Сўз эркинлиги масъулиятдир

Икром АВВАЛБОЕВ,

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги марказ бошлиғи ўринбосари,

“Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг “Энг яхши журналистик материал учун (интернет нашрлари)” йўналиши бўйича 1-ўрин соҳиби.

Отам қишлоқ хўжалигининг одами эди. Боғдорчилик илмини яхши биларди, лекин ижодга ҳам бегона эмасди. Раҳматли шеър машқ қилиб юрарди. Айтмоқчи бўлганим, журналистикага қизиқишим қондан ўтган.

Шу қизиқиш сабаб қалами ўткир, фикри теран устозларнинг этагини тутдик. Ўзбекистоннинг бош ахборот агентлигида ишлаётганимга саккиз йилдан ошди. Унгача газета ва журналларда қаламимиз чархланди. “Тўртинчи ҳокимият”нинг бир вакили сифатида кейинги йилларда мамлакатимизда медиа соҳасини ривожлантириш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлардан қувонаман.

Янгиланган Бош қомусимизда ҳам оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши қайд этилди. Бу нормаларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши соҳада тарихий воқеа бўлди.

Давлатимиз раҳбари, бот-бот халқ овози ва фикрини кенг жамоатчиликка, давлат идоралари эътиборига олиб чиқаётган энг таъсирчан куч оммавий ахборот воситалари эканини таъкидлайди. Шунингдек, ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган журналистларни қўллаб-қувватлашини кўп айтади.

Бугун бу борада жамиятимизда сўз ва амал – бир. Шундай экан, мана шу имкониятдан самарали фойдаланишимиз лозим. Ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, халқ манфаати йўлида қабул қилинаётган ҳужжатларнинг моҳиятини барчага тушунарли тилда етказувчилар бўлишимиз керак.

Мақолаларимда давлат раҳбарининг ташрифлари, жойлардаги ўзгаришлар, қабул қилинаётган қарор ва фармонлар шарҳига алоҳида эътибор қаратаман. Нима бўлса, борича кўрсатишга уринаман.

Сўз эркинлигининг имкониятларидан тўла фойдаланиш асносида унинг масъулиятини доим ҳис қилиб тураман. Устозларнинг шу ўгитларига амал қилиб, бугун мана шундай катта эътирофга сазовор бўлдим. “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг ғолиблари қаторида бўлганим менга қувонч ва янада катта масъулият юклайди.

 

Айтар сўзимиз ҳам олтин бўлмоғи керак!

Норқобил ЖАЛИЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,

“XXI asr” газетаси Бош муҳаррири,

“Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг “Энг яхши журналистик материал учун (босма нашрлар)”  йўналиши бўйича 3-ўрин соҳиби.

…Бугун 18 йил бурун таъсис этилган ва телевидение йўналиши бўйича “Яхшилик” туркумидаги кўрсатувларим учун нуфузли “Олтин қалам” Миллий мукофотига сазовор бўлганим 2006 йил беихтиёр ёдимга тушаётир. Ўшанда бу танловда юздан зиёд ҳамкасбларим турли йўналишлар бўйича ўзларининг бир ярим мингдан кўпроқ ижодий ишлари билан қатнашган ва бу ўзига хос синовнинг аҳамияти, қадр-қиммати бугунги кундагидек кенг миқёсда тарғиб этилмагани рост. Нега айнан бу рақамларга урғу беряпман? Боиси, кейинги йилларда миллий журналистикамиз фақатгина сон жиҳатидан эмас, балки сифат жиҳатидан ҳам анча ўсди, тараққий этди.

Алоҳида университет, ҳудудларда факультетлар, хорижий тилларга ихтисослашган  мутахассис кадрлар тайёрланаётгани, босма, радио-телевидение, интернет, ижтимоий тармоқлардаги фаоллашув, мунозаралар майдонининг кенгайиши, фикрлар хилма-хиллиги… ҳамма-ҳаммаси соҳада ўзига хос  тараққиёт  рўй бераётганини кўрсатмоқда.  Шу маънода “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун ўтказилаётган бу халқаро танлов ўз нуфузи, даражаси, қамрови бўйича дунё аҳамиятига молик тадбирлардан бирига айланди дейишга тўла асос бор деб ўйлайман.

Яна бир савол қаршисида ўйлаб қолади одам: хўш, кам эмас, тасаввур қилинг, ўтган 18 йил оралиғида “Олтин қалам” мукофоти соҳиби бўлган (ижодий жамоаларни эмас, бевосита қаламкашларни назарда тутяпман) ярим мингдан ошиқроқ ҳамкасбларимиз ана шу масъулиятли соҳа, машаққатли касбларига қай даражада содиқ қола олдилар? Ва табиийки, биз ўз бурчимизни, юртга, халққа садоқатимизни қандай оқлаяпмиз? Бу каби оғриқли саволларга жавоб берадиган фурсат етиб келди-да. Негаки, ўтган каттагина муддат ичида жамият бутунлай ўзгарди, талаб энди бошқача, одамлар ҳам кечаги лоқайд, бефарқ, томошабинга айланиб қолган оломон эмас. Ҳар ким ўз ҳақ-ҳуқуқи, қонуний манфаатини таниш баробарида ўз фуқаролик позициясини қандай ҳимоя қилишни ҳам билади. Қолаверса, бугунги кунда юртимизда сўз эркинлиги, демократик тамойилларни ислоҳ этиш, ОАВни босқичма-босқич қўллаб-қувватлаш борасида сезиларли амалий ишлар қилинаётгани ҳам ҳақиқат.

Эслайлик, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 12 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида  “…Агар биз Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишни ўз қўлимизга олмас эканмиз, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берган бўламиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумот, реал воқеаларга бўлган эҳтиёжни биз қондирмас эканмиз, буни бошқалар қилади. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Ҳар қандай танқидга жавоб бериш керак. Журналист ҳақ бўлса, буни тан олишимиз керак. Ноҳақ бўлса, унга тушунтириш орқали ёлғон хабарларнинг олдини олишга ўрганишимиз ва бутун жамиятимизга шуни тушунтиришимиз керак, бу нопок ва ёлғонлигини” дея “тўртинчи ҳокимият” вакиллари зиммасига қандай  долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалар юкланаётганига алоҳида урғу бериб ўтган эди. Бу бежиз эмас, албатта. Шундай экан, бу ғоят мураккаб ва шарафли соҳага ҳаёти, тақдири боғланган ҳар бир журналист, ижодкор, бир сўз билан айтганда, оммавий ахборот воситаси вакили бугунги мураккаб глобаллашув даврида  замондан, тараққиётдан ортда қолишга асло ҳаққи йўқ.

 

Бутун жамоамиз муваффақияти

Умида ҒАФФОРОВА,

“Mahalla” радиоканали “Маънавий-маърифий, кўнгилочар ва мусиқий дастурлар” муҳарририятининг бўлим мудири,

“Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг Энг яхши журналистик материал учун (радио) биринчи ўрин ғолиби:

“Олтин қалам” халқаро танловида совриндор бўлиш қалам теб­ратаётган барча ижодкор журналистларнинг орзуси бўлса керак десам янглишмайман. Чунки ҳар қандай тамагирликдан холи равишда ҳар бир ижодкорнинг ўз фао­лияти натижасини кўриши, бажараётган иши ҳақиқатан ҳам манфаатли бўляптими, йўқми, шунга ишонч ҳосил қилгиси келади. Ушбу  танлов эса ижодкорларга мана шу ишончни бера оладиган, журналистни маълум маънода эътироф этадиган катта майдондир.

Бугун мана шу майдонда “Маҳалла” радиоканали журналисти сифатида эътироф этилаётганимиз, албатта, жуда қувончли. Ижодкор, айниқса, радио, телевидение журналистлари жамоавий ҳолатда  ишлайди. Журналист билан бир қаторда режиссёр, операторларимиз ҳам тер тўкишади. Демак, бу ғолиблик ортида бутун жамоанинг ҳиссаси бор. Фурсатдан фойдаланиб, аввало, менинг ижодкор бўлиб етишишимга ўзларининг меҳри, дуолари билан мададкор бўлган ота-онамга, қўллаб-қувватлаб келаётган оиламга ва албатта, қадрли ижодий жамоамизга катта миннатдорлик билдираман.

Шунинг баробарида эшиттиришларимда иштирок этган барча соҳа мутахассисларига ҳам катта раҳмат. Уларсиз муваффақиятга етишиш қийин бўларди, албатта.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + two =