Юрагимга ланг очиқдир йўл

Асрор МЎМИН

Муаллиф ҳақида:

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Асрор Мўмин 70 ёшга тўлди. У 1954 йили Ғаллаорол туманидаги Қўйтош қиш­лоғида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да таҳсил олган. Унинг “Сенинг юлдузларинг, Ватан!”, “Ёлғиз сенга юкундим, юртим”, “Дунё мўъжизалари”, “Ўзбекистон фарзандиман”, “Анна Герман” номли ўндан зиёд публицистик китоблари нашр этилган.

Бундан ташқари, муаллифнинг “Ширин олма”, “Мунир ишқ”, “Умрим фасллари”, “Навоийнома”, “Шукур. Сабр. Умид!” каби қатор шеърий китоблари нашр этилган. “Умид ва Орзу”, “Анна ва Збигнев” достонлари, “Расул Ҳамзатов”, “Қуш тили” ва “Ҳазрат Навоий” драмалари ҳам ўқувчилар эътиборини қозонган. Таржимон сифатида ўнлаб китобларни, жумладан, дунёга машҳур Лев Толстойнинг “Ҳожимурод” қиссаси, Қайсин Қулиевнинг “Қиш эди…” романи, Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” бадиаси, Роберт Рождественскийнинг “Шаҳидлар ёди” ва Давид Қуғултиновнинг “Шоҳмотчи” достонлари сингари асарларни она тилимизга ўгирган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби.

Таниқли ижодкорни қутлуғ 70 ёши билан табриклаймиз, мустаҳкам саломатлик тилаган ҳолда шоир шеърларидан бир туркумни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

МУНОЖОТ

 

Кўз очиб қаршимда тоғларни кўрдим,

Шу тоғлар қўйнида шод-хандон юрдим.

Кейин йироқлардан боқиб оҳ урдим,

Тоғлардай посбондан айро бўлмайин.

 

Ҳаётнинг ишлари чигал бир ўйин,

Ҳар кун ўзлигингни асрамоқ қийин,

Хайрият, ичимдан чиқмади хоин,

Илойим, иймондан айро бўлмайин.

 

Бир жойда туп қўйиб ёзгунча палак,

Гоҳ тутдай тўкилдим, гоҳ кездим ҳалак.

Энди оиламга паноҳсан, фалак,

Ёрим, қиз-ўғлондан айро бўлмайин.

 

Яхшиликдан сўзлаб ёмонни йиқдим,

Эзгуликни кўзлаб тўрларга чиқдим,

Топган обрўйимни мисқоллаб йиғдим,

Ёш ўтганда шондан айро бўлмайин.

 

Боладай элимнинг қўлидан тутдим,

Қаро тунларида бирга қон ютдим,

Озодлик кунларин орзиқиб кутдим,

Ҳур Ўзбекистондан айро бўлмайин.

 

Қандай чиройлидир юлдузли осмон,

Қуёш нурларидан қалбим чароғон,

Бормикан Ердан ҳам яхшироқ макон,

Ер, Қуёш, осмондан айро бўлмайин.

 

ГЎЗАЛЛИК

 

Борми замин узра юрмоқдан маъно,

Учрашиб турмасанг гўзаллик билан.

Турфа чиройини очгайми дунё,

Учрашиб турмасанг гўзаллик билан.

 

Учишинг мумкиндир бўлса қанотинг,

Азобга чидайсан етса саботинг,

Маънавий бойирми зарра ҳаётинг,

Учрашиб турмасанг гўзаллик билан.

 

Фарқи йўқ, минганинг чувурми, дулдул,

Фарқи йўқ, кўрганинг какрами, сунбул,

Фарқи йўқ, сайраса қарғами, булбул,

Учрашиб турмасанг гўзаллик билан.

Чеккада қолурсан мисли бир сурат,

Холис яхшиликка топмассан журъат.

Йўлагингга қадам босмайди ҳурмат,

Учрашиб турмасанг гўзаллик билан.

 

Йўл ҳадисин олмас битта юришда,

Музликлар тугамас битта эришда,

Нима ҳам ўзгарар битта кўришда,

Учрашиб турмасанг гўзаллик билан.

 

ИЗҲОР

Деразам ёнида ўсарди дарахт,

Қуёш нурин тўсиб, менга шох чўзди.

Эрта-кеч демасдан шамол турган вақт,

Деразамни чертиб тинчимни бузди.

 

Бундан жаҳлим чиқди, ўйламай бир дам

Арралаб ташладим дарахт шохини.

Балки бўлмоқчийди мен билан ҳамдам,

Балки айтмоқчийди менга оҳини.

 

Энди қилмишимдан бўлмай пушаймон,

Дарахт юз ўгирди умидин узиб.

Гўё, дарахт мендан арз қилар нолон,

Қуёш томон қолган шохларин чўзиб.

 

Эй, жумлайи жаҳон, бўлингиз огоҳ:

Кимки дўст бўлай деб менга чўзса қўл,

Шу қуёш, шу дарахт, шу шеърим гувоҳ,

Доим юрагимга ланг очиқдир йўл.

 

УСМОН НОСИР

 

Сув – ҳаёт,

нон – ҳаёт,

ҳаво – ҳаёт…

У зеҳнли эди бағоят,

Эрта ҳаётнинг қадрига етди.

Эрта сувсиз,

нонсиз,

ҳавосиз яшаётган

Буюклардан кўмак ўтинди,

Эрта улар билан ўртоқ тутинди.

Эрта Ватанни, ҳурликни севди,

Севгисидан шеърлар туғилди.

Бирдан заҳар томди ошига,

Навқирон ёшида,

Туҳмат тоши ёғилди бошига,

Юраги тўла қон бўлди.

Бироқ хиёнат қилмади Ватанга,

шеърга,

Қаноат қилмади сувга,

нонга,

ҳавога…

Оқибат Ватандан узоқда,

Бандидан узилган гул каби сўлди.

Сув – ҳаёт,

нон – ҳаёт,

ҳаво – ҳаёт…

У зеҳнли эди бағоят,

Эрта ҳаётнинг қадрига етди.

Афсус,

Чақмоқдай ёрқин истеъдод,

Эрта сувсиз,

нонсиз,

ҳавосиз яшаётган

Буюклар қошига кетди.

 

БИР ДЎСТГА

 

Қалбим қалъалардан баттарроқ вайрон,

Қалъаларни олдим қуруқ қўл билан.

Умримдан эмасман зарра пушаймон,

Мақсадга етмадим қинғир йўл билан.

 

Ўзим бировлардан чексам ҳам озор,

Маъсумга зиёним тегмасин дедим.

Ҳақ учун жонимни этганда нисор,

Ҳақсизлик қаддимни эгмасин дедим.

 

Баъзан ўз ўрнимдан ноҳақ сурилдим,

Баъзида оғзимдан олишди ошим.

Метин деворларга қанча урилдим,

Беадад шукурким, омон тош бошим.

 

Қалбим қалъалардан баттарроқ вайрон,

Қалъаларни олдим ҳалол қўл билан.

Бу менинг қисматим яхшими, ёмон,

Нетай, юролмасман бошқа йўл билан.

 

СПОРТ ЖУРНАЛИСТИ

Майдонда курашлар шиддати тинди,

Безовта шаҳарга чўкди сукунат.

Ҳатто, спортчилар кўзи илинди,

Спорт журналисти бедордир фақат.

 

Хаёлидан ўтар чақнаган хилқат,

Оппоқ қоғоз узра бош қотиради.

Ялт этган зиёда кўради ҳикмат,

Ўқ жумлани ўйлаб тонг оттиради.

 

Спорт ўсувчандир, учқурдир ҳаёт,

Гап айтиш осонми жадалликка хос.

Сўзи истеъдодга бағишлар қанот,

Фикри тамаддунга қўяди асос.

 

Юлдузга айланди кечаги ғўр ёш,

Полвон юртимизда шодиёна, тўй.

Ғолиб шарафига тортилганда ош,

У эртанги авлод ҳақда сурар ўй.

 

Камалак бир рангдан иборат эмас,

Ягона гул билан яшнамайди боғ.

Янги истеъдодлар камолга етмас,

Бўлмаса уларга кимдир суянч тоғ.

 

Спорт журналисти йўнади қалам,

Демак, ушалмаган орзу-армони.

У ҳам эл қатори қилади байрам,

Юлдузларга тўлса ўзбек осмони.

 

КУРАШ

Бизга Ҳазрат Одам Атодан мерос,

Зардуштий бобони қўллаган кураш.

Элсевар, эрксевар Тўмарисга хос,

Алпомишни бахтга йўллаган кураш.

 

Одамзод наслида бўлмасин нураш,

Элатлар, давлатлар, қитъалар бирлаш.

Даврада, гиламда, майдонда сирлаш,

“Ё пирим” дегин-у, ўзбекча кураш.

 

Осмони зангори, ниятлари оқ,

Ям-яшил ўлкада бўй чўзди умид.

Полвон ўғлонларга кўнгиллар муштоқ,

Ҳар элда уйғонсин Паҳлавон Маҳмуд.

 

Одамзод наслида бўлмасин нураш,

Элатлар, давлатлар, қитъалар бирлаш.

Даврада, гиламда, майдонда сирлаш,

“Ё пирим” дегин-у, ўзбекча кураш.

 

ШИРИН БИР СЎЗ

 

Сизсиз куним айланди тунга,

Чидаб бўлмас бундай аламга.

Ширин бир сўз йўллабсиз менга,

Гўё қуёш чиқди оламга.

 

Сиздай чирой очганда олам,

Эзгу ният ўйимга келди.

Шоир бўлиб қачондир мен ҳам,

Ширин бир сўз ёзолсам эди.

 

Ҳали бордир измимда имкон,

Умид билан олдим қаламни.

Биламанки, турса ҳам тўфон,

Ширин бир сўз сақлар оламни.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 3 =