Таълим сифатига масъулмиз

Бугун замонавий ҳаётни илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиш қийин. Ҳозир қай бир соҳани олманг, унинг юксалиши учун, энг аввало, таълим тизими ривожланган бўлиши керак. Зеро, инсон капиталига, унинг иқтидорига эътибор қаратмай туриб, натижага эришиб бўлмайди. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ёшларнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Ўтказилаётган ислоҳотлар доирасида вилоятимиз таълим тизимини яхшилаш юзасидан бир қатор ижобий ишлар амалга ошириляпти. Биргина мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ўқитувчиларимиз ҳамда болажонларга зарур шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида 2023 йилда тегишли дастурлар асосида 12 та умумтаълим мактабида реконструкция ишлари бажарилиб, янгидан 3 минг 344 нафар ўқувчи ўрни яратилди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус доирасида маҳаллий ҳокимликлар томонидан 20 млрд сўм йўналтирилиб, 2023-2024 ўқув йилида вилоятимизда иккита тил ва битта касбга ўргатиш тизимини жорий этиш бўйича 51 та мактаб мебель жиҳозлари ва касбга ўргатиш асбоб-анжомлари билан тўлиқ таъминланди.

Бугунги кунда умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган педагог ходимларнинг 1544 нафари 8-10 млн сўмгача, 215 нафари 10-12 млн сўмгача ойлик маоши олиб келмоқда. 2023-2024 ўқув йили якунига кўра ҳамда ҳар йили анъанавий тарзда нишонланадиган 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан вилоятимизда иш олиб бораётган, фаолияти давомида юқори натижаларга эришган 4 нафар халқ таълими ходими мамлакатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. Жумладан, Ҳазорасп туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Озод Отажонов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони, Қўшкўпир туманидаги 5-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг немис тили фани муаллимаси Феруза Оллаберганова “Дўстлик” ордени, Урганч туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси Зулайҳо Раҳимова II даражали “Соғлом авлод учун” ордени, Хива шаҳридаги 121-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг она тили ва адабиёт фани муаллими Неъматжон Қиличев “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Шунингдек, 13 нафар педагог Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тармоқ мукофоти — “Халқ таълими фидойиси”, 41 нафар ҳамкасбимиз “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонларига сазовор бўлди.

Бундан ташқари, 35 нафар фидойи ўқитувчилар вилоят ҳокимининг, 785 нафар ҳамкасбимиз шаҳар ва туман ҳокимларининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Қолаверса, вилоят миқёсида ўтказилган турли тантанали тадбирларда 250 нафар, туман ва шаҳарлар миқёсида уюштирилган тадбирларда 5425 нафар илғор ўқитувчига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди, қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.

Вилоятда якунланган ўқув йилида олий тоифали ўқитувчилар улуши 17,6 фоизга (2022 йилга нисбатан 8,1 фоизга ўсган), биринчи тоифали педагоглар ҳиссаси эса 27,4 фоизга (2022 йилга нисбатан 6,2 фоизга ўсган) етказилди. 5546 нафар хорижий тиллар ўқитувчиларининг 2235 нафари тил билиш сертификатини қўлга киритди. Шундан 1609 нафарида (29 фоиз) С1 сертификати мавжуд. 2023-2024 ўқув йилида вилоятдаги 92 та мактабнинг компьютер синфлари замонавий ахборот коммуникацион технологиялари билан таъминланди.

Шунингдек, ички ҳожатхоналарни қуриш бўйича 403 та мактабга 20 млрд 300 млн сўм маблағ ажратилди, бунинг ҳисобига ушбу мактаблар ички ҳожатхоналарга эга бўлиб, санитария ҳолатлари яхшиланди.

Соҳа вакили сифатида мен шу нарсадан мамнунманки, вилоятимизда шароити айтарли даражада бўлмаса-да, атрофидагиларга ибрат кўрсатаётган мактаблар бор. Жумладан, Урганч шаҳридаги 5-умумий ўрта таълим мактабида ўқиш-ўқитиш янги замонавий талаблар асосида олиб борилмоқда. Бу ерда таълимни сифатли амалга ошириш учун қатъий мақсад қўйилган: “Таълим сифатини кўтариш учун бутун мактаб жамоаси, ота-оналар масъул”. Мактабда яна бир тажриба борки, ходимлар билан ишлашда уларнинг индивидуал хусусиятлари ҳисобга олинади, булар:

— ходимларнинг характер хусусиятлари;

— ходимларнинг билим салоҳияти юқорилиги;

— дарс бериш методикасининг юқорилиги ёки етишмаслиги.

Ўқитувчилар билан уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, мунтазам равишда семинар-тренинглар ўтказилади. Семинар-тренинг­лар методбирлашма раҳбарлари, директор ўринбосарлари ва директор томонидан ташкил қилинади. Семинарларда ўрганилган методлар ва таълим технологиялари дарсларда қўлланилади. Шу методларнинг энг самарали деб топилганлари методбирлашма ва педагогик кенгашга қўйилади. Бундай семинарлар ўқув йилининг ҳар ойида ўтказилади.

Мактабда ўқитувчилар гуруҳлари мавжуд: дарс кузатувчи ва таҳлил қилувчи гуруҳлар, семинар-тренингларни ташкил қилувчи гуруҳлар. Амалга оширилган ишлар, яъни ўтказилган очиқ дарслар, семинар-тренинглар, ўқувчиларнинг билим самарадорлиги таҳлиллари ота-оналар йиғилишларида, ота-оналар билан ўтказиладиган семинар-тренинглар ва ота-оналар кунларида уларга етказилади. Эътиборга молик жиҳати шундаки, билим даргоҳида қатор таълим хизматлари ташкил қилинган. Улар: медиа-клуб, суратчилар гуруҳи, инглиз тили клуби, мактаб ва оила ҳаёти тўғрисида билим олувчи гуруҳлар, “Заковат” клуби, ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот, рақамли қурилмалар билан ишлаш гуруҳи, ўқувчиларни рағбатлантирувчи тренинглар, маслаҳат гуруҳи, мактаб лидерлари, энг яхши синф, энг яхши дарс, мактаб қаҳрамонлари.

Мактабда ўқувчиларнинг бошланғич синфлардан бошлаб математик ёзма ва оғзаки саводхонлигини ошириш учун алоҳида дас­тур бўйича ишчи гуруҳи иш олиб боради. Бунинг натижасида ўқувчиларнинг саводхонлиги жуда юқори, ўқитувчиларни методикага ўқитиш эса нафақат мактабда, балки шаҳар миқёсида ҳам ташкил қилинади. 2024 йилнинг ўзида қу­йидаги мавзуларда 6 та катта семинар уюштирилган: инновацион метод — сифатли дарс, кафолатланган келажак, таълимнинг янги технологияларини дарсларда қўллаш ва унинг самарали усуллари, мезонларга асосланган янги баҳолаш тизими, таълим сифатининг ошишида ота-онанинг роли, ўқувчи-ёшларда миллий ўзликни англаш, миллий қадрият ва анъаналар ҳамда умуминсоний қадриятларга нисбатан чуқур ҳурмат ва эҳтиромда бўлиш туйғуларини ривожлантириш, ўқувчилар саводхонлигини шакллантириш бўйича илғор миллий ва халқаро тажрибаларни ўрганиш.

Юқоридаги илғор иш услубларини фаолиятига кенг татбиқ этиб келаётган илм маскани бир қатор ютуқларга эришмоқда. Жумладан, “Аъло мактаб”, “Обод мактаб” танловларида ушбу таълим даргоҳи республикада биринчи ўринни эгаллаган, II даражали “Замонавий мактаб” сертификатини қўлга киритган. “Устоз” миллий мукофоти танловининг финал босқичида мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нилуфар Олимова “Матонатли устоз” номинацияси бўйича ғолиб бўлиб, 30 миллион сўм пул ва Дубай шаҳрида бўлиб ўтган “Global Teacher Prize” танловида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу йил Туркияда ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этиб келди.

Мактабнинг 75 нафар ўқитувчиси олий ва биринчи тоифали педагоглар ҳисобланади. 12 нафар ўқитувчи халқаро ва миллий сертификатларга эга, 20 нафар педагог “Халқ таълими аълочиси”, 2 нафари “Халқ таълими фидо­йиси” кўкрак нишонларига, 1 нафар касбдошимиз давлат мукофотига сазовор бўлган.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 сентябрдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 майдаги “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2024 йил 2 февралдаги “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2024 йил 26 мартдаги “Умумий ўрта таълим муассасалари юқори синф ўқувчиларининг қизиқиши ва қобилиятига кўра фанларни чуқурлаштириб ўқитиш ҳамда замонавий касбларни ўргатиш тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида 2024-2025 ўқув йилида вилоятимизда 55 та умумтаълим мактабларида танлов синф­лари ташкил этилиши режалаштирилди. Бундан кўзланган мақсад ўқувчиларнинг индивидуал хоҳиш-истаклари, қобилиятларини инобатга олган ҳолда ўқув жараёнини ташкил этиш, фарзандларимизни олий ўқув юртларига йўналтириш, касб-ҳунар ўрганишларига кенг имкониятлар яратиш ҳамда мактаб давриданоқ хорижий тилларга бўлган қизиқишини оширишдан иборат.

Танлов фанлари ўқувчиларнинг қизиқиши ва қобилияти ҳамда мактабдаги юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олинган ҳолда математика-физика, кимё-­биология, она тили ва адабиёт — чет тили, математика — чет тили йўналиш­лари бўйича 10-синф ўқувчилари ўртасида сўровнома ўтказиш орқали аниқланади. Юқоридаги талаблардан келиб чиқиб, вилоятимиздаги танлов фанлари жорий этиладиган 55 та умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан олинган сўровнома натижаларига кўра она тили ва адабиёт — чет тили йўналиши 13 та синфда, математика — чет тили йўналиши 33 та синф­­да, математика-физика йўналиши 6 та синф­­да, кимё-биология йўналиши 7 та синфда ташкил қилиниши белгиланди.

2023-2024 ўқув йилида вилоятимиз мактаб ўқувчилари халқаро ва республика фан олимпиадаларида юксак натижаларни қўлга киритди. Жумладан, Таиланднинг Банкок шаҳрида ўтказилган 20-халқаро ёшлар табиий фанлар олимпиадасида Қўшкўпир туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси Азизбек Эркинов бронза медали билан тақдирланди. Боғот туманидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Мақсадбек Эгамбердиев Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган 20-халқаро Жаутиков олимпиадасида бронза, Туркманистон Республикасининг Аркадағ шаҳрида буюк шоир Махтумқули таваллудининг 300 йиллигига бағишлаб уюштирилган халқаро математика олимпиадасида эса олтин медалга сазовор бўлди. Ҳазорасп туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 9-синф ўқувчиси Дилшод Ражабов жорий йилнинг 3-10 июнь кунлари Малайзияда ўтказилган 24-Осиё физика олимпиадаси (АПҳО) да муносиб иштирок этиб, жорий йилнинг 21-29 июль кунлари Эронда бўлиб ўтадиган нуфузли 54-халқаро физика олимпиадаси (ИПҳО)нинг Ўзбекистон терма жамоаси таркибига кирди.

Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 26-31 май кунлари ўтказилган Ал-Хоразмий халқаро олимпиадасида Урганч шаҳридаги 3-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Сулаймон Матназаров бронза медалини қўлга киритди. Жорий йилнинг 9-14 июнь кунлари Бухоро шаҳрида Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилаётган Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадасида Урганч туманидаги 27-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Асалхон Шарипова бронза медалига сазовор бўлди.

Умумий ўрта таълим ташкилотларининг 5-8-синф иқтидорли ўқувчилари захирасини шакл­лантириш мақсадида ўтказилган информатика олимпиадасининг республика босқичида 12 нафар ўқувчимиз Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилинди. Булар Хива шаҳар, Қўшкўпир, Янгибозор, Янгиариқ туманларидаги ихтисослаштирилган мактаблар, Урганч шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернати, Қўшкўпир туманидаги 12-мактаб ўқувчиларидир. Асосий олимпиаданинг республика босқичида география фанидан Янгибозор туманидаги 30-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Барчиной Эргашева 1-ўринни, Ал-Хоразмий номидаги табиий фанлар (Scienсe) олимпиадасининг республика босқичида Урганч туманидаги 45-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати 7-синф ўқувчиси Муслима Назарова 3-ўринни эгаллади.

Маълумки, фарзандларимизнинг билимли, юксак ахлоқли бўлиб вояга етиши уларнинг мактабгача таълим ташкилотларида эгаллаган кўникмаларига боғлиқ. Бошқармамизнинг мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида кўламдор ишлар амалга оширилди. Чунончи, бугунги кунда вилоятимизда 2054 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Шундан 366 таси давлат мактабгача таълим ташкилоти, 98 таси давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти, 6 та хусусий мактабгача таълим ташкилотлари, 1584 таси оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотидир. Ушбу мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган 3-7 ёшдаги болалар сони 157 188 нафар бўлиб, уларнинг 77528 нафари (49,3 фоиз) давлат, 294 нафари (0,2 фоиз) хусусий, 10 981 нафари (8,6 фоиз) давлат-хусусий шериклик асосидаги, 39604 нафари (30,8 фоиз) оилавий мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланади.

2024 йилнинг 1-чорагида 4 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 79 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил қилиниши ҳисобига янгидан мактабгача таълим ташкилотларига 3407 нафар боланинг қамраб олинишига эришилди. Давлат мактабгача таълим ташкилотларидан ташқари барча турдаги мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар ўрнини ошириш бўйича Гурлан, Қўшкўпир, Шовот, Янгибозор туманлари пешқадам бўляпти.

Мактабгача таълим ташкилоти директор ва педагоглари ўртасида интеллектуал рақобат муҳитини вужудга келтириш ва “Интеллектуал олимпиада”га тайёргарликни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат мактабгача таълим ташкилотлари жамоалари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни, 8 Март — Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб вилоятдаги барча мактабгача таълим ташкилотларида байрам дастурлари ўтказилди. Туман ва шаҳар кесимларида “Зумрадойлар давраси”, “Энг обод таълим ташкилоти”, “Мен севган эртак қаҳрамони”, “Эртакчи болажон” мавзуларида кўрик-танловлар, расмлар танловлари ташкил қилинди. Мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болажонлар ўртасида “Жажжи ошпаз” танлови ташкиллаштирилди. Болажонлар “Энг ширин қўллар”, “Энг моҳир ошпаз”, “Энг чаққон ошпаз”, “Энг моҳир пазанда”, “Энг аҳил жамоа”, “Энг яхши дизайн” номинациялари бўйича баҳоланди.

Таълим ташкилотларидаги жиҳозлардан самарали фойдаланиш ва уларнинг сифатли сақланиши, болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш гуруҳларини ташкил қилиш, таълим-тарбия жараёнига замонавий ўқув дастурлари ҳамда инновацияларни, илғор педагогик ва ахборот технология­ларини жорий этиш, туманларда 2023-2024 ўқув йилида ташкил қилинган қисқа муддатли гуруҳлар фаолиятини ривожлантириш, мактабгача таълим ташкилотларининг “Илк қадам” давлат ўқув дастури, илк ва мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланишига қўйиладиган давлат талабларини таълим-тарбия жараёнига татбиқ этиш, мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишда таълим ташкилотлари раҳбарларининг масъулиятини кучайтиришга қаратилган ўқув-семинарлар мунтазам ўтказилди.

25-30 июнь кунлари мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ўртасида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичлари юқори савия­­да ўтказилди. 1-босқичда жами 1074 нафар иштирокчи қатнашиб, шундан 518 нафари 2 ва 3-турда қатнашиш имкониятини қўлга киритди. Вилоят босқичига жами 72 нафар қатнашчи йўлланмага эга бўлди. Иштирокчилар “Энг яхши методист”, “Йилнинг энг фидокор тарбиячиси”, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи”, “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи”, “Энг яхши экотарғиботчи тарбиячи”, “Янги Ўзбекистонда янги авлод болаларини маънавий камолотга етакловчи энг яхши тарбиячи” номинациялари бўйича беллашди.

Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган “Шахмат фестивали” мусобақасининг республика босқичида Урганч шаҳридаги мактабгача таълим ташкилоти 30-тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиси Султонҳусайн Бобожонов фахрли биринчи ўринни эгаллади. Мусобақанинг ҳудудий босқичида ғолиб бўлган мактабгача таълим ташкилотларининг 14 нафар ўғил ва 14 нафар қиз тарбияланувчилари ўзаро беллашди.

Ўқувчи-ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, ёш иқтидорли ўқувчи ва тарбияланувчиларнинг экологик онги, маданияти ва билимини ошириш ҳамда инсон ҳаёти ва фаолияти учун қулай экологик вазиятни вужудга келтириш, экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик таҳдидларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, аҳоли ўртасида экологик-ҳуқуқий таълим-тарбияни замонавий халқаро андозалар талаби асосида олиб боришни таъминлаш масалалари бўйича билим бериш мақсадида вилоятимиздаги мактабларда экосинфлар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, таълим муассасаларида Жалолиддин Мангуберди ва Амир Темур хоналари ташкил этилди. Мазкур синф хоналарини ташкил қилиш орқали ўқувчиларга миллатимиз фахри, жасур саркарда, миллий қаҳрамон Жалолиддин Мангуберди ва Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ҳақида маълумот бериш, уларнинг тарихимиздаги ўчмас жасорати ёш авлод учун ўзига хос намуна эканлиги, ҳаёт йўли ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга садоқатли, жасоратли, матонатли, иродали қилиб тарбиялашда, инсонларни комилликка етаклаш, мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашда маънавий қалқон вазифасини ўташи ҳисобланади.

Жорий йилда янгича тизим орқали ўтказилган педагог кадрлар аттестацияси жараёнларида Хоразм вилоятидан 14 минг 460 нафар касбдошимиз иштирок этди. Ўқитувчиларнинг ўртача баллари бўйича вилоятимиз республикада иккинчи ўринни банд этди. Шунингдек, олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларнинг улуши бўйича ҳам Хоразм вилояти Респуб­ликада етакчилик қилмоқда. Бундан ташқари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тизимидаги янгича баҳолаш тизимига ўтган 29 та мактаб ўқувчиларидан олинган назорат иши натижаларига кўра Хоразм вилояти республикада биринчи ўринни қайд этмоқда. Шунингдек, “Coursera” платформаси курсларида таълим олаётганлардан 114 339 нафарининг “Coursera” сертификатини қўлга киритгани мамлакат бўйича энг юқори кўрсаткичдир.

Ҳамро БЕКТЕМИРОВ,

Хоразм вилояти Мактабгача

ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + 19 =