Икки элнинг бир қалби

Умидвор яшаймиз дорилзамонда,

Биримиз Нукусда ёки Қўқонда.

Умуман айтганда, Ўзбекистонда,

Сенга бўлажакмиз кўзу қош, иним.

Абдулла ОРИПОВ

 

Ҳақиқатан ҳам, Турон элидаги барча туркий халқлар, шу жумладан, қорақалпоқ халқи билан ҳам бир тану бир жонмиз. Ватанимиз битта, рангу рўйимиз, динимиз бирдир. Қадимдан бир-биримизга қиз узатганмиз, келин олганмиз.

Биз қорақалпоқ адабиёти билан устозларимиз Миртемир, Ғафур Ғулом, Носир Фозилов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Жўлмирза Оймирзаев, Тўлепберган Қаипберганов, Оразбой Абдураҳмонов ўртасидаги адабий алоқалар орқали танишганмиз. Ҳозирги кунда ҳам бу алоқалар давом этиб келмоқда.

“Қорақалпоқ бўркли элим, кўркли элим” (Шаҳриддин Умиров) дея адабий ҳамкорлик ишлари ривожлантирилиб келинмоқда. Масалан, Нурали Қобулнинг халқимизнинг суюкли шои­раси Зулфияхоним ҳақидаги “Содиқлик саройининг мангу маликаси” номли хотира китоби шоир ва ёзувчи Кенесбой Раимов томонидан таржима қилинди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоқ халқ шои­­ри Рустам Мусурмон Шароп Уснатдиновнинг “Ибройим Юсупов” роман-эссесини ўзбек тилига таржима қилди. Шоира Хосият Рустамованинг   “Очиқ деразалар” тўплами, шоира Ҳанифа Умматқулованинг бир неча шеър­лари Гулистон Реймова томонидан қорақалпоқ тилига муваффақиятли ағдарилди. Ёзувчи ва шоира Карима Ашурованинг Орол бўйидаги халқлар ҳақидаги “Кўринмас орол сири” номли илмий-фантастик романи нашрдан чиқди. “Қорақалпоқ дурдоналари” нинг 16 жилдлиги устида ижодий ишлар давом этмоқда. 2022 йил 28 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган Қорақалпоқ адабиёти кунлари, шу йили Нукусда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси билан учрашувлар икки қардош халқ дўстлигининг нишонасидир.

Эсимда, 2018 йилда раҳматли устозимиз филология фанлари номзоди, Антик дунё илмий Академияси ва Турон ФАси академиги, Ўзбекис­тон халқ таълими аълочиси, доцент Рашидхон Шукуров қўқонлик саховатпеша тадбиркорлар   Мансурхўжа Хўжаев, Иброҳимжон Сулаймонов (раҳматли), Икромжон Абдуллаев, Қодирбек Ортиқов, Бахтиёр Собиров, Шарифжон Йўлдошевлар ёрдамида Мўйноқда “Қўқон боғи”ни ташкил қилишди. У киши дўстлари билан биргаликда 1000 та мевали, 40 минг дона тез ўсувчи колифорния тераги қаламчаларини Нукусга жўнатиб, у ерда 2 гектарли ерда боғ барпо этишга катта ҳисса қўшган эди.

Қўқон адабий муҳити шоирлари икки қардош халқнинг дўстлиги, иноқлигини олқишлаб, уларнинг аҳиллигини кўролмаган фитначиларга қарата кўплаб шеърлар битишган. Масалан, шоир Сиддиқ Али бир шеърида шундай дейди:

 

Бир тандир бир жондир асли икки эл,

Азалдан ошини бирга ошайди.

Сен-ку ниятингга етолмайсан бил,

Лекин бу икки халқ мангу яшайди.

Ажратаман дея ўйлама бекор,

Ўзбек-қорақалпоқ эт билан тирноқ.

 

Дўрмон Ёзувчилар ижодий уйи ҳам турли халқ вакилларини бир-бирига танитишда, ижодий ҳамкорлик ўрнатишда катта ўрин тутади. Бу масканда мен Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ ёзувчиси Оразбой Абдураҳмонов, филология фанлари номзоди, педагогика фанлари доктори профессор Қозоқбой Йўлдошев, Қорақалпоқ халқ шоири Кенесбой Каримов, туркий халқ ва элатлар тарихи билимдони Хайитбой Абдусодиқов, “Амударё” журнали бош муҳаррири Халила Дулетназаров, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби Бекназар Эрназар, филология фанлари доктори Пардабой Нуржонов, ҳозирги кунда баракали ижод қилаётган Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Соғинбой Иброҳимов, Гулнара Даниярова, Оразбой Сотбоев, шоира ва журналистлар Мунавварахоним, Гулистон Давлетова ва бошқа кўпгина дўстларим билан танишдим ва уларнинг ижодларидан баҳраманд бўлдим. Шоира Бегойи Аллаберганова билан эса бир неча йиллардан буён яқин дугоналармиз.

Қорақалпоғистонлик шоира қизлар Шоира Давлетова, Мунаввара Юсупова (Муниса), Муқаддас Ҳамраевалар билан “Дўрмон ижодий клуби” семинарларида тез-тез учрашиб, фикр алмашиб турамиз.

Аслида дўстларимнинг ҳар бири   ҳақида катта-катта мақола ёзсам арзийди. Улардан бири филология фанлари доктори, Пардабой Нуржонов яқинда қутлуғ 60 ёшга тўлди. Шу муносабат билан у   ҳақида ёзишни лозим топдим.

Филология фанлари доктори,   Нуржонов Пардабой Эржонович 1963 йили 25 мартда Чимбой туманида туғилган.

Бердақ номли Қорақалпоғистон давлат университетини томомлагандан сўнг 1985 йили ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ФАси қорақалпоқ бўлими Н. Давкораев номидаги Тил ва Адабиёт институтида илмий ходимликдан бошлади. 1989-1990 йилларда   Москвадаги М.Горький номли адабиёт институтида фао­лият олиб борди. Сўнгра шу институтнинг аспирантура босқичида ўқиди. 1994 йили “Т. Қайипбергановнинг “Қорақалпоқ” достони қорақалпоқ адабиётида биринчи тарихий трилогия” номли номзодлик ишини ёқлади. Ҳозирги кунда Бердақ номли Қорақалпоғистон давлат университетининг филология факультетида фаолият юритмоқда. Унинг “Сверяя с народной памятью” (“Халқнинг мероси билан чоғиштириб”), “Давр талаби ва кўркам адабиёт”, “Мустақиллик давридаги қорақалпоқ прозаси”, “ХХ аср қорақалпоқ адабиётини ўрганиш учун қўшимча ўқув қўлланмаси”, “Ҳозирги қорақалпоқ романи поэтикаси”, “Ҳозирги қорақалпоқ романи”, “Қорақалпоқ адабиётининг адабий танқид тарихи” каби бир неча илмий китоблари босилиб чиққан. П.Нуржонов 5-синф­лар учун “Адабиёт” дарслигининг муаллифларидан бири. Шу кунгача 200дан ортиқ илмий, адабий мақолалари чоп этилган.

У 1998 йилдан буён Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Шу эътирофлар баҳонасида Пардабой Нуржоновни қутлуғ ёши билан табриклаймиз. Икки қардош элнинг дўстлик ришталари янада мустаҳкамланаверсин!

Фарида СУЛТОН,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси, шоира

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 4 =