Эътирофдан бошим осмонда

Айтишларича, одам сувсиз уч кунгача яшай олади, овқатланмай бир ҳафтагача тирик қолиши мумкин. Лекин инсон боласи шундай яратиқки, у ахборотсиз бир лаҳза ҳам яшай олмайди. Ибтидоий яшаш тузумидан бошлаб, то ҳозирги кунгача ҳар ким ҳар дақиқада ахборотга талпиниб яшаб келади.

Илк деворий суратлар, Ўрхун-Энасой битиклари, халқ оғзаки ижоди намуналари, терига ёзилган китоблар… Ҳаммаси ҳам ахборот тарқатиш учун кашф қилинган. Биринчи расмий ахборотлар эса Рим империяси даврига бориб тақалади. Энг биринчи расмий газеталар эса Францияда чоп этилиб, портларда тарқатилган. Аслида, “газета” – французча “газетте” деган сўздан олинган ва бу сўз “чақа”, деган маънони англатади.

Йиллар, даврлар, сиёсий тузумлар ўтиб, матбуот, оммавий ахборот воситалари бугунги шаклу шамойилга етиб келди. Орадан яна вақт ўтади, барча соҳа ва тармоқлар қатори журналистика ҳам ривожланади. Чунки, боя айтилганидек, одам боласининг ахборотга бўлган эҳтиёжини, чанқоғини умрбод қондиришнинг иложи йўқ.

Ахборот тарқатиш ҳозирги тезкор даврда ниҳоятда жадаллашган. Бу жараёнда барча оммавий ахборот воситалари қаторида босма нашрлар ҳам салмоқли аҳамиятга эга. Ҳозирги ўтиш даврида, эҳтимол, матбуотга эҳтиёж бироз сусайган бўлиши мумкин, аммо журналис­тика тарихини бошлаб берган матбуотга яна қайтилади деб ўйлайман. Жаҳон тажрибаси, ҳозирги халқаро медиа макони буни исботлаб турибди.

Байрам арафасидаги ушбу эътироф эса мамлакатимизда соҳага қаратилаётган эътиборнинг бир намунаси. Менга бугун берилган юксак мукофотдан бошим осмонда, у фаолиятимни янги суръатда давом эттиришга руҳлантиради.

Толиб ҲАКИМОВ,

Ўрта Чирчиқ тумани ва Нурафшон шаҳри

ҳокимликлари муассислигидаги

“Машъал” газетаси бош муҳаррири,

“Дўстлик” ордени соҳиби.

 

Болалар учун хизмат қилиш – шараф

Куни кеча Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Президентимизнинг Фармони эълон қилинди. Мукофотланганлар қаторида ўз исми шарифимни кўриб, тўғриси ишонмадим: “Наҳотки, ахир ҳеч қандай ҳужжат топширганим йўқ эди-ку”. Шунчалик камтарона меҳнатимни қадрлаб, ана шу мукофотга муносиб кўрганлари учун ташаккур билдираман.

Кейинги пайтда мамлакатимиз раҳбари томонидан таълим-тарбияга, маънавиятга ва қатор соҳаларга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий камолоти энг долзарб масалалардан бири. Ана шундай паллада биз — болалар ижодкорларининг масъулияти жуда муҳим.

Ҳозир муҳтарам Президентимиз фармонлари билан республиканинг  ҳар бир вилоятида (Наманган, Жиззах, Навоий, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри негадир жим) маҳаллий бюджет маб­лағларидан  давлат нашри ҳисобланган “Гулхан”, “Ғунча”, “Тонг юлдузи”, “Класс” газета ва журналларига  пул ажратиляпти. Ушбу нашрлар мактабларга бир донадан кириб бормоқда. Бу жуда қувонарли. Мен ишонаман, кейинги йилга биз билан боғланмаган вилоятлар ўз ҳудудларидаги мактаб ўқувчиларини ажойиб газета ва журналлар билан таъминлайди.

Мен ижодкорман. Болалар учун ёзиш, бу беғубор оламда хизмат қилиш мен учун катта шараф.

Муҳтарам Президентимизга эътироф, эътибор учун катта раҳмат!

Заҳро ҲАСАНОВА,

“Гулхан” журнали бош муҳаррири,

II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси.

 

Меҳнатинг қадр топса…

Муҳтарам Президентимизнинг матбуот соҳасига кўрсатаётган ғамхўрликлари, эътибори биз журналистларни янада руҳлантириши, меҳнатларимизнинг қадр топиши янада илҳомлантириши шубҳасиздир.

Айниқса, мен фаолият олиб бораётган “Jadid” газетасининг шахсан Давлатимиз раҳбари томонидан таъсис этилиши юртимизда оммавий ахборот воситаларига қаратилаётган юксак эътиборнинг намунасидир.

Таҳририятда, айниқса, газета соҳасида ишлаш барибир бош­қача. Cен билан якдил, меҳнатингни қадрлайдиган жамоа билан меҳнат қилиб, кунинг қандай ўтганини билмайсан. 28 йиллик фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, бир ишхоналар бўларкан, сенинг сенлигингни кашф этаркан. “Дўстлик байроғи” газетаси, ЎзЛиДеП Навоий вилояти кенгашидан кейин “Jadid” таҳририяти мени, менинг иқтидоримни тўлиғича юзага чиқариб берди, деб ўйлайман. Чунки ижод йўлида кенг имкониятлар эшигини очди.

Бугун кичик хизматларим   эътироф этилиб, давлат мукофотига лойиқ кўрилганимдан беҳад хурсанд бўлдим. Бу мукофот менинг севимли жамоамга ва ўзим уларнинг ҳаётига тушиб яшаган азиз қаҳрамонларимга ҳам дахлдор деб биламан. Мен уларнинг барчаларидан чексиз  миннатдорман.

Ушбу мукофот нафақат фахр-ифтихор бағишлайди, балки зиммамга янада залворлироқ масъулият юклайди. Чунки бугуннинг асл қаҳрамонлари ҳали кўп, амалга оширилаётган улуғ ислоҳотларнинг туб моҳиятини очиб бермоғимиз шарт.

Фурсатдан фойдаланиб,  барча ҳамкасбларимизни касб байрамлари билан қутлайман.

Муҳайё ПИРНАФАСОВА,

“Jadid” газетаси адабий муҳаррири,

“Шуҳрат” медали соҳибаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 2 =