Рақс — санъатимиз кўрки

Кўп асрлик бой ва бетакрор маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлган миллий рақс санъатининг халқимиз маънавияти, бадиий-эстетик қарашларини юксалтириш, ёш авлодни миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда рақс санъати соҳасига эътибор ва муносабат тубдан ўзгарди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 4 февралдаги “Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари том маънода миллий рақс санъати тараққиёти ва хореография таълим тизимида тарихий воқеа бўлди. Ўзбек миллий рақс санъатини ривожлантириш, уни жаҳон саҳналарига олиб чиқиш борасида бугунги кунда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Муҳтарам юртбошимизнинг 2020 йил 28 сентябрда қабул қилинган “Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан Хива шаҳрида ҳар икки йилда бир марта “Лазги” халқаро рақс фестивалининг ўтказилиши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 январдаги 31-сонли қарорига асосан Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиали ташкил этилганлиги фикримизнинг исботидир.

Филиалда бугунги кунда 170 дан ортиқ талаба-ёшлар хореография жамоалари раҳбари таълим йўналиши бўйича кундузги ва сиртқи таълим шаклида таълим-тарбия олмоқда. Талабаларга рақс санъатининг сирларини Ўзбекистон халқ артисти, Америка Қўшма штатларидаги Евроосиё рақс академиясининг академиги, профессор Гавҳар Матёқубова, Ўзбекистон халқ артисти, устоз балетмейстер Абибулла Шарипов, “Маданият ва санъат фидокори” ва “Ўзбекистон Респуб­ликаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони соҳиби, кўплаб ёшларнинг севимли устози, тажрибали балетмейстер Шоназар Ботиров, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси унвони соҳибаси Зибаш Пирлепесовалар ўргатиб келмоқда.

Ушбу қисқа давр мобайнида филиал талабалари назарий ва амалий билим олиш билан бир қаторда, кўплаб халқаро ва респуб­лика миқёсида ўтказилаётган кўрик-танловлар ва фестивалларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритди. Жумладан, 2023 йил 18 ноябрда Қозоғистон халқи Ассамб­леяси, Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмаларининг “Дўстлик” ҳамжамияти ҳамкорлигида Чимкент шаҳрида “Илм-фан, таълим ва санъат интеграцияси: истиқболли режалар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ва анжуман доирасида ўтказилган Ўзбекис­тон халқ артисти, профессор Гавҳар Матёқубова номидаги халқаро рақс кўрик-танловида филиалнинг 2-босқич талабалари Р.Сапаева биринчи, Б.Машарипова иккинчи ўринни қўлга киритди. Ўзбекис­тон Рес­публикаси Президентининг 2024 йил 4 мартдаги “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ филиалнинг 2-босқич талабаси Сапаева Рисолат Рустам қизи Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Жорий йилнинг 13-17 май кунлари Хоразм вилоятидаги барча олий таълим муассасалари талабалари иштирокида ўтказилган “Талабалар фестивали — 2024” кўрик-танловида “Талабалар овози” номинацияси бўйича филиалнинг 2-босқич талабаси Бибимарям Машарипова 3-ўринни қўлга киритди.

Филиалга бир қатор хориж мамлакатларидан соҳа мутахассислари ташриф буюриб, ўзбек миллий рақс санъати, хусусан, Хоразм рақс санъатининг тарихи, шаклланиш жараёни ва ижро услуби, турларини илмий жиҳатдан ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Германиянинг Констанз университети профессори, доктор Татйна Тхиммхоним, Қозоғистоннинг Х.Дўсмухамедов номидаги Атирау университетининг халқаро ҳамкорлик ва халқаролаштириш бўлими бошлиғи, профессор Қ.Аширханова, Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳинд маданияти маркази (ЛБСCИC) директори Ситеш Кумар жаноблари бошчилигидаги делегация аъзолари ва ҳиндистонлик хореограф, моҳир раққоса Никитахонимлар филиалга ташриф буюриб, Хоразм рақс санъатининг ўтмиши ва бугунги кундаги ижро услуби, талабаларнинг эришаётган ютуқлари билан яқиндан танишиб, келгусида халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Улар томонидан филиал талабаларига “Маҳорат дарслари” ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 январдаги 31-сон қарорига асосан Миллий рақс санъати соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, Хоразмнинг қадимий рақси — “Лазги”ни асраб-авайлаш, уни илмий ўрганиш, жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш мақсадида филиал таркибида “Лазги” ижрочилигини янада ривожлантириш бўлими ташкил этилган ва ушбу қарор билан бўлимнинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, “Лазги” ижрочилигини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар фаолиятини қўллаб-қувватлаш; фан-таълим ва ижрочиликнинг интеграциялашувини таъминлаш; “Лазги” ижро йўли намуналари “Олтин фонди”ни яратиш; анъанавий “Лазги” ижро йўлини асраб-авайлаш, уни замонавий ижро услублари намуналари билан янада такомиллаштириш, рақснинг ижтимоий-тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини олимлар ва ижрочи мутахассислар иштирокида чуқур ўрганиш; “Лазги” ижро йўлини кенг тарғиб қилиш бў­йича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш; “Лазги” ижро намуналарини оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет ахборот тармоғи орқали чет элларда кенг тарғиб қилишдан иборат. Бугунги кунда бўлим томонидан қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 100 га яқин илмий мақола ва тезислар чоп этилди, “Лазги” ижро йўли намуналари “Олтин фонди” яратилди, “Лазги” рақсининг тарихи, ривожланиш жараёни ҳамда ижрочи раққос ва раққосаларнинг ижодий фаолиятини ёритишга қаратилган 200 дан ортиқ экспонатлардан иборат Хоразм “Лазги” рақс санъати музейи ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиалида 2024 йил 5 март куни “Лазги рақсининг шаклланиш тарихи ва тенденцияси” мавзусида респуб­лика миқёсидаги илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда рақс санъати соҳасидаги муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди. Хусусан, рақс санъатининг инсон саломатлигидаги ўрни ва аҳамияти, рақс санъатининг тарих, фалсафа, адабиёт ва педагогика фанлари билан узвий боғлиқлиги, ёшларимизни жисмонан соғлом қилиб тарбиялашда нақадар аҳамияти катта эканлиги ҳақида кўплаб маълумотлар берилди. Илмий анжуман доирасида китоблар кўргазмаси ва конференция илмий тўпламининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Жорий йилнинг 27-30 апрель кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтган II Халқаро “Лазги” фес­тивали доирасида ташкил қилинган “Хоразм “Лазги” рақси: маданий дипломатияни ривожлантиришнинг илмий-назарий, маънавий-маърифий тамойиллари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда филиал профессор-ўқитувчилари ва талабалари ўзларининг илмий мақола ва бадиий чиқишлари билан фаол иштирок этиб, Маданият вазирлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Академия профессор-ўқитувчилари томонидан 2023-2024 ўқув йили давомида 1 та ўқув қўлланма, 40 та илмий мақола эълон қилинди. Шулардан халқаро журналларда 14 та, юқори “Impact factor” (“Web of Science”, “Scopus”) журналларида 3 та мақоланинг чоп этилиши илмий салоҳиятнинг кучайиши учун муҳим аҳамият касб этди.

Филиал хорижий олий таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича бугунги кунда Қозоғистон миллий хореография академияси, Хитой Халқ Респуб­ликасининг Шенян педагогика университети билан халқаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Ҳозирда Қозоғистон миллий хорео­графия академиясига академик мобиллик бўйича талабалар ва профессор ўқитувчилар алмашинуви йўлга қўйилди ва 3-босқич талабаси Расул Шамуротов академик мобиллик дастури бўйича Қозоғистон миллий хореография академиясида таҳсил олмоқда.

Юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб келаётган филиалимиз талабалари келажакда миллий рақс санъати ривожига ўз ҳиссаларини қўшишига, ўзбек санъатини янги ижодий ютуқлар, илмий тадқиқотлар билан бойитишига ишонамиз.

Атабек САПАРБОЕВ,

Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиали директорининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 12 =