Навоий маърифати — маънавият сарчашмаси

Алишер Навоий туркий сўз қудратини чўққига кўтарди, эътиборсизликка юз тутган она тилимизнинг қаддини тиклади ва туркий тил шуҳратини дунёга ёйди. Натижада дунё унинг асарлари орқали маданиятимиз билан танишди, халқимизнинг бебаҳо қадриятларига эҳтироми ошди. Навоийнинг шогирди муаррих Хондамир таъкидлаганидек: “Султонлар унинг асарларига эга бўлишга интилар, чопарлар юбориб, Навоийдан китоблар тилар эди ва унинг асарларини ўз кутубхоналарининг олий безаги сифатида ардоқлар эди”.

Мустақиллик даврида Навоий номи ўзбек халқининг кимлик тушунчасини ифода этгувчи миллий тимсолга айланди. Бугунги давримизда, Ер куррасининг қайси бурчагида Навоий номи хотирланса, албатта, миллатимиз, Ўзбекистон номли жонажон ватанимиз тилга олинади. Навоий номи ўз даврида бўлганидек, бугун ҳам асрлар оша халқимизни халқаро миқёсда танитиш, унинг бой тарихи ва маданияти билан таништиришга хизмат қилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистон миллий ғояси, Учинчи Ренессанс ҳақидаги орзу-умидлари ва уларнинг рўёби йўлида олиб бораётган мардонавор ҳаракатлари Ҳазрат Навоий армонлари билан ҳамоҳанг. Шу маънода, Алишер Навоийнинг адабий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш, айни пайтда дунё халқларини давлатимиз ва халқимизнинг эзгу интилишларидан хабардор этиш, миллий маданиятимизни хорижий мамлакатларда тарғиб этиш ишлари билан уйғун эканини англатади.

Бу борада Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган ва бу табиий. Дунёда ўхшаши йўқ, миллий тилимиз ва адабиётимизни ўрганишга ихтисос­лашган университетнинг Алишер Навоий бобомиз номи билан аталганининг ўзиёқ университет зиммасидаги асосий вазифалар қаторида бобокалонимизнинг ғояларини амалга ошириш, халқимиз маданиятини, ўзбек тили ва адабиётини халқаро миқёсда тарғиб этиш каби улуғ миссия борлигини англатади.

2016 йил университетнинг очилиш маросимида Давлатимиз раҳбари университет ёшларининг маънавий тарбияси ва ҳар томонлама етук, ватанпарвар мутахассислар тайёрлаш билан бир қаторда хориж ўлкаларида миллий маданиятимиз, она тилимиз ва адабиётимизни тарғиб этиш ишларига масъул бўлишини таъкидлаган эди. Ўтган йиллар давомида қабул қилинган бир неча Президент фармонлари ва қарорларида университетимиз буюк аждодларимизнинг бой илмий-адабий мероси билан дунё халқларини яқиндан ошно қилиш, соҳа олимларини хориждаги илмий-тадқиқот марказлари билан яқин ҳамкорлигини таъминлаш ишларига бош бўлиши ҳақида бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу вазифалар ижроси йўлидаги саъй­-ҳаракатлар бир пайтнинг ўзида университетнинг халқаро миқёсда танилиши ва эътироф этилишига сабаб бўлди.

Илгари ўзбек олимлари ташқи илмий макондан батамом узилиб қолган, муҳим янгиликларга бой тадқиқотларидан хорижлик мутахассислар бехабар бўлиб, дунёнинг машҳур тилшунос олимлари йиғилиб турадиган халқаро конференцияларга, битта-яримта ўзбек олими тасодифан қатнашиб қолишини ҳисобга олмасак, ўзбек тили ва адабиёти тарихи масалалари ўзбек мутахассислари иштирокисиз муҳокама қилинарди. Университет ташкил этилгач, мунтазам равишда йўлга қўйилган ўзбек тилшунослиги, адабиётшунослиги ва таржимашунослиги масалаларига бағишланган халқаро конференциялар дунё туркологларининг эътиборини ўзига тортди, ўзбек адабиёти дўстлари клуби доирасида шоирлар ва адиблар ўртасида яқин алоқалар ўрнатилди, ўзбек тили ва адабиёти, таржима ишлари билан шуғулланувчи хорижлик мутахассислар билан тез-тез халқаро давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказиш анъанага айланди. Бир сўз билан айтганда, университетимиз тилимиз ва адабиётимизнинг долзарб муаммоларини хорижликлар билан бирга кўриб чиқувчи жаҳоний марказга айланди. Дунё ўзбек олимларини таниди. Ўзбек олимлари дунёга чиқди. Университет томонидан 2016 йилдан бери ҳар йили февраль ойида бобокалонимизнинг таваллуд кунлари арафасида ўтказиб келинаётган “Алишер Навоий ва XXI аср” улуслараро конференциясида турли давлатлардан, жумладан, АҚШ, Франция, Корея, Германия, Венгрия, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Эрон, Швеция, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон олимларининг мунтазам иштирок этиб келаётгани бунинг далилидир.

Конференцияларга тайёргарлик жараёнларида маълум бўлишича, турли давлатларда ўзбек адабиёти, хусусан, Навоий ижоди билан боғлиқ тадқиқотлар олиб бориш истагида бўлган ёш олимларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Тошкентдаги конференцияга келишни истайдиган, аммо турли сабаблар билан қатнашиш имкониятига эга бўлмаганлар ҳам анча эканлиги кўринди. Ана шундай олимлар учун имконият яратиш ва барча мамлакатлардаги навоийшуносларнинг ўзаро ҳамкорлигига эришиш мақсадида 2023 йилдан эътиборан “Алишер Навоий ва XXI аср” улуслараро конференциясини Ўзбекистондан ташқарида ўтказиб бориш режалаштирилди. 2023 йил Бокуда ўтказган конференциямиз биз тўғри йўлни танлаганимизни кўрсатди. Озарбайжоннинг турли вилоятларида фаолият кўрсатиб келаётган олимларнинг ўзбек олимлари билан мулоқоти ўзбек-озар илмий-адабий ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очди. Янги номлар кашф этилди, Ўзбекистон ва Озарбайжон олимларининг яқиндан танишуви натижасида кенг қамровли халқаро ҳамкорлик ишлари бошланиб кетди.

Ўтган ҳафтада “Алишер Навоий ва XXI аср” улуслараро конференцияси Туркиянинг қадимий Бурса шаҳридаги Улудағ университетида ўтказилди. Ушбу нуфузли анжуманда Туркиянинг деярли барча кўзга кўринган навоийшунос олимлари фаол иштирок этдилар. Ўзбекистондан ташриф буюрган навоийшунос олимлар билан мулоқотда улар Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни катта қониқиш билан кузатаётгани ва биргаликда ҳамкорлик қилишга катта умид билдирганлари бизни қувонтирди.

Конференция доирасида Туркияда Алишер Навоий ижодини ўрганиш, ўзбек халқи маданияти ва санъатини тарғиб этишга умрини бағишлаган 21 нафар олим ва жамоат арбобига Давлатимиз раҳбари кўрсатмаси билан университетда таъсис этилган “Алишер Навоий” кўкрак нишони топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 январдаги “Хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб қилиш орқали туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда мамлакатимиз нуфузини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори университетимиз томонидан халқаро миқёсда амалга оширилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтаришга туртки берганини алоҳида қайд этиш лозим.

Президент қароридан аён бўладики, юртимизнинг бой илмий, тарихий, маданий ва маънавий меросини ўрганишга қизиқиш юқори бўлган хориждаги таълим ва илмий ташкилотларда университетимизнинг Алишер Навоий номидаги марказларини очиш мамлакатимиз имижининг юксалишига хизмат қилиши, хориждаги турли ижтимоий қатламлар орасида, ёшу қари нигоҳида Ўзбекистон аталмиш эртаксимон жаннатмонанд ўлка ҳақида ёрқин тасаввур уйғотиши, унинг илмий-интеллектуал салоҳияти, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар ҳақида маълумотлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг 8 февраль куни Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва кўрсатмаси асосида Туркиянинг қадимий пойтахти Бурса шаҳрида жойлашган Улудағ университетида Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти марказининг очилиши Президент қарори ижросининг амалий ифодаси бўлди.

Марказда сўз олган туркиялик давлат ва жамоат арбоблари томонидан кейинги йилларда Ўзбекис­тонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатда ҳукм сураётган очиқлик сиёсати хорижликларнинг Ватанимизга бўлган қизиқишлари ортишига хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди ва икки мамлакат ўртасидаги илмий-адабий, маърифий ва маданий соҳалардаги яқин ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашда ушбу марказнинг аҳамияти катта бўлиши таъкидланди.

Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан ажратилган илмий, адабий ва сиёсий адабиётлар билан таъминланди, Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси ёрдамида жиҳозланди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан марказда мунтазам равишда қадимий ва замонавий туркий тиллар, туркий халқлар адабиёти бўйича илмий тадқиқотлар олиб борувчи ёш олимлар, тарихчилар, этнографлар учун маърузалар ташкил этиш, ўзбек шоирлари ва ёзувчилари, санъат соҳаси вакилларининг учрашувларини ўтказиш, шунингдек, янги Ўзбекистоннинг маданий юксалиш қирраларига бағишланган турли тадбирлар ташкил этишга қаратилган режалари қатнашчиларга кўтаринки руҳ бағишлади. Марказда ўзбек тили курсининг онлайн ва офлайн форматда ташкил этилиши ҳақидаги хабар Туркияда истиқомат қилаётган ўзбек ватандошларимиз, шунингдек, ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш билдираётган турк ёшларини ниҳоятда қувонтирди. Қолаверса, марказ икки университет ўртасида ўқитувчилар ва талабаларнинг ўзаро тажриба алмашинуви учун ҳам хизмат қилади. Шунингдек, бу ерда турк қардошларимиз ва Туркия ёшлари Ўзбекистон ҳақида, унинг тарихи, бугуни ва эртаси хусусида “Ўзбек академияси” электрон платформаси орқали кенг маълумот олиши учун барча имкониятлар яратилади.

Университет мазкур йўналишдаги ишларини давом эттиради ва келгусида кўплаб хорижий мамлакатларда буюк аждодимиз номи билан аталувчи марказларни ташкил этиб, хорижликлар, хориждаги ватандошлар учун ўзбек тили, маданиятини ўргатиш, тарғиб қилиш борасидаги фаолиятини янада кенгайтириб боради.

Алишер Навоий ўз асарларида тинчлик ва осойишталик, эл-юрт манфаати учун яшаш каби умумбашарий қадриятларни, адолат ва поклик, ватанпарварлик, дўстлик ва садоқат, камтарлик каби инсоний фазилатларни тарғиб этган ва баркамол бадиий образларда мужассам этган улуғ мураббийдир. Давлатимизнинг бағрикенглик, тинчликсеварлик ва баҳамжиҳатлик сиёсати, жаҳон ҳамжамияти қаршисида миллатимиз обрўсини кўтариш, тилимизнинг Ватанимиздан узоқ-узоқларда ҳам эъзозланиши ва у орқали маданиятимизга алоҳида эҳтиром кўрсатилишига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари буюк бобокалонимиз номи билан аталувчи ўзбек тили ва маданият марказлари доирасида ўз натижасини кўрсатиши шубҳасиз.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

Алишер Навоий номидаги

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти

университети ректори,

академик.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + twenty =