Мамлакатимизда муҳандислик салоҳиятининг истиқболлари

Муҳандислар энг илғор технологиялар яратувчилари бўлиб, улар инновация, ижодкорлик ва ўзгариш орқали бизнинг хавфсизлигимиз, соғлиғимиз, фаровонлигимизни таъминлайди. Муҳандислар — янги технологияларни яратиш, тасаввур қилиш ва амалга ошириш билан шуғулланадиган мутахассислар. Муҳандислик жамият олдида турган муаммоларга жавоб топиш ва ўзгаришларни амалга оширишни тақозо этади.

Марсга учувчи космик кемани яратган ҳам ёки узоқ минтақага тоза сув тизимини қурганлар ҳам улар. Бугунги кунда соҳа бир неча йўналишларга бўлинган: механик-муҳандис, гид­ротехник-муҳандис, кон муҳандиси, ҳарбий-муҳандис, ло­йиҳаловчи-муҳандис, физик-муҳандис, технолог-муҳандис, қурувчи-муҳандис, ирригатор-муҳандис ва ҳоказо.

Замонавий йўналишлардан бири — бу атроф-муҳит муҳандислигидир. Атроф-муҳит муҳандислиги — бу атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яхшилаш учун илмий муҳандислик тамойилларини қўллашга қаратилган таълим соҳаси. Ушбу соҳа кадрлари энергия тежамкор дизайн, қайта тикланадиган энергия тизимлари ва яшил инфратузилмани ўз ичига олган барқарор муҳандислик илмини пухта эгаллаган бўлиши керак.

Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб, жаҳон энергетика балансининг 30 фоиздан ортиғи қайта тикланадиган энергия манбалари ҳисобига таъминланади. Бу мақсадни амалга ошириш учун саноатга киритилган сармоялар камида 400 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши керак.

Яшил энергетика атмосферага чиқадиган зарарли чиқиндиларни камайтириш учун қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич ошириш зарур. Шунингдек, углеводород ёқилғисини қайта ишлаш натижасида атмосферага чиқадиган иссиқхона газлари 1,1 миллиард тоннага камайтирилишини таъминлаш зарур. Бу жуда муҳим, чунки у атмосфера ҳарорати кўтарилишининг олдини олишга ёрдам беради ва Ердаги иқлим ўзгаришига ижобий таъсир қилади. Бундан ташқари, углерод ёқилғиси истеъмолини камайтиришга ёрдам беради, уларнинг захиралари ҳозирги ишлаб чиқариш суръатларида фақат 50-60 йил давом этади ва энергия инқирозининг олдини олади. Бугунги кунда Хитой жаҳон энергетика соҳасида муқобил ресурс­ларга сармоя киритиш ҳажми бўйича етакчи. Ушбу саноат Ҳиндистон, Бразилия ва Мексикада фаол ривожланмоқда.

Ўзбекистон Республикасида қайта тикланадиган энергия ресурслари захиралари жуда катта. Бу, айниқса, қуёш энергиясига тегишли. У қайта тикланадиган энергия манбаларининг умумий техник салоҳиятининг камида 98 фоизини қоплаши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ажойиб иқлим ва географик зонада жойлашган. Бу ерда қуёш энергиясидан саноат миқёсида фойдаланиш мумкин. Ўзбекистонда жами қуёш энергияси кўрсаткичлари углеводород ёқилғиларининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмидан уч баравар кўпроқдир. Минтақавий шамол энергияси салоҳияти нисбатан кичик ва географик жиҳатдан чекланган. Энг тўғри ёндашув ҳар хил турдаги қайта тикланадиган энергия манбаларини, қуёш ва шамолни бирлаштиришдир. Фақат шамолдан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан жуда хавфли. Республикамизда иссиқлик энергиясининг умумий захираси жуда катта. Бу қуёшнинг энергия салоҳиятидан бир неча баравар юқори. Техник салоҳияти учун оддий ва тежамкор технологиялар керак. Шунингдек, иқтисодий жиҳатдан фойдали қайта тикланадиган энергия манбаларига маиший чиқиндиларни қайта ишлаш киради. Бир тонна қаттиқ чиқиндидан тахминан 250 кубометр биологик газ (метан) олиш мумкин. Бу газдан электр энергияси ва иссиқлик манбаи сифатида фойдаланиш мумкин.

Макроиқтисодий бошқарувнинг оқилона йўлга қўйилиши, қулай савдо шартлари ва молия тизимининг чекланган глобал интеграцияси мамлакат иқтисодиётининг жаҳон молиявий инқирозига бардошини таъминлади. 2004 йилдан бошлаб эса ЯИМ ўсиши йилига ўртача 8 фоизни ташкил этди. Ушбу барқарор макроиқтисодий кўрсаткичлар миллий иқтисодиёт тармоқларини, хусусан, энергетика соҳасини нафақат қўллаб-қувватлаш, балки ривожлантиришга ҳам сармоя киритиш имконини берди. 2030 йилга келиб, қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича 55 фоизга кўпроқ капитал харажатларни талаб қилади, аммо тизимни сақлаш харажатлари 50 фоизга кам бўлади.

Жумладан, “Ўзбекэнерго” ДАК томонидан амалга оширилган Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича германиялик олимлар томонидан олиб борилган қўшма лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг шамол энергетикаси салоҳияти 520 ГВт дан ортиқ эканлиги ва 17 000 квадрат километр майдонда ўрнатилиши мумкинлиги аниқланган. Ушбу ҳудудларда йилига 1,07 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, республикамиздаги олимлар бошчилигидаги илмий изланишларда Ўзбекистонда шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича истиқболли ҳудудлар аниқланган. Ушбу ҳудудларга Қорақалпоғистон Республикаси жанубидан — Навоий вилояти ва Бухоро вилоятининг Ғиждувон ва Пешку туманларигача бўлган майдонлар киради. Бухоро ва Навоий вилоятида электр энергияси истеъмолчилари танланган ҳудудларга яқин жойлашганини инобатга олсак, айнан ушбу вилоятларда шамол энергетикасидан фойдаланиш истиқболи ошади.

Бухоро вилоятида яшил энергетикани ривожлантириш учун Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қиймати 650 миллион АҚШ долларига тенг бўлган шамол электр станцияларини лойиҳалаштириш ва қуриш ишлари бошланган. Мазкур лойиҳалар Президентимизнинг 2021 йил 23 февралдаги “Бухоро вилоятининг Пешку туманида қуввати 300 — 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ Саудия Арабистони Қироллигининг “International Company for water and power projects” компанияси кўмагида Ўзбекистонда ташкил этилган “ACWA Power Bash Wind” МЧЖ сармояси асосида амалга оширилмоқда. Ло­йиҳани амалга ошириш учун Бухоро вилояти ҳокимининг “Бухоро вилоятида шамол электр станцияси ва ҳаво электр узатиш тармоқларининг таянч қурилмаларини қуриш учун ер участкалари ажратиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш учун барча соҳаларда “яшил иқтисодиёт” технологияларини фаол жорий этиш — 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси вазифалари доирасидаги мақсадлардан бири. Ушбу мақсадга эришиш бир вақтнинг ўзида “яшил иқтисодиёт” учун кадрлар тайёрлаш заруратини ҳам кўндаланг қўяди. Олий ўқув юртларида “яшил иқтисодиёт”га ўтиш учун энг зарур мутахассислик­лар бўйича кадрлар тайёрлаш, жумладан, биотехнологлар, муқобил (қуёш ва шамол) энергетика, шунингдек, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича муҳандислар, иқлим хавфини баҳолаш, биоиқтисодиёт бўйича малакали кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш муҳим ҳисобланади. Шу билан бирга, энергия тежамкор иншоотлар ва технологияларни, жумладан, сунъий интеллектни лойиҳалаш, фойдаланиш ва ишлаб чиқариш бўйича кадрларни замон ва жаҳон талаби даражасида тайёрлаш бугуннинг устувор мақсадидир.

Бухоро муҳандислик-технология институтида ҳам яшил энергетикани ривожлантириш мақсадида қуёш панеллари ўрнатиш бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган дастурга асосан, 2023 йилда қуввати 315 кВт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган эди. Ҳозирги кунда 320 кВт қувватга эга қуёш панеллари институт том қисмининг 2020 квадрат метр майдонига ўрнатилган бўлиб, 60 фоизга яқин электр энергиясини тежаш имкониятини бермоқда. Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тармоқларига уланиб, белгиланган тартибда шартнома тузилган ҳамда ўрнатилган қуёш панеллари Божхона қўмитасининг “Яшил энергия” платформасига киритилган.

Бундан ташқари, институтда яшил энергетикани ривожлантириш мақсадида бир қатор илмий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, энергетик самарадорликни назорат қилиш ва бошқаришнинг ахборот-дастурий таъминоти ва қурилмалари, Бухоро вилоятининг иқлимий шароитларига мослаштирилган самарадор шамол энергетик қурилмасини яратиш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиб, кичик қувватли истеъмолчиларнинг электр таъминоти ишончлилигини ошириш, паст босимли сув оқимларига мослаштирилган самарадор микро-гидроэлектр станциясини ишлаб чиқиш, бошқарилувчи электр юритмалар асосида синхрон моторларнинг энергия тежамкор иш режимлари тадқиқоти, донни қайта ишлаш корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш мавзуларида илмий ишлар ва ишланмалар яратилган.

Шу билан бирга, “Электр таъминоти тизимига рухсатсиз уланишларни, узилишлар ва изоляция кўрсаткичларини рақамли мониторинг қилиш қурилмаси”, “Smart Wind-Solar Hybrid Power System”, “Паст босимли сув оқимларига мослаштирилган самарадор вертикал ўқли микро-гидроэлектр станциясини яратиш”, “Сув сатҳи ўзгарувчан суғориш каналлари учун икки роторли микро-гидроэлектр станциясини яратиш”, “Smart solar panel cleaning machine” — энергия ўлчаш воситалари ва бошқариш тизимларини ишлаб чиқиш бўйича илмий изланишлар олиб бориляпти. Корхона ва ташкилотларда энергетик текширувларни ўтказиш, маҳсулот бирлигига сарфланаётган энергия миқдорини меъёрлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини лойиҳалаш, ўрнатиш ва хизмат кўрсатиш, яшил энергетика соҳаси бўйича мутахассислар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш борасида илмий-амалий лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Садоқат СИДДИҚОВА,

Бухоро муҳандислик-технология

институти ректори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 2 =