Дунёни сеҳрлаётган Лазги

Шу йилнинг 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида “Лазги” II халқаро рақс фестивали бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.

 

Хоразм лазгисига берилган таърифларнинг адоғи йўқ. Хоразм асрлар мобайнида инсониятнинг маънавий ва моддий маданияти ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келган юрт. Халқимизнинг бадиий даҳоси билан яратилган лазгидек гўзал санъат мўъжизасининг пайдо бўлиши ҳам уч минг йилларга бориб тақалади. У ҳақда турли афсона ва ривоятлар мавжудлиги бежиз эмас.

Демак, 25-30 апрель кунлари  Хоразм яна бир бор мазкур фестивалга мезбонлик қилади. Унда дунёнинг турли мамлакатлари ва юртимизнинг барча ҳудудларидан маданият ва санъат соҳаси вакиллари ташриф буюриши кутилмоқда.

Шу муносабат билан куни кеча Маданият вазирлигида мазкур нуфузли тадбирни ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида жамоатчиликка ахборот бериш ниятида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

— Қайд этиш керакки, ЮНЕСКО  шафелигида ўтказилаётган “Лазги”  II халқаро рақс фестивалида бугунга қадар 18 та давлатдан (Франция, Тожикистон, Туркманис­тон, Қозоғистон, Беларус, Россия, Туркия, Қирғизистон, Сербия, Бразилия, Покистон, Италия, Корея, Индонезия, Миср, Ҳиндистон, Озарбайжон, Эрон) 20 та рақс гуруҳлари иштирок этиш истагини билдирган. Миср, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон маданият вазири ҳамда AYSESKO бош директори фестивалда Фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши кутилмоқда, – деди Маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов.

Айни вақтга қадар 5 та (Германия, Корея, Ўзбекистон, АҚШ, Қозоғистон) давлатдан ҳакамликка номзодлик учун ариза келиб тушгани, “Лазги” халқаро рақс фес­тивали доирасида ташкил этиладиган халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этиш учун 50 га яқин маҳаллий олимлар, 25 дан ортиқ хорижий олим ва соҳа вакиллари, хусусан, Ҳиндистон; ХХР (офлайн); АҚШ (офлайн); Россия (офлайн); Туркия (офлайн); Миср (офлайн); Қозоғис­тон ва бошқа давлат вакилларидан мурожаатлар бўлгани маълум қилинди.

Шунингдек, “Лазги” халқаро рақс фестивалини хорижий ОАВларида кенг ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган чет эл журналистларини мазкур тадбирга жалб этиш мақсадида вазирлик томонидан Ташқи ишлар вазирлигига сўров юборилган. Маълум бўлишича, ҳозирга қадар Буюк Британия, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Тожикис­тон, Корея Республикаси ОАВ вакилларининг фестивалда иштирок этиши тўғрисида сўровлар келиб тушган.

Ҳозирда фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича бош режиссёр О.Абдуллаев бош­чилигидаги режиссёрлар гуруҳи томонидан амалий ишлар аллақачон бошлаб юборилган.

Мусиқий кетма-кетликлар Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов, бастакор Афзал Ҳусанов ва бошқа таниқли композитор ҳамда бастакорлар томонидан ишлаб чиқилмоқда.

Фестивалнинг очилиш маросими жорий йил 25 апрель куни тантанали равишда ташкил этилиши ва таниқли санъаткорлар иштироки режалаштирилмоқда.

Маълумот учун: 2022 йили Хива шаҳрида бўлиб ўтган “Лазги” халқаро рақс фестивалида дунёнинг 30 давлатидан 175 дан зиёд истеъдодли раққосалар, профессионал рақс жамоалари, рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар, фахрий меҳмонлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 14 =