Эй, туркий элим, ўзлигингга қайт, ўзингни англа, янада юксалгайсан!

Жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари Тошкентда “Туркий халқлар тарихида Туркистоннинг ўрни” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди

Туркий халқларнинг барчаси бир миллат, бир оилага мансубдир. Шу боис уларнинг тили, маданияти, урф-одатлари бир-бирига жуда яқин. Ўзаро мулоқотда таржимонга эҳтиёж сезилмайди. Маҳмуд Кошғарий туркий халқларнинг илк ўрта аср маданияти арбобларидан эди. Тилшунослик, хусусан, туркий тилларни ўрганиш соҳасида машҳур бўлди ва тарихда ўчмас из қолдирди. Унинг “Девону луғатит турк” асарини туркий халқлар ҳаёти ҳақидаги қомусий асар деб аташ мумкин. Мазкур асар туркий халқларнинг бир оила вакили эканини ҳар дам ва ҳар вақт эслатиб туради.

Ўтаётган ҳафтада Тошкент мезбонлик қилган навбатдаги халқаро конференциядан кўзланган асосий мақсад ҳам туркий халқларнинг минг йиллар аввал шаклланган тарихини янада чуқурроқ ўрганиш, сиё­сий, иқтисодий, маданий, географик ўтмишини талқин қилиш, миллий-маданий ўзлигига таяниб муштарак тарихини, бирлик ва қардошлик ғоясига хизмат қиладиган манбаларни яратиш ва келажак авлод учун етказиб беришдан иборат бўлди.

Унинг ҳамкорлари Туркий давлатлар ташкилоти,  Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ва Туркий давлатлар географик кенгаши.

Конференцияда ватандошларимиздан ташқари, Туркия, Озарбайжон, Қозоғис­тон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган олимлар, олий таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва эксперт ҳамжамиятларининг вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Тадбирнинг очилиш қисмида Туркий давлатлар географик кенгаши бош котиби Ойбек Норинбоев, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов, Istanbul Ticaret Universiteti ректори Абдулҳамид Авшар, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё, Тошкент давлат Иқтисодиёт университети ректори Конгратбой Шарипов, Тошкент Молия институти ректори Тўлқин Тешабаевлар иштирок этишди.

Нуфузли анжуман “Туркистонда сиёсат ва бошқарув, Туркий давлатчилик анъаналарининг асослари”, “Туркистонда илм-фан ва маданият ёхуд Ўрта аср классик Ислом маданияти тимсолида Мовароуннаҳр”, “Туркистоннинг меъморий обидалари ва санъати”, “Туркистоннинг Туркий ва минтақа халқлари ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти”, “Туркистон ва Туркий дунё” каби йўналишларда ўз фаолиятини олиб борди.

Шунингдек, туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг тилида ўтказилган мазкур халқаро конференциянинг чуқур илмий изланишлар учун замин яратгани таъкидланди.

Конференциянинг иккинчи куни Тур­киянинг Istanbul Ticaret Universiteti Инсон ва жамият факультети Таълим билимлари кафедраси ўқитувчиси, филология фанлари доктори З.Камалованинг “Туркистон ва Туркистон кимлиғи нуқтаи назаридан тарих ва талқин” ва Ўзбекистон Миллий университети Картография кафедраси таянч докторанти С.Уврайимовнинг “Ислом маданий мерос объектларининг интерактив веб хариталарини яратиш масалалари” (Ўзбекистон мисолида) каби мавзулардаги маърузалар билан давом этди.

Сайид ЮСУФ,

Халқаро Туркий Маданият Ташкилоти “Turksoy” бош котиби ўринбосари, профессор:

– Туркий халқлар тарихидан Туркис­тон юлиб олинса, унда қийматга эга бош­­қа ҳеч нарса қолмайди. Ҳатто, дунё маданияти тарихидан Туркистонни чиқарсак, ундан ҳам ҳеч нарса қолмайди. Мен Ҳиндистонни, Покистонни кездим, Африканинг марказидан Суданга қадар бордим. У ерларда ўз тилини унутган миллионлаб туркийлар билан кўришдим. Ҳиндистондаги туркийлар 50 миллиондан кам эмас ва улар менга шундай деди: “Биз туркиймиз ва туркий тилни ўрганишни истаймиз. Бизнинг туркий мактабларимиз, туркий коллежларимиз бор”. Дунёнинг тўрт тарафидаги туркларга, қардошларимизга маданиятимизни етказиш жуда муҳим.

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори:

– Билга Хоқоннинг сўзлари биз учун жуда муҳим: “Эй, туркий элим, ўзлигингга қайт, Ўзингни англа, янада юксалгайсан!”. Ушбу даъватли сўзлар замирида анча маъно бор. Чунки туркийлар ўзлигини анг­лаши, тарихини билиши – катта муваффақиятларнинг бошланиши бўла олади. Бугун дунёнинг турклари бирлашяпти. Бизда Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий даврларидан кейин Буюк ипак йўли йўқ бўлиб, сув йўлларига айланди. Ўртада темурийлар давлатининг парчаланиши, аҳилликнинг йўқолиши бизни ожиз қилди. Қайсидир маънода, биз 300-400 йил давомида “уйқу”га кетдик, “ухладик”. Бизда тараққиёт, технологиялар бўлмади ва бу жуда катта фитналарга олиб келди. Буни усмонлилар ва бобурийлар импе­рияларининг парчаланишида янада яққол кўришимиз мумкин.

Феруза ЖУМАНИЁЗОВА,

Ўзбекистон Фанлар академияси шарқшунослик институти катта илмий ходими:

– Анжуман доирасида туркий бирлик, турк дунёсининг қадим ўтмиши, Туркис­тон давлатчилиги, туркийлар мада­нияти ва санъати, Туркистон халқларининг фанга, ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси мавзуларидаги маърузалар тинг­ланди. Бугунги кунда туркий дунё шиддат билан интеграция жараёнига қадам қўймоқда. Айтиш керакки, туркий давлатларнинг иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳамкорлигини уларнинг ўтмишдаги бирлигини англашсиз тасаввур қила олмаймиз.

Туркий давлатлар географик кенгаши бош котиби Ойбек Норинбоевнинг айтишича, 2024 йил февраль-март ойларида ҳам Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорликда Қорахонийларга бағишланган конференцияни ўтказиш режалаштирилган.

Анжуманнинг амалий натижаси сифатида маърузачи олимлар ва иштирокчиларнинг илмий мақолалари алоҳида тўп­лам шаклида нашр этиладиган бўлди.

Ислом АСИЛБЕКОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 5 =