Тожикистонда янграган қардош наволар
Душанбе шаҳридаги “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида “Дўстлик оқшоми” бўлиб ўтди
Тожик ва ўзбек халқлари дўстлиги бундан кейин янада мустаҳкамланишига шак–шубҳа йўқ. Дўстлик дарахти шунчалар бақувватки, у давр бўронларини, ногаҳон берилган зарбаларни назар-писанд қилмади, тўсиқларни мардонавор енгиб, қоматини ростлаб, гуркираб ўсаверди, кўкка томон бўй чўзаверди. Улар азал-азалдан бир-бирига яқин ва ҳамжиҳатдир. Қон-қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланган бу халқларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва дўстлиги ҳатто Ҳазрат Мир Алишер Навоий ва Мавлоно Абдураҳмон Жомий асарларида тараннум этилган.
Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг оқилона сиёсати шарофати боис, азалдан эту тирноқ бўлиб келган икки қондош ва жондош – тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги азалий дўстликнинг узилмас ришталари кундан-кунга мустаҳкамланиб, элимиз шодиёналик билан яшаётгани, қўшничилик муносабатларида ҳамкорликнинг янги уфқлари очилаётгани кўнгилларга сурур ва шодлик бағишлаб, дўст дийдорига муштоқ дилларни хушнуд этмоқда. Дўстлик тушунчаси янги маъно кашф этиб, юқори зинага кўтарилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Икки халқ дўстлигининг равнақ топиши учун қулай муҳит яратилиб, энг яхши анъаналаримиз қайта тикланаётгани қувончли воқеа, албатта.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан жорий йилнинг 18–19 апрель кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлгани икки халқнинг тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш мақсадида Душанбе шаҳрида 15-20 апрель кунлари “Ўзбекистон маданияти кунлари” ўтказилди. Ушбу йирик маданий дастур доирасида “Ўзбекистон ва Тожикистон ижодкор ва илмий зиёлилари анжумани”, “Ўзбек киноси кунлари”, Ўзбекистон театрларининг Тожикистонга гастроллари, Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли концерти ташкил этилди.
Ўзбекистон халқ артисти, маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигида бир гуруҳ маданият ва санъат намояндалари, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Фаррух Зокиров, Ўзбекистон халқ артисти Aбдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артисти, Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Усмонова, Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Эрқулова, Илёс Aрабов, Маъсума Болтабоева, Ойгул Нодирова ва бошқа санъаткорлар маданият кунлари доирасида ўз чиқишлари билан иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон муштарак тарихий мерос, маънавий қадрият ва анъаналаримизни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш бўйича самарали фаолияти, шунингдек, биродар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун икки мамлакат маданият ва санъат арбобларининг бир гуруҳига фахрий унвонлар бердилар.
Мамлакатимиз етакчисининг давлат ташрифи доирасида ушбу унвонлар билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тожикистон миллий консерваторияси ректори Мирали Дўстизода, Тожикистон миллий консерваторияси доценти Исмоил Назриев, Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Телевидение ва радио қўмитасининг Ф.Шахобов номидаги “Шошмақом” ансамбли раҳбари Фурқат Саидзода, Бобожон Ғафуров тумани шошмақом ансамбли раҳбари Тўлқин Тожибоев, А.Жўраев номидаги Тожикистон давлат филармонияси “Фалак” ансамбли бадиий раҳбари Раҳматулло Ҳошимов “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвонига сазовор бўлди.
Ўзбекистон миллий мусиқа санъати институти “Мақом хонандалиги” кафедраси профессори Муножот Йўлчиева, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон давлат филармонияси “Лазги” ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари Оғабек Собиров ва хонанда Юлдуз Усмоновага “Тожикистон халқ ҳофизи” фахрий унвони, Ўзбекистон миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиевга “Тожикистон халқ артисти” фахрий унвони берилди.
Давлат раҳбарлари фахрий унвонлар нишонларини ўз соҳибларига тантанали равишда топширдилар.
Душанбе шаҳридаги “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида “Дўстлик оқшоми” бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари концертни биргаликда томоша қилдилар. Миллий ва замонавий мусиқа санъати намуналари, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ришталари тараннум этилди.
Икки мамлакат санъат усталарининг бундай концертлари халқларимиз ўртасидаги абадий ва самимий дўстликни ифодаловчи яхши анъанага айланган. Зеро, меҳр-оқибатли бўлиш, тинч-тотув яшаш – халқларимизнинг азалий орзуси ва самимий интилишидир. Бугун ушбу орзу-интилишлар ҳаётга кўчмоқда, мамлакатларимиз етакчиларининг иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли халқларимиз янада яқинлашди, давлатлараро муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилганини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Дўстлик дарахтининг ўз боғбонлари бор. Икки халқнинг улуғ сарварлари боғбонлик қилаётган бу дўстлик дарахти асрлар оша барқ уриб яшнайверади. Оқил ва доно раҳбарларимиз бор экан, дўстлик дарахти дилларни бир-бирига боғлайверади.
Ислом АСИЛБЕКОВ,
“Hurriyat” мухбири.