“Аёллар медиа клуби” ташкил этилди

Яқинда 3 май — Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси томонидан “Миллий медиа маҳсулот яратишда аёллар сиймоси” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди.

“Бирлашиш нуқтаси — Миллий медиа маҳсулот” медиа анжумани доирасидаги конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати,  Вазирлар Маҳкамаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлик ва идора вакиллари,  Халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳамда Бирлашмага аъзо нодавлат телерадиоканалларнинг ўз ўрни ва сўзига эга аёл ходимлари бир мақсад, бир ғоя остида, бир нуқтада бирлашдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси Бошқаруви раиси, профессор Шерзодхон Қудратхўжа очди ҳамда анжуман иштирокчиларини Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан табриклаб, миллий медиа маҳсулотларини яратишда нодавлат телерадиоканалларнинг иштирокига эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатлар бўйича нутқ сўзлади. Нутқ давомида Ш.Қудратхўжа конференция доирасида “Аёллар медиа клуби”ни тузиш таклифини илгари сурди. Бу таклиф конференцияга ташриф буюрган меҳмонлар томонидан бир овоздан маъқулланди ва шу асносида ташкил этилган медиа клуб мажлисини ҳар йили камида бир маротаба ўтказиб туриш, мамлакатимизнинг гендер тенглик соҳасидаги сиёсатига ҳамоҳанг иш бўлишини таъкидлаб ўтди.

Айтиб ўтилганидек, Клубнинг асосий вазифаси миллий медиа маҳсулотларда аёллар сиймосини яратиш юзасидан нодавлат телерадиоканаллар учун таклифлар ишлаб чиқиш ҳисобланади. Бу орқали Клуб мамлакатимизнинг гендер тенглик соҳасидаги сиёсатига муносиб хисса қўшишига умид билдирилди.

Анжуманда Аёллар медиа клуби раиси этиб Мактабгача таълим агентлиги ахборот хизмати раҳбари этиб Мавлуда Асқархўжаева, Клуб котиби этиб Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори – Нозима Муратова та­йинланди.

Шундан сўнг, Халқаро конференцияда сўзга чиққан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси – Озода Парпибоева, БМТ Аёллар ташкилотининг Ўзбекистондаги раҳбари – Джерен Гювен Гюрес, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори – Нозима Муратова, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси эксперти – Дилора Ғаниева, Халқаро ташкилотларнинг коммуникациялар бўйича мутахассиси – Зилола Абдуқаҳҳарова, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчиси – Гулноза Каримова ва бошқалар томонидан ОАВда миллий контентларни яратишда хотин-қизлар фаолиятига алоҳида урғу бериш ҳамда ОАВда аёлларнинг турли кўринишдаги – камситилиш, кўпхотинлик, зўравонлик муаммолари каби ҳолатларнинг билиб-билмай ёритилиши “тарғиботи”га чек қўйиш бўйича фикр алмашишди.

Медиа соҳасида аёллар образини талқин қилиш бўйича таклиф-тавсиялар берилиб, телерадиоканаллар ва ижтимоий тармоқларда кундан-кунга ижодкор хотин-қизларнинг фаоллиги яққол кўзга ташланаётгани ва ҳамда гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар эътироф этилди.

Анжумандан сўнг, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Конрад Аденауэрнинг Марказий Осиё бўйича жамғармаси, “Marjon” реклама агентлиги билан Ўзбекистон Миллий Медиа бирлашмаси ўртасида янгиликлар ва ахборот соҳасида алмашинувни ва ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + eight =