Ахборот тайёрловчида гап кўп
Ҳар куни биргина қўлимиздаги телефон орқали юзлаб янгиликлардан хабардор бўламиз. Лекин биз танишаётган турли мазмундаги ушбу хабарларнинг ҳаммасини ҳам холис, ҳаққоний, деб бўлмайди.
Аслида, ахборот тайёрловчи ва тарқатувчида гап кўп. Шу ўринда бир мисол. Тўртта ташкилот ҳамкорлигида ўтказилган тадбирни ҳар бир идора ўз корхонаси манфаати нуқтаи назаридан ёритади. Энди хорижда бўлиб ўтаётган муҳим жараёнлар ҳақидаги ахборотни иккинчи ёки учинчи манба орқали олишни ўйлаб кўринг. Улар ахборот мазмунини сездирмасдан бир оз ўзгартириб, ўз қарашларидан келиб чиқиб тақдим этиши ҳам мумкин. Аммо буни ҳамиша ҳам англаш қийин. Қолаверса, ҳар доим ҳам хабарни текширишга вақт, ҳафсала бўлмайди.
Халқаро медиамаконда рақобат кучайган ҳозирги кунда дунёдаги ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ахборотда қандай ғоя ва мақсадлар яширин эканини тўлиқ пайқаш мушкул. Ахборот бир қарашда ишончли кўринади — воқеа жойидан, муайян манфаатдан келиб чиққан ҳолда, ўта устакорлик билан олинган расм ва видеолар, интервьюлар эълон қилинади.
Сир эмас, кейинги пайтларда бу борада ҳам сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда, кўпаймоқда. Бу эса халқаро медиамакон материалларида ғаразли мақсадлар йўлида сохтакорлик кўпайиши эҳтимоли мавжудлигини билдиради.
Миллий медиа халқимизнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондирмоқда, дея олмаймиз. Шундай экан, мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари, Ўзбекистон Журналистлар ушмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари олдида бу борадаги ишларни жонлантириш бўйича масъулиятли вазифалар турибди.
Шундай экан, айни ҳолат журналист ва блогерларимиз, ижодкорларимиз ўта ҳушёр ва огоҳ бўлиши лозимлигини, соҳага оид замонавий билимларни пухта эгаллаб бориши зарурлигини, замон билан ҳамнафас, ҳатто бир қадам олдинда юриши керак ва шартлигини кўрсатади.
Бугунги ривожланишлар жараёнида ахборот хуружлари энг катта таҳдидлардан бирига айланди. Шу йил 12 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратиш, ахборот хавфсизлиги масаласига бежиз алоҳида эътибор қаратмади.
Луғатларда миллий сўзига “халқона, миллатга тегишли, диний, бирор мамлакат, давлат ва унинг аҳолисига оид, бирор миллат, халқнинг ўзига хос бўлган, унинг хусусиятларини ифодаловчи” деб, контент сўзига эса “ўз-ўзини ифода этиш, тарқатиш, маркетинг ва / ёки нашр этиш учун нутқ, ёзув ёки турли хил санъат турлари каби бирор-бир восита орқали ифодаланиши керак бўлган ахборот воситаси”, дея изоҳ берилади. Бундан миллий контент тушунчасининг қамрови кенглиги англашилади.
Аввало, миллий контент деганда миллий манфаатларимизни назарда тутган ҳолда юртимиз ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тайёрланган холис, ҳаққоний материалларни тушунамиз.
Мамлакатимизда юртдошларимиз маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фан, таълим, иқтисодиёт, маданият, тадбиркорлик, санъат, спорт, қўйингки, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, юзага келган муаммолар ва эришилаётган ютуқлар ёритиладиган ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта, сифатли медиа маҳсулотлар ҳам миллий контентни бойитишга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Юртимиз тарихи ва ўзига хос жиҳатлари, географияси, миллий давлатчилигимиз, жадид боболаримиз, улуғ саркардаларимиз, аждодларимиз ҳамда ижодкорларимиз ҳаёти ва фаолияти, миллий менталитетимиз, юртимиз табиати, миллий манфаатларимиз, ўзбек тили, урф-одат ва анъаналаримиз ҳақида тайёрланадиган ижодий ишлар ҳам миллий контент сирасига киради.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг 2019 йил 17 июль куни бўлиб ўтган IV конференциясида қабул қилинган Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси олтинчи бўлимида “Журналист қандай мавзуга қўл урмасин, миллий ўзига хослик, миллий маънавият ва ахлоқий қадриятларга, шу билан бирга, бошқа миллат ва элатларнинг урф-одат ҳамда маданиятига нисбатан ҳурмат сақлайди. Материални тарқатишда адабий тил қоидаларига амал қилади. Журналист мамлакатнинг ахборот маконидаги нуфузи ва жаҳон ахборот майдонидаги имижига путур етказмасликка интилади”, дейилган. Аёнки, журналистик материал — миллий контент тайёрлашнинг ҳам масъулияти бор. Қолаверса, оммага кенг тарқатиладиган контент ишончли, холис ва адолатли, ўқувчи учун қизиқарли бўлиши, унга маъно-мазмунли ахборот бериши керак. Бундай материаллар тайёрлаш учун эса муаллиф етарлича билим ва малакага, маҳоратга эга бўлиши лозим.
Дунёда кечаётган ҳозирги сиёсий вазият миллий контент яратиш ва кўпайтириш масаласи ўта долзарб эканини кўрсатмоқда. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш эса миллий хавфсизлик соҳасида муҳим вазифа сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Кези келганда айтиш жоизки, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси ахборот кодекси” лойиҳасининг тўртинчи бўлими ахборот хавфсизлигига бағишланган. Кодекс лойиҳасига шахснинг ахборот хавфсизлиги, жамиятнинг ахборот хавфсизлиги, давлатнинг ахборот хавфсизлиги, оммавий ахборот воситаларида, жумладан, онлайн-платформаларда хавфсизликни таъминлаш каби моддалар киритилгани эътиборга моликдир.
Шу кунларда такомиллаштирилаётган мазкур ахборот кодексининг қабул қилиниши натижасида журналистика ва ахборот соҳасининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланади, медиа соҳага оид тарқоқ ҳолдаги, бироқ мазмунан ўхшаш мавжуд қонунлар битта норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклига келтирилади. Бошқача айтганда, соҳага оид қонунчилигимизда мавжуд бўлган бўшлиқ тўлдирилади.
Ҳар куни дунёда қанчадан-қанча воқеа-ҳодисалар рўй беради. Турли қарама-қаршиликлар, қуролли тўқнашувлар, бир давлат иккинчисига таъсир ўтказишга уриниш ҳолатларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу борадаги ахборотларнинг асосий қисмини хориж ОАВларидан оляпмиз. Аммо дунё ҳаётига оид ахборотларни иккинчи ёки учинчи манбадан олишни босқичма-босқич камайтириш чора-тадбирларини кўришимиз ниҳоятда долзарб. Шунинг баробарида, халқимизнинг медиасаводхонлиги ва маънавиятини ошириш, барча турдаги ОАВ, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ўзбек сегменти учун миллий контентни кўпайтириш жуда муҳим. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берган бўламиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумот, реал воқеаларга бўлган эҳтиёжни биз қондирмас эканмиз, буни бошқалар қилади”.
Бугун оммавий ахборот воситалари сони кўпайиб, ижтимоий тармоқлар шиддат билан ривожланиб бормоқда. Улар тарқатаётган хабарлар сони ошгандан-ошмоқда. Шунга қарамасдан, уйқудан уйғонгандан то уйқуга кетгунимизча янгилик қидирамиз.
Умуман олиб қараганда, миллий медиа халқимизнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондирмоқда, дея олмаймиз. Шундай экан, мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари олдида бу борадаги ишларни жонлантириш бўйича масъулиятли вазифалар турибди.
Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган иш режамиздан соҳа етакчилари ва олимлари, тажрибали ва таниқли устоз журналистлар иштирокида оммавий ахборот воситалари — газета ва журналларда, интернет нашрларида, телерадиоканалларда, медиа соҳа учун кадрлар етиштирувчи олий таълим муассасаларида миллий контент яратиш ва уни кўпайтириш сирлари, илмий асослари бўйича семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ўтказиш ҳам ўрин олган.
Миллий контент тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган бундай ишлар доирасида “Энг яхши миллий контент” республика танловини ўтказиш режалаштирилмоқда. “Facebook” ижтимоий тармоғида миллий контентни кўпайтиришга қўшган ҳиссаси учун”, “Жадидлар ҳақидаги энг яхши материаллар учун”, “Болаларни китобхонликка қизиқтирган блог-постлар учун”, “Интернет тармоғида эълон қилинган энг яхши миллий контент учун” каби саккизта номинация бўйича ўтказиладиган танловда интернет нашрларида фаолият олиб бораётган журналистлар, шунингдек, блогерлар қатнашиши белгиланган.
Булардан кўзланган асосий мақсад журналист ва блогерларимизнинг билими, малака ва тажрибасини, фаоллигини ошириш, қолаверса, янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси кенг ёритилишини таъминлаш ҳамда халқимизга дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида ишончли ахборот тақдим этишдир.
Холмурод САЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
раиси в.б.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг
2024 йил 2 март 45-сонидан олинди.