҳунарим, на дип­ломим бор”, дейди. Оператор “Ариза ёзиб келсангиз, “Аёллар дафтари”га киритишлари мумкин”, дейди. Лекин Гулсара: “Майли, менга уй керакмас, фақат эрим ҳар замонда бўлса ҳам келиб болаларимнинг ҳолидан хабар олиб турса… Мазам йўқ, опажон, ўлиб-нетиб қолсам, бу учта норасида нима бўлади? Илтимос, ёрдам беринг”, дейди.

Мана энди бир арзи доднинг қисқа мазмуни билан танишганингиздан кейин сўзимизнинг бошида айтилган ҳадисга қайтсак ҳам ўринли. Бу шўрлик ёш аёлнинг туриш-турмуши бари бошдан-оёқ шубҳали нарсалар домига илингани, шубҳали нарсаларни ҳаёт ўрнида қабул қилгани ва аёл бошини ўтга тиққани… Наҳотки у шунчалар ақлсиз, тентак? Энди учта норасида нима бўлади, деб қайғуряпти ва ёрдам сўраяпти. Ким энди унга ёрдам беролади? Мен инсон таназзули деганда ана шу жоҳилликни, жадид олим тили билан айтганда, “жаҳли мураккаб”­­ни назарда тутган эдим.

Ҳолбуки, ХХI аср! Китобда бизнинг мана шу олдимизда турган кунларимиз ҳақида гап кет­япти. Одатда, ҳаётда нима бўляпти, деймиз. Инсон кўз ўнгимизда таназзулга учраяпти. У ўзига ҳам, ўзи яшаётган ҳаётга ҳам тўғри баҳо беролмайди. Яхши-ёмонни тўртинчи синф боласи даражасида ҳам тўғри ажратолмайди.

Яхши-ёмонни, тўғри-нотўғрини, эгри-қалбакини, чин-ёлғонни, ҳақ-ноҳақни тўғри ажратолмаслик, кўзбўямачилик, қаллобликлар бош­­қа 27 та ҳикоят қаҳрамонларининг иқрорларини ахлоқан юзтубан кетиш каби баҳолашга олиб боради. Инсон табиатни, сувни, мусаффо ҳавони, Ер юзидаги Худо томонидан ато этилган омонликни, омонлик маконларини, денгизлар, океанлар, дарёлар, кўлларни асраш ва тоза сақлашга ўта ожизлик қилмоқда. Ожизлик ўз-ўзидан табиий равишда унинг шахсий ҳаёти, феъл-атворида ҳам ўз аксини тўла намоён этмоқда. Табиатни асраб яшамаган одам ўзини, ички руҳоний дунёсини соғлом сақлай олмайди. Булар ҳаммаси бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган. “Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам аниқдир” дейилади яна муқаддас ҳадисларда. Еру заминга нисбатан бузғунчилик йўлига кирганлар ҳеч қачон соғлом ва фаровон, ҳақ ва адолатли бўлолмайдилар.

Бу ҳикояларнинг барчасини юрагимиз беором титраб ўқиймиз. Нажот борми, деймиз. Нажот қидирамиз. Умумнажот ҳаёт, инсон, табиат ҳақида умумтўғри тушунчага эга бўлишда. Тўғри тушунчали одам янглишмайди, алданмайди, ҳар қандай фирибгар найранг­ларининг авра-астарини ағдариб ташлайди ва тўғри нажоткор йўлга солади инсонларни. Глобал асримизда инсоният ҳаёти ва тақдирида глобал ижтимоий касалликлар юзага чиқмоқда ва авж олмоқда. Бу касалликларнинг ҳаммаси ўта аччиқ, ўта заҳарли. Аммо бутун инсоният сидқидилдан уринса, уларга даво топади.

Хайриддин Султон ҳикояларини бирма-бир таҳлил қилишга юрагим чидамайди. Улар келажакдаги жуда оғир маънавий-руҳий ва табиат катаклизмларидан дарак бермоқда. Бу ҳикоялар кўпиклар устига кўпиклардан сиёҳ ясаб ёзилмаган, ҳеч нарса кўпиртирилмаган, ҳаётда қандай бўлса шундай, фақат адабиёт огоҳлантирмоқда. Ҳатто бу содда тахлит ҳи­кояларни журналистик ҳикоялар дейиш ҳам мумкин. Уларда журнализм элементлари кучли намоён бўлган. Бу журнализм усули жуда таъсирли. Ночорликка чора излайди. “Ишонч телефони” ҳикоялари ва улар композицион қурилмасидан яхлит тус олган бадиий қисса замондошларга ғоят яқин, замондошлар билан дардлашиш мақсадида ёзилган. Бу ўта интим ҳикоятлар бизни ўз воқеалари ва изтиробларининг иштирокчисига, мусоҳибга, тақдирдош, заминдошга айлантиради. Ғафлатда қолдим, деб ночор кўз ёши тўкиб ўтириш иш эмаслигини юрагимизга дардли томчилари билан сингдиради.

Ёзувчи 28 та ижтимоий хавфли касалликни моҳир жарроҳ каби очиб кўрсатади. Адибга тинч­лик бермаган бу ҳаётий-ижтимоий воқеалар ўқувчини ҳам безовта қилади. Уни ён-ат­рофларига сергак назар ташлашга, ҳеч нарсага бефарқ бўлмасликка чақираётгандай бўлади. Яна бир қараганда бу аламли воқеаларга ҳеч ким ҳакам бўлолмайдигандай ҳам туюлади. “Бугун ҳаёт бошқа, қарашлар бошқа, – дейди “Қодир” деган ҳикоятнинг қаҳрамони, – дунёни ўзгартиролмайсан”. Бошқа бир ҳикоятнинг қаҳрамони Ойгул никоҳсиз орттирган боласини “касофат” деб атайди. Ўз туққан боласини касофат деб аташга мажбур бўлиб қолган бу аёл – касал дунё тимсоли. У тамомила бекорчи нарсалар ичида яшаб шу ҳолга тушмадими? Наҳот шу кўргилик ҳам биз – соғларни огоҳликка чақирмайди?

Асар охирлар экан, “Ишонч телефони” оператори ажойиб, меҳрибон мутахассис қиз Моҳидил Исматованинг қайғули тақдири ҳам бошқа персонажлар тақдирлари билан замон  фожиалари жабҳаларида мутаносиб тарзда туташиб кетади. “Эҳ, кўзим кўрмаган бўлса эди” дейди ориф синчков китобхон.

Асарнинг “Ишонч ёрлиқлари” деб номланган иккинчи бўлимига кирган, адиб бизнинг кунларимизда яратган бадиалар унинг ҳаёт тўлқинлари, ўйлари, изтироблари, изланиш­лари, ҳаваслари билан табиий тарзда чамбарчас бўлиб кетади. Муаллиф ўзи таниган, яхши билган, ҳамкорлик қилган, бирга хизматда бўлган таниқли олимлар, шоирлар, таржимонлар, муаллифлар ҳақида ҳикоя қиларкан, бу бадиаларни худди ёзувчининг таржимаи ҳоли каби ўқиймиз. Адиб ўзига таъсир кўрсатган илм, санъат ҳодисаларини жонли лавҳаларда, жозибали ҳикоя қилади. Улар адибнинг бадиий ижоди хусусиятлари, ўзига хосликларини, эстетик қарашлари, фаросати қирраларини чуқурроқ тушуниш, белгилашга ёрдам беради.

Иброҳим ҒАФУРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × five =