Президент совғаси бизга янада шижоат бағишлайди
Саидолимхон ТУРДИБОЕВ,
“UzReport TV” телеканали
бош муҳаррири,
“Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг Бош миллий мукофоти соҳиби:
Ўзбекистон медиамаконида ўзимизнинг биринчи эфирларимизни бошлаганимизга бу йил 10 йил бўлди. Дастлабки кундан бошлаб телеканалимиз ҳам маҳаллий, ҳам хорижий хабарларни тезкор, ишончли, замонавий телевидение талабларидан келиб чиқиб, янгича форматда етказишни ўзининг асосий вазифаси деб билди.
Ўтган йилларда жамоамиз билан анча тажриба орттирдик, томошабинларимиз ишончини қозондик, аудиториямизни кенгайтирдик. Бунга осонликча эришилгани йўқ, албатта. Каналимиз биринчилардан бўлиб сўнгги технологиялар ёрдамида жонли трансляцияларни йўлга қўйди. Журналистларимиз Ўзбекистонда бўладиган йирик ва нуфузли тадбирлар, дунёнинг турли нуқталаридан қизиқарли кўргазма ва халқаро анжуманлардан жонли репортажлари билан телетомошабинлар эътиборини жалб қилишга интилиб келмоқда. Қишки Олимпиададан тортиб, паралимпия ўйинларигача энг нуфузли мусобақаларнинг жонли трансляциялари телеканалимиз томошабинлари ошишига хизмат қилган бўлса керак.
Шу билан биргаликда, мамлакатимиз медиа бозорида Жаҳон ахборот агентликлари билан контент алмашиш тажрибасини бошлаб бердик. Бу билан ҳафтасига етти кун, кунига йигирма тўрт соат воқеалар ривожини фақат бизнинг телеканалда кузатадиган томошабинлар сони кўпайиб борди.
Каналимиз бугунги кунда ҳам сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маърифий, маданий, спорт ва бошқа соҳаларга оид таҳлилий кўрсатувлар, муаллифлик лойиҳалари билан аудиториясини нафақат янгиликлардан хабардор қилиш, балки бугунги томошабиннинг диди ва дунёқарашини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Миллий контентларимизни долзарб мавзулар билан бойитиш, одамларни қизиқтираётган масалаларни экранга олиб чиқишда муҳтарам Президентимизнинг очиқлик сиёсати бизга куч беради. Табиийки, янги лойиҳаларни бошлашимизга руҳлантиради.
Бизнинг энг катта бойлигимиз – бу аҳил ва профессионал жамоамиз. Шуни ишонч билан айта оламизки, ўтган йиллар давомида “UzReport TV” журналистларнинг янги авлодини тарбиялашда ўз мактабини ярата олди, десам асло муболаға қилмаган бўламан.
Журналистика соҳасида “Олтин қалам” XVIII Бош миллий мукофоти сифатида жамоамизга Президент совғасининг берилиши, бизга жуда катта шижоат бағишлайди. Бу ўзининг 10 йиллик байрамини нишонлаган жамоамизга муносиб туҳфа бўлди. Келгусида ҳам юртимиздаги ислоҳотларни теран англаб етган ҳолда халқимизни Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган эзгу мақсадлар ҳамда хайрли янгиликлардан, дунёда рўй бераётган энг қайноқ воқеалардан баҳраманд этишга ҳаракат қиламиз.
ҚАЛАМ ТУТГАН ХАЛОСКОРЛАР
Шойим БЎТАЕВ,
“Жадид” газетаси бўлим мудири,
“Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг “Энг яхши журналистик материал (босма нашрлар)” номинацияси бўйича 1-ўрин соҳиби:
“Менинг ҳузуримга ишларингизни қўйиб, ниятларингиз билан келинг”.
Ҳар гал бирон-бир газета-журнал таҳририяти остонасига қадам қўярканман, донишманд Ибн Тоймиййанинг ушбу сўзлари хаёлимдан кечади.
Умумий номда “Босма оммавий ахборот воситалари” деб аталадиган бу майдонда кечаётган жараёнларни нимага қиёслаш жоиз? Элу юрт тақдири учун муҳорабагами? Ёки инсоният пайдо бўлганидан буён излашдан толмаган ҳақиқатни қарор топтиришгами?
Нимаики бўлмасин, заҳматкаш қалам соҳиблари бу майдонда жамиятни тутиб турувчи ғоялар устида бош қотириб, ҳалол тер тўкмоқдалар. Олис ўтмиш қаъридан онгимизга оққан халқ тафаккурига қулоқ тутган ҳолда унинг сабоқларини бугун ва келажак билан таққослаб, кимларнидир нималардандир огоҳлантиришга ошиқмоқдалар. Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, “Инсон деб фалакка ҳайқирмоқ нечун, Инсон ёнингда-ку, у менинг қўшним” деган ақидада замондошларимизнинг ўй-ташвишлари, қувонч-қайғуларини ортмоқлашга елка тутмоқдалар.
Газета-журналлар таҳририятларининг муқаддас остонасида эзгу ниятлар шу тариқа амал олиб, элу юртга беминнат хизмат қилмоқда.
Сир эмас, кўҳна тарих асрларни қум каби элаб, сарагини саракка, пучагини пучакка чиқариб беради. Шу маънода, ортга бурилиб, бироз нарига назар ташласак, газета-журналлар ўзбек халқининг Янги Ўзбекистон муҳитига етиб келгунча бўлган сермашаққат заҳматли йўлида нечоғли улкан аҳамиятга молик бўлганини англаш қийин эмас. Халқимиз онгу тафаккури, дунёқараши шаклланишида бу воситалар беминнат хизмат қилди. Ўтган аср бошида юртимиз маърифатпарварлари ижтимоий ҳаётда газетанинг ўрни нечоғли юксак эканлигини эътироф этиб мақолалар, шеърлар ёзишди. Тарихчи олим Исҳоқхон Тўра Ибрат:
Газета кўрмаган, бехабар халқлар,
Мисли ўлгандир ё ухлаган,
дея, қотиб қолган ақидалар, нақлу маноқибнинг беҳуда чўпчаклари чангалидан халқни маърифатга бошловчи ҳақиқатни газета олиб чиқишига чин дилдан инонди. Бу майдонда энди сўз ўйинлари эмас, ҳаёт ҳақиқатига суянган ғояларнинг рўёби ой нур сепган оқшомлар каби ўлкага зиё сочди.
Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш эзгу ғояси ғунча каби барг ёзаётган бугунги кунда, газета-журналлар саҳифаларидаги маънавий-мафкуравий муҳораба майдонида қалам тутган халоскорларни кўпчилик жанг майдонидаги жангчиларга қиёслашади. Бошни омон сақлаш ташвишидан кўра, таҳдид онларида иймон, виждон, ор-номусни сақлаш буюк аъмоли юксак эканини бундай вазиятларда фаҳмлаб етадилар. Албатта, тубан манфаатлар йўлида ўзгалар чўнтагига кўз тикиб оламни шовқинга тўлдирган ўйинқароқ шоулар-у ҳаётнинг метиндек иродасида тобланган заҳматкаш халқнинг мардона қиёфасини чимилдиққа солиб кўрсатишга интилишлардан нафратланган ҳолда қалам тутган халоскорларидан элу юрт, муқаддас Ватан сергак аскарларидан кутгани каби нажот кутишга ҳақли ҳисобланади.
Шу маънода, ҳаёт билан бақамти газета-журналларда ижод қилаётганларнинг жамиятдаги тутган ўрни беқиёс. Бу, уларнинг ўзларини сохта шону кўпик каби енгил-елпиликлардан йироқ тутиб, ҳаётга жиддий нигоҳ, теран мулоҳаза билан қарашларида намоён бўлиб туради. Уларнинг содда ва одми кўринишларида тафаккурнинг ёлқинланиб нур сочаётганини илғаш мароқлигидан ташқари тўғри йўлга бошлайди. Олий ўқув юртларини битириб келишган ёшлар бугун газета-журналлар, нашриётлар таҳририятлари амалиётларида хат-савод масаласини қайта синовдан ўтказиб, ўз сўзларини айта олиш малакасини эгаллашмоқда. Босма оммавий ахборот воситаларининг адади масаласи бунга дахл эта олмайди. Зеро, ўзликни англамоқ эҳтиёжи мангу мудроққа маҳкум эмас. Эътибор эса…эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, ўз адолатига эга.
Газета-журналлар жамиятни олдинга етакловчи эзгу ғоялар сарчашмаси сифатидаги ролини бой бермаганини, бермаслигини бугунги “Олтин қалам” танлови натижалари яна бир бор намоён этди. Албатта, унинг ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириш бурчимни меҳнатимга эътибор сифатида қадрлайман.
“Дарвоқе, қалам қиличдан кучлироқ!..Қилични тортиб олсангиз ҳам давлатни барибир қалам билан қутқариш мумкин!”.
Ким, қачон айтганидан қатъи назар, бу гап ҳамон ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Фақат унинг кучини, атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор айтганидек, асло ўтин ёришга сарфламаслик лозим!