Яхшиликнинг жавоби
Ассалому алайкум, азиз болажонларим! Бу дунёи азалда тафаккурга эга бўлган ягона зот инсон эканлигини бугун ҳамма болалару ёшлар биласизлар. Сизлар ўз тафаккурингиз воситасида яхши нимаю ёмон нималигини, ҳалол-ҳаромни, савоб ва гуноҳни фарқлай оласизлар. Бу — яхши амал. Энди битта саволга ўзим жавоб айтсам. Ҳар биримиз бир кунда неча марта қўл очиб дуо қилинишини биламизми? Албатта биламиз. Дуо пайтида фақат яхши тилаклар Аллоҳдан сўралади. Бу ҳам яхши одат ва одоб. Одатга кўра қўл дуога очилганда, ҳар бир инсонга, аввало имон, инсоф, диёнат сўралади. Боиси, мана шу муштарак тушунчалар кимда мужассам бўлса, ундан асло ёмонлик чиқмайди.
Сиз азиз фарзандларимга мурожаат қиламан, айтинглар-чи, маънавият деган сўз ўз ичига олган одоб-ахлоқ, билим, илм, имон-эътиқод, виждон, амалий кўникма, ҳалоллик ва адолат тушунчаларидан қайси бирига эгасиз? Ўйлаб кўринг! Хулоса қилиш ўзингизга қолди.
Мен сиз азиз фарзандларимга ҳавас қиламан. Сиз азизлар Янги Ўзбекистоннинг эртанги кунида яшайдиган, шу гўзал Ватаннинг азиз одамлари бўласиз. Шу маконда бахтли-иқболли бўлиб, ҳақиқат ва адолат юкини елкангизда кўтариб, ҳур ва фаровон яшайдиган сизлардан умидимиз катта! Демак, бир сўз билан айтганда, сизларни имонли, эътиқодли бўлишингизга чақираман ва бунга ишонаман.
Сизларга бахтли келажакни тилаб, сал кам 84 ёшни қарши олаётган камина ёзувчи, драматург бувангиз бир ҳикоятни айтиб бермоқчиман.
…Қадим-қадим замонда, катта битта мамлакатда бир ўзига тўқ, бой киши бўлган экан. Аммо у шундай зиқна, хасис эканки, бир қора тангасини ҳам осонликча сарфлагиси келмас экан. Ҳатто ўша мамлакатнинг шоҳи ҳам унинг шунақалигини эшитган экан. Кунлардан бир куни қараса, ўша бой йўллар, кўприклар қура бошлабди, камбағалларга уй-жойлар қуриб берибди, кўп болали ёрдамга муҳтож оилаларнинг хатна тўйларини ўтказиб бераётганмиш.
Мамлакат подшоҳи унинг тақводорлигини эшитиб, ўз миннатдорлигини айтиш учун бойни ўз ҳузурига таклиф қилибди. “Эй, бой, хафа бўлмайсиз, сизни ўта хасис киши деб эшитгандим, нима бўлдию, сиз ўз ҳисобингиздан мамлакатга катта ёрдамлар қилаётган эмишсиз, бунинг боиси нимада?” Саволга жавоб шундай бўлибди: “Шу кунгача бу дунёда ҳалол ишладим ва ҳалол яшадим. Менга Аллоҳ кўп давлат берди. Уни ҳуда-беҳудага сарф этмай, анча мол-мулк йиғдим. Энди умрим охирига бораётганида у дунё учун ҳам савобли ишлардан қилишим кераклигини англадим. Шу боис қўлимдан келганча йўқсиллар ғамида бўлган барча ишларга сарфлаб турибман, эй, олампаноҳ!” — дебди.
“Мамлакатга ёрдамингиз катта бўлиб, элнинг оғирини енгил қилаётганингиз учун сизга ташаккур билдираман. Соғ-саломат бўлиб, бу савобли ишларингизни тўхтатманг. Аллоҳ бу фазилату саховатингизни қадрлашига, сизга ўз яхшиликларини, фазлу карамини ато этишига мен ишонаман”, дебди шоҳ.
Подшоҳнинг бу гапини эшитган бой шу заҳоти “Ашҳаду алла-а ила-ҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳ” дея, яъни Аллоҳ ягона ва буюк, У бизларга юборган пайғамбари Муҳаммадга ҳамду санолар бўлсин, деган сўзларни айтибди. Бойнинг бу тиловати подшоҳга жуда маъқул бўлиб, шу ондаёқ уни катта бир вилоятга ҳоким этиб тайинлабди.
Эътибор қилинг, демак, яхшиликнинг ниҳояси яхшилик билан тугар экан-да.
Хулоса: бу ҳикоятлардан ибрат олинг, азиз болажонларим, ҳамиша яхшилик қилишга, одамларнинг раҳматини олиб юришга интилинг. Бундан, албатта, ўзларингиз яхшилик кўргайсиз.
Тўлқин МУҲИДДИН,
ёзувчи, драматург.