Китоб — менинг дўстим

“Китобсевар миллат” шиори остида IV республика “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари бўлиб ўтди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида “Китобсевар миллат” шиори остида IV республика “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари ўтказилди.

Мана, бир неча йилдирки, апрель ойида мамлакатимизда Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг тўртинчиси сифатида ёшлар маънавиятини юксалтириш, ўсиб келаётган ўғил-қизлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

 

ТАНИҚЛИ АДИБ ВА ДАВЛАТ АРБОБИ

IV республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Маҳмуд Замахшарий номли Хоразм вилоят ахборот-кутубхона марказида таниқли адиб, Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов асарлари кўргазмаси ташкил қилинди. “Таниқли адиб ва давлат арбоби” номли мазкур кўргазмада эл севган атоқли ёзувчининг турли йилларда ёзилган асарлари намойиш қилинди.

— “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилаётган IV республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Маҳмуд Замахшарий номли вилоят ахборот-кутубхона марказида “Кутубхонага китоб совға қил” акцияси ўтказилди. Акция давомида Отабек Раҳимов, Зумрад Жумамуратова, Шарқия Эшжонова каби ижодкорлар ўзларининг янги нашр қилинган китобларини, Зулайҳо Хўжаниёзова, Қурбонжон Матжонова, Отабой Раҳимовлар эса шахсий кутубхоналаридан китобларни совға қилдилар, — деди вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Раҳимбой Қурбонов.

— Буюк саркарда Амир Темур ҳазратлари китоб барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асоси ҳамда ҳаётни ўргатувчи мураб­бий эканлигини эътироф қилганлар. Ҳақиқатан ҳам, китоб буюк мураббийдир, – деди хоразмлик таниқли ёзувчи Шуҳрат Маткаримов. — Халқимизда қадим-қадимдан китобхонлик буюк фазилат саналган. Ҳатто кечалари китобхонлик давралари уюштирилган. Ҳаётимиз китоб ўқиш билан мазмунли кечади. Яхши китоб бизга тўғри ва аниқ йўлни кўрсатиб беради. Мутолаа маданияти бизни илмли қилади, тафаккуримизни бо­йитади.

Мазкур марказда “Китобсевар миллат” шиори остида Ўзбекистон Миллий гвардияси вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда соҳибқирон, буюк саркарда Амир Темур сиймосига бағишлаб “Амир Темур бобомизга муносиб авлод бўлайлик” ҳамда “Иқтидор” ёш ижодкорлар клуби томонидан ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири Абдулла Қодирий таваллудининг 130 йиллигига бағишлаб “Биринчи ўзбек романи” мавзуларида давра суҳбатлари ҳам ўтказилди.

 

ЖУРНАЛИСТЛИКДАН — ЁЗУВЧИЛИККА

“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда таниқли журналист, Хоразм телерадиокомпаниясида 50 йилдан зиёд фаолият кўрсатган ижодкор Бекпошша Хўжаеванинг “Олти дона булочка” — ҳикоя, эссе, хотираларидан иборат китобининг тақдимоти ўтказилди.

Марказнинг етакчи мутахассиси Ш.Маткаримов, насрнавис Б.Бобожонов, фахрий ўқитувчи Ё.Шомуродов ва Бекпошша опанинг яқинлари муаллифни янги китоби билан табрик­лаб, тўплам ҳақида ўзларининг фикрларини билдирдилар. Бекпошша Хўжаева ҳамон журналистлар сафида фаол эканлигини қувонч билан эътироф қилди.

— Китоб орқали инсонларнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгаради, маънавий савияси юксалади. Юксак маънавиятга китоб орқалигина эришиш мумкин. Китоб ўқимаган миллатнинг келажаги йўқлиги айни ҳақиқат. Китобхонлик инсон маънавиятининг кўзгусидир, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, Гурлан туманидаги 5-сонли мактаб директори Анор Маҳмудова.

Мазкур ҳафталик доирасида мактабларимизда китобхонлик тадбирлари, китоб ярмаркаси ва китоб кўргазмалари бўлиб ўтди. Ўқувчилар янги китобларни сотиб олдилар, кутубхоналаримизнинг китоб фонди янада бойиди. Истагимиз — ҳар бир оила фарзанди, ўқувчи ва ўқитувчилар ҳам китобхон бўлишсин!

“Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилган IV рес­публика “Китобхонлик ҳафталиги” ниҳоясига етди.

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =