Оқилона фикрловчилар сардори

Европалик файласуф Рене Декарт “Ақлли бўлиш кифоя эмас, муҳими, уни ишлата билишдир” деган эди. Ҳар бир инсон Яратганнинг берган ақли билан дунёни англайди, янгиликлар қилишга интилади. Ақл эгаларида ихтирочилик қобилиятини намоён этиши учун доимо иш топилади.

“Рационализатор” деганда, меҳнатни ташкил қилишнинг янада мақбул ҳамда янада самарали усулларини излаш, технологик жараённи такомиллаштириш ва соддалаштириш фаолияти билан шуғулланадиган шахс тушунилади. У инсоният онгу тафаккури, билим ва салоҳияти билан яратиладиган инновацион янгилик, соддароқ айтганда, техника тилидир. Шу ўринда, рационализатор сўзи маъносига қисқача изоҳ бериб ўтиш жоиз. “Рационализатор” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “rationalis”, яъни “оқилона фикрловчи”, деган маънони англатади. Бундан кўриниб турибдики, уларни ҳеч иккаланмасдан яратувчи касб эгалари, десак, янада тўғрироқ бўлади.

Навоий кон-металлургия комбинатида илм билан ишлаб чиқаришни бақамти олиб бораётган иқтидор эгалари, яъни рационализаторлар жуда кўплаб топилади. Улар учун комбинат раҳбарияти томонидан ҳар йили ташкил этилиб, анъанага кирган турли танловлар, заковат шоулари доимо мотивация бериб келмоқда.

Бугун комбинатнинг энг йирик ишлаб чиқариш мажмуаси ҳисобланган 2-гидрометаллургия заводида “Ўзбекистон” тамғаси билан ишлаб чиқарилаётган олтин тимсолида иқтидор эгаларининг ҳақли равишда машаққатли меҳнати тасаввур этилади. Завод жамоаси олдига қўйилган барча вазифалар вақтида адо этилиб, маъданни қайта ишлаш ҳажми йилдан-йилга ошириб борилаяпти.

Ушбу заводнинг бош муҳандиси лавозими ишониб топширилган Сардор Полвонов ёш бўлишига қарамасдан кўплаб рационализаторлик таклифлари эгаси ҳисобланади. Ноёб технология, гигант-завод, юқори сифатли маҳсулот. Марказий кон бошқармаси 2-гидрометаллургия заводига бугун қисқача ана шундай таъриф бериш мумкин. Яқин келажакда Навоий кон-металлургия комбинатида қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни ошириш юзасидан қабул қилинган дастурлар асосида завод қайта ишлаш қувватларини кенгайтиришнинг техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилган.

Бугун заводда маъданни қайта ишлаш ҳажми 52 миллион тоннага етди. Бунда корхонада ёш ишчи-ходимларнинг инновацион ғоялари ва рационализаторлик таклифларига алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. 2022-2023 йилларда ёшларнинг инновацион лойиҳалари мазкур заводда ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши ўтган йили комбинатга 22,3 миллиард сўм иқтисодий фойда келтиргани фик­римизнинг яққол исботидир.

— Гидрометаллургия йўналиши жуда қизиқарли ва айни вақтда чуқур таҳлилий ёндашувни талаб қилади. Бу ерда аниқликдан кўра кўзга кўринмас, мавҳум бўлиб қолувчи масалалар кўпроқ, назаримда, — дея ўз фик­рини билдирди завод бош муҳандиси Сардор Комилович.

Бугун шу каби ёш раҳбарлар олдига ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалаларга инновацион, илғор ёндашиш талаби қўйилмоқда. Бу эса энг тўғри ва замон руҳига мос қараш ҳисобланади. Сардор Полвонов 2011 йил Томск политехника университетини мувафаққиятли тугатиб, комбинатнинг 2-гидрометаллургия заводига ишга қабул қилинди. Университетда тажрибали олимлардан таълим олган Сардоржон умрини, борлиғини шу соҳа ривожига сафарбар этди. У ёш мутахассис сифатида дастлаб тайёр маҳсулот цехи қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш аппаратчиси бўлиб фаолиятини бошлади. Ўша пайтларда унга ишлаб чиқаришдаги орттирган тажрибаси билан устозлик қилган цех аппаратчиси Фарҳод Қиличев, цех бошлиғи Бахтиёр Тўлаев ва технолог олим Улуғбек Эргашевларнинг маслаҳатларига қулоқ солди. Тез орада сорбция ва регенерация цехи асл ва нодир элементларни ажратиш аппаратчиси, завод бошқармаси ишлаб чиқариш техника бўлими муҳандис-технологи, 2013 йилдан 2015 йилгача сорбция ва регенерация цехи регенерация бўлинмаси катта устаси, 2018 йилгача ушбу цех бошлиғи ўринбосари, 2018 йилдан 2023 йилгача цех бошлиғи сифатида самарали фаолият юритди. Ёш мутахассис ўн икки йил давомида турли лавозимларда ишлаб, билимли, ташаббускор ва интилувчан кадр сифатида жамоа эътиборини қозонгани боис 2023 йилнинг февраль ойидан завод бош муҳандислигига тайинланди. Қаҳрамонимиз касб пиллапояларидан кўтарилар экан, бу йўл ўзи учун катта ҳаёт мактаби бўлиб хизмат қилганлиги, энг асосийси, бугунги завод бош муҳандиси лавозими учун зарурий билим ва кўникмалар шаклланишида муҳим аҳамият касб этганлигини алоҳида таъкидлайди.

Бош муҳандис — завод ишлаб чиқариши техник фаолияти учун масъул шахс ҳисобланади. Қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш давлат режаларини ўз вақтида бажариш осондек туюлса-да, анча мураккаб вазифа ҳисобланади. Ҳар қандай ускуна ёхуд конструкциянинг турғун туриб қолиши, фавқулодда тўхташи катта йўқотиш­ларга сабаб бўлиши тайин. Шундай экан, бош муҳандис шунчаки раҳбар эмас, етакчи ижрочи ҳамдир. Ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам қийинчиликларни муносиб қарши олиши, ўз ишига сидқидилдан ёндашиши лозимдир. Бош муҳандиснинг фаолият доираси анча кенг, юқоридаги вазифалар эса денгиздан бир томчи. Бундан ташқари, 2-ГМЗ бош муҳандиси ишлаб чиқаришнинг техник жиҳатдан тайёрлиги, технологик ускуналар, ёрдамчи муҳандислик тизимлари, соғлиқни сақлаш, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, завод тараққиёти, унинг кенгайиши, модернизацияси билан боғлиқ инвестицион лойиҳалар жорий этилиши учун ҳам жавобгар шахс саналади.

Ҳалоллиги ва ташаббускорлиги учун Сардор Полвонов 2017-2018 йилларда “Энг фаол ёш металлург” номинацияси ғолиби бўлди, 2019 йилда “Олтин қазиб олиш технологияси бўйича энг яхши рационализаторлик таклифи” номинациясида биринчи, 2020 йилда худди шу номинацияда кон бошқармасида биринчи ва комбинатда иккинчи ўринни қўлга киритди.

— Корхонамизда 3,5 мингдан зиёд ишчи-ходим ишласа, шундан 40 фоизини ёшлар ташкил этади. Мен каби ёш рационализаторлар клуб аъзоси, улар ўз изланишлари билан ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муносиб ҳисса қўшаётганлигидан бахтиёрман, — деди С.Полвонов.

Сўнгги йилларда майдалаш цехининг ўн еттита блокида бошқарувнинг автоматик тизими жорий этилди. Марказий илмий-тадқиқот лабораторияси мутахассислари билан ҳамкорликда цехнинг технологик боғламларини реконструкция қилиш юзасидан ишлар бошлаб юборилди. Цехда олинган магний фракциясидан олтин ажратиб олиш технологияси ишлаб чиқилди ва қўлланилди. Ишчи кучини иқтисод қилиш мақсадида ярим тайёр маҳсулотларни куйдириш бўйича унумдорлиги 3 баравар кўп бўлган янги куйдириш печи ўрнатилди, классификаторлар гидроциклон батареяларга алмаштирилиб, бўшаган майдонларда олтита янги тегирмон блоклари қурилди. Албатта, бу каби технологик ўзгариш­лар, илмга асосланган янгиликлар Сардоржон каби ёш рационализаторларнинг изланиши самарасидир. Ўзи ёш бўлишига қарамай, бугун заводда муҳим цехлар ишониб топширилган Нурбек Эргашев, Шукрулло Қиёмов, Муроджон Ҳожиев каби шогирдларининг ютуқлари билан фахрланса арзийди. Албатта, бу ерда амалга оширилаётган кенг кўламли техник ва ташкилий тадбирларнинг самараси корхонада иқтисодий кўрсаткичлар тобора ўсиб боришига, жамоанинг бир мақсад сари одимлашига хизмат қилмоқда.

Азамат ЗАРИПОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − seven =