Орзулар ардоғида

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг турли жабҳаларда меҳнат қилиши, ўз салоҳияти ва иқтидорини намойиш қилиши учун кенг имкониятлар яратилганлиги кундай равшан. Жумладан, фермерлик соҳасида ҳам аёлларнинг ўрни ва рейтинги йил сайин ортиб бормоқда. Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Ғаффоржон нурли келажак” фермер хўжалиги раҳбари Орзухон Нурбоева ана шундай фермер аёллардан бири.

Ҳалол меҳнати, ташаббускорлиги билан элга танилиб улгурган, “Ташаббус”, “Ишбилармон аёл”, “Тадбиркор аёл” каби республика танловлари ғолиби ва совриндори бўлган Орзухоннинг самимияти, одмилиги киши эътиборини тортади. Ахир “юлдузлик касалига чалинган” тадбиркор-ишбилармонлар қанча?!

Олтмиш гектар ер майдонида деҳқончилик қилиб келаётган фермер О.Нурбоеванинг орзу-ниятлари, режалари кўп. Жорий йилда пахта ва ғалладан 45-50 центнердан ҳосил олишни кўзлаб меҳнат қилмоқда. Айниқса, супер элита навли уруғлик буғдой етиштиришнинг ҳадисини олган у.

Ўзига яраша кўп тармоқли хўжалик ташкил қилишни кўзлаган Орзухон уч йил олдин давлат дас­тури орқали Германиядан 32 бош наслли қорамол олиб келган эди, бугун хўжалигидаги қорамоллар сони 100 бошга етди. Сигирлардан ҳар куни 500 литр сут соғиб олинади, бўрдоқига боқилаётган буқаларнинг харидори эса кўп. Бу йилги режалари орасида ўн сотих иссиқхона қуриш ҳам бор.

— Ерга меҳр берсанг, пешона теринг тўкилса, ўн-юз чандон қилиб қайтараркан. Саккиз йил олдин фермер хўжалиги ташкил қилиб, бу ерларга келганимизда, қора шўр қоплаб ётган жойлар эди. Яратгандан сўраб, холис меҳнат қилдик, кам бўлмадик, — деди Орзухон Нурбоева. — Ҳар бир майдоннинг ўз “характери”, “овози” бўлади, тупроқ таркибига қараб муомала қилинади. Йўқса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Баъзилар ҳосилни йиғиштириб олгач, қишда дам олади. Бу нотўғри. Йил-ўн икки ой ер билан тиллашиш керак.

Орзухон марҳум устози — Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон опа Муротовадан кўп нарсаларни ўрганди, ўрганганларига амал қилиб адашмади. Таъбир жоиз бўлса, ташаббускорлик, ғайрат-шижоат, саховат каби хислатлар устозидан мерос.

— Лолахон опадек бўлишни орзу қиламиз. Тўхтаб қолиш йўқ, режаларимизни бирин-кетин амалга ошириб келяпмиз. Худо хоҳласа, даромадларимиз ҳисобидан ҳудудимизга ёндош йўлларни асфальтлаш, сутни қайта ишлаш корхонасини барпо этиш каби мақсадларимиз бор. Давлатимиз раҳбари биз, фермерларга катта ишонч билдириб турган пайтда бу масъулиятни зиммага олишимиз шарт, — деди у. — Айниқса, яқинда Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалиги тармоқларига янада қулай шарт-шароит яратиш, фермер хўжаликларига имкон қадар кўмаклашиш борасида айтган фикрлари, ташаб­буслари руҳиятимизни кўтариб юборди. Янгича ишлашга ўтиш, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, пировардида халқимизнинг корига яраш устида тинмай изланяпмиз.

Аёл — назокатли хилқат. Далама-дала юриш, тиним билмай меҳнат қилиш фақат эркакларга хос фазилат эмаслигини қаҳрамонимиз ўз ҳаётида исбот қилиб келаётганлардан. Бу фазилатни, албатта, кимгадир кўз-кўз қилиш учун эмас, балки аёл бўлса-да, далани, фермерликнинг мушкул юмушларини бажаришни ўзига оддий иш деб билгани учун тиним билмайди Орзухон.

Шерзод ҚОРАБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + thirteen =