Аёл бахти

Ватанимиз тарихида маърифатли аёлларнинг алоҳида ўрни бор.  Нодирабегим, Моҳларойим, Жаҳон отин Увайсий,  шунингдек, миллат ривожига, адабиёт равнақига катта  ҳисса қўшган  Зулфия, Ҳалима Худойбердиевалар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Уларнинг   ҳаёти кўплаб ёшлар учун ибрат.

Бугунги кунда ҳам ўзбек аёлларининг жамиятимизда тутган ўрни улкан. Эътибор ва эҳтиром ҳам шунга яраша. Жаҳон банки маълумотига кўра, жорий йил мамлакатимиз гендер тенглиги бўйича  жаҳон бешталигига кирганлиги  қувонарли ютуқлардан.  Бугунги кунда Сенат аъзоларининг 32 фоизини, Қонунчилик палатаси депутатларининг 35, тиббиёт соҳаси ходимларининг  77, таълим соҳаси ходимларининг 74, маданият ва спорт соҳасининг 45, ахборот ва  алоқа ходимларининг 35, мудофаа тизими ходимларининг 27 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Янги Ўзбекистон қурилишининг муносиб иштирокчисидир улар.  Шу боис аёлларнинг меҳнати, ташаббускорлиги ва фаоллиги давлат томонидан эътироф этиб келинмоқда. Яқинда, Халқаро хотин-қизлар  байрами муносабати билан республикамизнинг 14 та ҳудудидан танлаб олинган жамият ҳаётида фаол, оилада ибрат сифатида эл-юртга хизмат қилаётган 57 нафар аёлга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилди.

Тақдирланганлар ичида “Ishonch” газетасида кўп йиллардан буён садоқат билан меҳнат қилиб келаётган журналист, тиришқоқ ва изланувчан ижодкор Комила Боймуродованинг борлиги кўпчиликни қувонтирди Ана шундай шукуҳли дамларда уни суҳбатга чорладик.

— Камтарин мехнатим учун тақдирланганимдан чексиз шодлик ва фахр туйғусини туйдим. Ҳеч кутмагандим. Ўзбегим аёлига, меҳнатига катта эътибор бу! Янада ўз устимда ишлаб, ёшлар учун ибратли ишлар қилиш насиб этсин. Эзгу режаларим кўп. Ҳар биримиз жуда фаол ва меҳр билан ишласак, қудратли давлатга айланамиз янада! – деди Комила опа қўлидаги гулларни бағрига босиб. Комила опадаги қувонч бизга ҳам кўчди.

Комила опа биз таниган аёллар орасида “Мўътабар аёл”, деган номга жуда муносиб. Ундаги ғайрат, муҳаббат, завқ, табиатга, яшилликка бўлган муносабат сизга ҳам уйғоқлик бахш этади. У билан суҳбатлашсангиз  дам оласиз, дилингиз сокинлашади, маънавий завққа тўласиз. Ундан ўзингизга  катта  куч олиб, ҳаётга бўлган қарашларингиз теранлашади.

Абу Лайс Самарқандийнинг “Яхшиликдан олдин яхшилик қилиш – фазилат”, “Яхшиликдан кейин яхшилик қилиш – мукофотлаш”, “Ёмонликдан кейин яхшилик қилиш – олийжаноблик”,  деган пурмаъно сўзлари унинг шиорига айланган.

Мақоламиз қаҳрамони Комила Боймуродова имконияти чекланган, 2-гуруҳ ногирони. У дардларга енгилмасликка, аксинча юксакликка интилишга ўрганди. У ҳеч қачон мен ногиронман, менга ёрдам беринг, деган гап тугул, бу ҳақда ўйламайди ҳам. Айниқса, боқиманда бўлишни ёмон кўради. Ҳаммасини ўзи қилишга, ўзи бажаришга ўрганган. Қилган ишларидан ҳамиша завқланиб яшайди. У “Ishonch” газетасида оддий мусаҳҳиҳликдан бошлаб,  “Хатлар ва мухбирлар билан ишлаш” бўлимида мухбирлик даражасига етишди. Сўз қозонида қайнаб, тиришқоқлиги, илмга интилиши, ўз устида ишлаши орқали   бугунги кунда моҳир журналистлар қаторидан жой олган. Опанинг қалбидан жўшиб чиққан ижод маҳсуллари  газета саҳифасида ёритилиб келинмоқда.

— Журналист халқ виждони бўлиши керак деган гап бор. Ўз фаолиятим орқали халқимга нафим тегаётганидан хурсандман ва фахрланаман. Таҳририятнинг хатлар ва мухбирлар билан ишлаш бўлимида доим ишлар қайноқ. Республика бўйича муҳим хатларга хизмат қиламиз ва муаммолар ечилади. Халқимиз дардига малҳам бўламиз. Умуман ишимиз жуда масъулиятли ва шарафли, – деди Комила Боймуродова.

— Комила опа, шунча куч-ғайратни қаердан оласиз, сизга нима куч беради?

— Ёшлигимизда бундай  шароитлар бўлмаган, жуда кўп ноҳақликлардан азобланиб яшаганмиз. Ана шу оғриқ ҳамиша оёқда туришимга, қийинчиликларни енгиш учун кучлироқ бўлишимга ундаган. Мени ҳаракатлантирувчи куч шу бўлса керак. Ўз устида ишлаш ва дунёқарашни кенгайтириш, ўз-ўзини танқид қилиш жуда фойдали. Дунёни гўзаллик қутқаради. Оқила аёллар бор экан, муаммолар камаяди. Президентимизга тиргак инсонлар ва фидойилар кўпайиши тарафдориман. Мен  ЎзЛиДеп партияси аъзосиман. Ишдан бўш пайтларим хонаки гуллар парвариши билан шуғулланаман. Жуда катта кайфият беради. Оптимист бўлиш ва позитив кайфиятда яшаш — бош шиорим! Ҳаммага бир марта берилади умр. Айтишади-ку, меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик, деб. Ҳозирги кунда аёлларга яратилаётган шароитлар менга куч, илҳом беради Ёшлигимдан кўрган кунларимни солиштираман. Чиндан бахтли аёллармиз! Инсон меҳнат орқали ютуқларни эгаллайди.

— Демак, ишдан ташқари ҳунармандлик ва гулчилик билан ҳам шуғулланар экансиз-да?

— Севимли машғулотим бу – тўқиш. Бу менинг энг яхши кўрган хоббим. Асабларни тинчлантиради. Бўш вақт қандай ўтганини билмай қоласиз. Мазмунли, ҳар томонлама дам оласиз. Тўқишга қизиқадиганлар ҳам кўп. Айниқса қизлар олдимга келиб ўрганишади. Тўқиганларимизни кўриб кайфиятимиз кўтарилади. Ёш қизларга шапка, пайпоқ тўқишларни ўргатаман. Тўқишнинг яна бир  яхши томони – қўл бармоқлари ҳаракатланиб турса, инсон соғлиғига ижобий таъсир кўрсатади.

Қолаверса, тирикчилик — айб эмас. Меҳнат фаолиятим 1997 йилда бошланган бўлса, камчиликларимни тузатиш ва фаровон яшашга эришиш учун тикувчилик, тўқувчилик, гуллар сотиш билан шуғулландим. Кимдир қилиб беради, деб кутиш керак эмас! Ҳар бир ҳолатга инсоннинг ўзи сабабчи! Ҳали кўп режаларим бор. Фурсатдан фойдаланиб, иш жойимда менга шундай шароитларни яратиб берган Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва “Ишонч” газетаси таҳририятига чексиз ташаккур айтаман. Ёнимда инсон қадрини улуғлаётганлар бор экан, улар билан фахрланаман!

Етти ёшидан битта қўли билан (иккинчи қўли тирсаккача йўқ)  тўқишга меҳр берди. Комила жияклар, сочиқларга нақш тикиш, рўмолча четига тўқиш каби қўл ишларини бажариб, келинлар сепини тўлдирар эди. Бора-бора қўл меҳнати орқали топгани билан озми-кўпми рўзғорини бутлади. Гоҳо айримларимиз икки қўлимиз бут бўлишига қарамай, йиртиқ жойни ямашга ҳам эринамиз.

Комила опанинг яна бир қизиқиши бу — гуллар. У қаерга бормасин, борган жойини гуллар билан безайди. Хонадони, ишхонаси гуллар билан тўла. Гулни севган инсоннинг қалби ҳам гулга ўхшайди. Гулларни кўпайтириш, парвариш қилиш орқали опа ўзига куч олади.

Интилганга толе ёр деганларидек, унинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан доим рағбатлантириб келинди. “Мустақилликнинг 15 йиллиги” кўкрак нишони (2006), Ўзбекис­тон хотин-қизлар қўмитасининг Ташаккурномаси (2014), “Йил аёли” миллий танловининг Тошкент шаҳар босқичида “Йилнинг иродали аёли” номинацияси (2010), “Атиргул” танловида рағбатлантирувчи ўрин (2011), Ўзбекис­тон Журналистлар уюшмаси томонидан “Йилнинг энг фаол журналисти” (2016), Ўзбекистон Касаба уюшмаси федерациясининг “Эҳтиром” кўкрак нишони (2021), “Ишбилармон аёл–2023” кўрик танловининг ҳудудий ва Республика босқичидаги фаол иштироки учун O`zLIDeP Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан ташаккурнома билан тақдирланган. Бу рағбатлар унга янада куч бағишламоқда. Доим олдинга интилади.

— Барибир ҳар бир аёлнинг кичикроқ бўлса ҳам армони бўлади. Сизда ҳам борми?

— Асли биз сирдарёликмиз. Болалигим Сирдарёнинг кенг пахта  далаларида ўтган. Ёшлигимдан онам Иқболхон ая мени эҳтиёт қилиб катта қилган. Битта қиз бўлганлигим учун менинг ташвишимни кўп қиларди. Ўқишим ва қизиқишларимни ҳамиша қўллаб келган. Ўзим қизиққан Гулистон давлат университетининг тарих факультетини битирдим. Афсус, 21 ёшимда онамдан ажраганман. Волидам мана шундай ютуқларга эришганимни, камолимни кўра олмаганларидан афсусланаман. Агар тирик бўлганларида қанчалик қувонар эди.

Ўйлаб қоласан. Инсон бахтли яшаши учун умид билан интилмоқ керак экан.  Умр йўлини ўз меҳнати орқали бахт чизгилари билан бе­заган Комила опанинг ҳаёти бунга мисол. Орзу­си — ўғли Хикматжоннинг бахт-иқболини кўриш. Шундай, Комила опа ҳар кунига шукрона айтиб, ойдин режалар билан турмушини нурга безаб яшамоқда. Шу эмасми,  аёл саодати!

Ҳилола ИБРОҲИМОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + eight =